Ички ишлар вазирининг «Йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига доир маъмурий ишларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги буйруғи лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
Қайд этилишича, тезкор ва махсус хизматларнинг транспорт воситалари, шунингдек, улар кузатиб келаётган транспорт воситалари томонидан йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ имтиёздан фойдаланган ҳолда содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар махсус фото ва видео қайд этишнинг автоматлаштирилган техник воситалари орқали қайд этилган тақдирда ҳамда кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажарганликни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилганда ҳайдовчиларнинг маъмурий қоидабузарлиги охирги зарурат ҳолатларида содир этилган деб топилади ва маъмурий иш кодекснинг 271-моддасига мувофиқ тугатилади.
Ҳуқуқбузар унга жарима солиш тўғрисидаги қарор топширилган кундан бошлаб ўн беш кун ичида жарима миқдорининг етмиш фоизини ихтиёрий равишда тўлаган тақдирда у жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод қилинади, қуйидаги ҳоллар бундан мустасно:
- маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун суд томонидан жарима солинганда;
- жарима солиш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилинганда ёки протест билдирилганда;
- худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилганда.