Корея яриморолидаги таранглик, етти миллиондан ошган касаллар, Жорж Флойд атрофидаги воқеалар фонида ўтган июнь ойининг навбатдаги ҳафтаси ҳам ниҳоясига етди. «Дарё» дунёда юз берган муҳим воқеалар таҳлилини диққатингизга ҳавола этади.
Коронахабарлар
2019 йилнинг декабрь ойида Хитойнинг Ухань шаҳрида бошланган ва фақатгина Хитойга тегишли деб ўйланган касаллик билан бугун дунёда етти миллиондан ортиқ киши касалланди. Бу ҳақида 8 июнь Жонс Ҳопкинс университети тадқиқотларида маълум қилинган.Касаллик кенг тарқалган ҳудудлар сифатида бугун Америка қитъаси етакчилик қилмоқда. Шимол, хусусан, АҚШ касалланган (2 миллиондан ошиқ) ва вафот этганлар бўйича (117 мингга яқин) етакчилик қилаётган бўлса, ҳафта охирига келиб, Бразилия мамлакатда ўлим ҳолати юқори бўлган иккинчи дунё мамлакатига айланди. 13 июнь ҳолатига кўра, мамлакатда 41 901 киши COVID-19 коронавирус инфекцияси қурбонига айланган. Сўнгги маълумотларга кўра, Бразилияда коронавирусга чалинганлар сони 830 минг кишидан ошган.
Касалликнинг иккинчи ўчоғи бўлган Европанинг баъзи давлатлари ўз чегараларини хорижликлар учун очишга тайёргарлик кўрмоқда. Европа комиссияси Шенген мамлакатлари ички чегараларида 15 июндан бошлаб чекловларни олиб ташлаш мумкин деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Европа комиссиясининг ички ишлар бўйича аъзоси Илва Йоханссон маълум қилди.
Йоханссон Брюсселда 11 июнь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида «Биз бу мамлакатларга ички чегараларда душанба кунидан бошлаб чекловларни олиб ташлашни таклиф қиламиз», деган. Унинг қайд этишича, ташқи чегаралардаги вазият ҳам муҳокама қилинган ва Европа комиссияси Иттифоқнинг ташқи чегаралари орқали мажбурий бўлмаган сафарларга 15 июнгача қўйилган тақиқни яна икки ҳафтага — 30 июнгача узайтириш ҳақидаги фикрга келган.
«Бу чекловларни ҳозирча бирданига олиб ташлаб бўлмайди. Буни босқичма-босқич амалга оширамиз», — деди Йоханссон. Франция ҳам Европа Иттифоқи мамлакатлари ва бошқа бир қатор Европа мамлакатларидан келувчи туристлар учун чегараларни очади. Бу ҳақда Франция ТИВ ва ИИВ идораларининг қўшма баёнотига таяниб, «Korrespondent.net» хабар берди. «Франция Европа комиссиясининг тавсияларига мувофиқ 15 июнь соат 00:00 дан бошлаб мамлакат ичидаги чегараларга қўйилган барча чекловларни бекор қилади», — дейилади ҳужжатда.
Маълум қилинишича, 15 июндан бошлаб Европа Иттифоқига аъзо давлатлар, Андорра, Исландия, Монако, Норвегия, Лихтенштейн, Швейцария, Ватикан, Сен Мартен, Сан-Марино аҳолиси Францияга ҳеч қандай чекловсиз кира олади. «Ушбу давлатлар аҳолисидан коронавирус йўқлиги тўғрисида ҳеч қандай сертификат сўралмайди, шунингдек, 14 кунлик карантинга юборилмайди», — дейилади хабарда. Шу билан бирга, Францияга ташриф буюрувчи Испания ва Буюк Британия аҳолисига нисбатан чекловлар сақланиб қолинади.
Европада пандемия даврида карантин тартиблари киритилмаган Швеция ва Беларусда вазият ёмонлашгани хабар қилинди. Швеция бош эпидемиологи Андерс Тегнелл 3 июнь куни карантиндан воз кечилгани сабабли мамлакатда жуда кўп одам вафот этганини тан олди. У мамлакат ўз сиёсатини қайта кўриб чиқиши ва кескинроқ карантин чораларини кўриши кераклигини маълум қилган. «Агар биз ҳозир эга бўлган билимимиз билан мазкур касалликка дуч келганимизда, Швеция танлаган ва қолган бутун дунё танлаган усуллар ўртасидаги мақбулини танлаган бўлардик», — деганди Тегнелл.
Сўнгги маълумотларга кўра, Швецияда COVID-19 касаллигига чалинганлар сони 45 924 кишини ташкил қилмоқда, улардан 4717 нафари касаллик оқибатида вафот этган. Пандемияга қарши курашда Швециянинг стратегиясига ўхшаш стратегия Беларусь ҳукумати томонидан ҳам қўлланилди. Мамлакат кескин карантин чораларини жорий этмади. 6 июнь куни Александр Лукашенко бу қарорни ижобий баҳолади. Шу билан бирга, 25 май куни Беларусь президенти мамлакатда касалликнинг иккинчи тўлқини юз бериши мумкинлигини айтган. Беларусь Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 8 июнь ҳолатига кўра, мамлакатда 49 453 нафар фуқаро коронавирусга чалинган, 276 киши касаллик қурбонига айланган.
Бугунга келиб сиёсий инқироз ёқасида турган қўшни Афғонистонда ҳам касаллик жиддий тус олиб бормоқда. Афғонистонда 14 июнь ҳолатига кўра, яна 656 кишида коронавирус аниқланди, деб хабар беради Tolo News. Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, Афғонистонда коронавирусга чалинганлар сони 24 101 кишини ташкил этмоқда. Ўтган бир сутка давомида пойтахт Кобул шаҳрининг ўзида 253 кишида коронавирус аниқланган. Бутун мамлакат бўйлаб коронавирус оқибатида вафот этганларнинг жами сони 451 кишига етди, ҳозирга қадар 4201 бемор даволанишга муваффақ бўлди. Таъкидланишича, бугунги кунгача коронавирусга қарши 54,7 мингдан ортиқ тест ўтказилган.
Марказий Осиёнинг қолган давлатлари орасида Қозоғистон Афғонистондан кейинги ўринда бормоқда. Бутун мамлакат бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони 14 496 кишига етган. Ҳозирга қадар 9056 киши соғайган, 73 киши вирус қурбонига айланган. Шунингдек, 4402 киши коронавирусни белгисиз ташувчи сифатида қайд этилган.
Умуман олганда, минтақа давлатларининг бошқа ҳудудларида вазиятни барқарор деб баҳолаш мумкин. Жумладан, касаллик тезлик билан ривожланган Тожикистонда касалликка чалинганларнинг аксарияти даволаниб бўлган. Тожикистонда коронавирус билан касалланганлар сони 4 971 кишига етди, деб хабар беради «РИА Новости». Ўтган бир сутка давомида яна 69 кишида коронавирус аниқланган. Мамлакатда ўтган бир сутка ичида 96 кишига шифохонадан жавоб берилган бўлиб, ҳозирда Тожикистондаги тиббиёт муассасаларида 661 киши даволанмоқда. Мамлакатда ҳозирга қадар 49 киши COVID-19 қурбонига айланган, 3 288 бемор даволанишга муваффақ бўлган.
Аммо Туркманистонда вазият ҳамон номаълум. Мамлакатда касаллик расман қайд этилмаган. Лекин ўтган ҳафтада Туркманистонда хавфли ўткир пневмония касаллиги кенг тарқалаётгани хабар қилинган. Хусусан, Ашхободдаги юқумли касалликлар шифохонаси ўткир пневмонияга чалинган беморлар билан тўлиб кетган. Расмийлар эса мамлакатда коронавирус йўқлигини таъкидлашда давом этмоқда. Юқумли касалликларнинг олдини олиш ва даволаш маркази ходимининг маълум қилишича, касаллик тарқалиши жиддий тус олмоқда, баъзи беморлар ўта оғир аҳволда касалхонага олиб келинмоқда, ўлим ҳолатлари ҳам мавжуд.
Қайта музлаган Шимол-Жануб алоқалари
Қарийб икки йиллик илиқ алоқалардан сўнг, Шимолий ва Жанубий Корея ўртасидаги алоқалар совуқлашиб қолди. Гап шундаки, 8 июнь куни КХДР Кэсон шаҳридаги Кореялараро алоқа офисига Жанубий Корея вакиллари томонидан амалга оширилган телефон қўнғироқларига жавоб қайтармади. Бу ҳақда Сеулнинг расмий вакили 8 июнь куни бўлиб ўтган брифинг вақтида маълум қилди, деб хабар беради Bloomberg.«Бугун эрталаб Шимолий Кореяга қўнғироқ қилишга уриндик, бироқ қўнғироқларимиз жавобсиз қолди. Бунақаси биринчи марта содир бўлмоқда», — дейди бирлашган вазирлик амалдори. Унинг сўзларига кўра, аввал томонлар алоқани текшириш ва мавжуд масалаларни ҳал этиш мақсадида ҳар куни қўнғироқлашиб турган.
Алоқаларнинг совиб кетишига эса Жанубий Корея томонидан тарқатилган ташвиқот варақалари сабаб бўлган. Бунга жавобан КХДР алоқа офисини ёпиш билан таҳдид қилган. Шундан сўнг Жанубий Корея бирлашган вазирлиги маҳаллий жамоат ташкилотларига Шимолий Кореяга бу каби варақаларни юборишни тўхтатишни буюриб, ушбу ҳаракатлар қонун доирасида тақиқланишига ваъда берган.
Бу вақтда икки давлат ўртасидаги алоқа линиялари нормал режимда ишлаётган эди. КХДР ҳукумати 9 июнь Тошкент вақти билан соат 09:00 дан бошлаб Жанубий Корея билан мавжуд барча алоқа каналларини тўхтатганини маълум қилди. Бу ҳақда Корея марказий телеграф агентлигига таяниб, Yonhap хабар берди. «Бу Жанубий Корея билан мавжуд барча алоқаларни тўлиқ йўқ қилиш ва бошқа кераксиз ҳаракатларни тўхтатиш тўғрисидаги қарорлар рўйхатида биринчи қадам бўлади», — дейилади КХДР баёнотида. Шундай қилиб, икки ёртининг бир бутун бўлиши истиқболи мавҳумлигича қолмоқда.
Шунингдек, Шимолий Корея ҳукумати АҚШ билан муносабатлар «умидсизлик нуқтасига етди», дея ҳисоблайди. Шимолий Корея ташқи ишлар вазири Ли Сон Гвон КХДР ва АҚШ муносабатлари икки мамлакат ўртасидаги тарихда биринчи марта бўлиб ўтган саммитдан роппа-роса икки йил ўтиб, «умидсизлик нуқтаси»га етганини маълум қилди. КХДР ташқи ишлар вазирининг қайд этишича, КХДР етакчиси Ким Чен Ин ва АҚШ президенти Дональд Трампнинг учрашувидан кейин 732 кун ўтди, энди эса бутун дунё нимага гувоҳ бўлгани ва бундан қандай дарс олганини англаш зарур. «Асосийси, икки йил аввал дунё жамоатчилиги диққат марказида турган Шимолий Корея ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар яхшиланишига бўлган умид энди умидсизлик билан алмашгани бўлди», — деди вазир.
Вазирнинг таъкидлашича, бу умидсизлик шу даражага етдики, «ҳатто Корея яриморолидаги тинчлик ва фаровонликка бўлган умид ва оптимизмнинг ингичка нури ҳам сўнди». Ли Сон Гвоннинг қайд этишича, икки мамлакат халқларининг дунёдаги энг муросасиз муносабатларга чек қўйишга ҳамда тинчлик ва фаровонлик эрасини очишга интилиши «ҳар қачонгидан кўра буюкроқдир».
Унинг фикрича, Корея яриморолидаги вазият кун сайин ёмонлашмоқда, КХДР эса ҳали ҳам Вашингтоннинг огоҳлантирувчи ядро зарбаси нишонлари рўйхатида турибди. «АҚШ эгалик қиладиган ядро қуролларининг ҳар қандай тури бевосита КХДРга қаратилган», — деб ҳисоблайди вазир.
Black Lives Matter
АҚШнинг Миннеаполис шаҳрида 25 май куни маҳаллий полиция вакили томонидан қора танли Жорж Флойд қўлга олиш чоғида бўйнидан бўғиб ўлдирилган эди. Унинг ортидан мамлакатда кенг кўламдаги норозилик намойишлари, тартибсизликлар юз берди. Бунинг ортидан полиция ходими жавобгарликка тортиш ҳақида қарор қабул қилинди. 8 июнга келиб эса АҚШнинг Миннеаполис шаҳри кенгаши афроамерикалик Жорж Флойдни қўлга олиш чоғида унинг ўлимига сабаб бўлган полиция департаментини тарқатиб юбориш учун овоз берди.10 июнь куни Жорж Флойднинг дафн маросими бўлиб ўтди. Флойднинг жасади у туғилган шаҳарга (Хьюстон, Техас) олиб келинди. Видолашув The Fountain of Praise черковида ўтказилди, бу ерда Баптист руҳонийси ва қора танлилар ҳуқуқлари ҳимоячиси кичик Альфред Чарльз Шарптон нутқ сўзлади. АҚШ собиқ вице-президенти ва Дональд Трампнинг сайловлардаги асосий рақиби демократ Жо Байден ҳам маросим учун видеомурожаат ёзди.
Видолашувдан кейин тобут Houston Memorial Gardens қабристонига полиция машиналари ҳамроҳлигида элтиб қўйилди. Қабристонгача бир миля масофа қолганида тобут махсус от аравага ўтказилди. Флойд онаси ёнига дафн қилинди.
Изоҳ (0)