Ўзбекистонда 5 июнь соат 23:00 дан 6 июнь соат 23:00 гача коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 87 та ҳолат қайд этилди.
Янги касалланиш ҳолатлари
Коронавирус инфекцияси тасдиқланган 87 нафар беморнинг
- 62 нафари карантин муассасаларидаги фуқаролар орасида;
- 20 нафари аҳоли орасида;
- 5 нафари халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиларида аниқланган.
Аҳоли орасидаги янги касалланиш ҳолатларининг 10 таси Тошкент шаҳрида қайд этилди. Ушбу ҳолатларнинг иккитаси Шайхонтоҳур тумани Қоратош кўчасида жойлашган Mediapark савдо мажмуасининг ходимларида аниқланди.
Бир кун аввал бир нафар ички ишлар ходимида коронавирус аниқланган Наманганда 6 июнь куни аҳоли орасида 6 та янги ҳолат қайд этилди.
26 май куни коронавирусдан холи ҳудудга айланган Хоразм вилоятида 6 июнь куни аҳоли орасида 3 та касалланиш ҳолати қайд этилиб, вилоятга коронавирус қайтди.
Хоразм каби коронавирусдан холи ҳудуд мақомини йўқотган Қашқадарё вилоятида кетма-кет иккинчи кун аҳоли орасида янги ҳолат қайд этилди. Вилоятда ишловчи қозоғистонлик фуқаро коронавирус юқтириб олгани маълум бўлди.
6 июнь куни коронавирус қайд этилган ҳудудлар:
- Тошкент шаҳри — 57 та ҳолат;
- Наманган — 6;
- Тошкент вилояти — 5;
- Навоий — 5;
- Сирдарё — 4;
- Хоразм — 3;
- Самарқанд — 3;
- Андижон — 3;
- Қашқадарё — 1.
6 июнь давомида Тошкент шаҳридаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасидан 21 нафар фуқаро соғайиб чиқди.
Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 4094 нафар бемордан 3268 нафари соғайди. Кун давомида янги касалланиш ҳолатлари соғайганлардан кўп бўлгани учун даволаниш кўрсаткичи бир кун олдинги 81 фоиздан 79 фоизга тушиб кетди.
Маълумот ўрнида, Жиззах, Сурхондарё ва Фарғона вилоятлари коронавирусдан холи ҳудуд бўлиб турибди. 2 кун давомида Қашқадарё ва Хоразм улар сафидан чиқиб кетди. Қорақалпоғистон (3 нафар бемор), Хоразм (3 нафар бемор), Андижон (4 нафар бемор) ва Қашқадарё (5 нафар бемор) коронавирусдан холи ҳудудга айланишга яқин турибди.
Сирдарё ва Тошкент вилоятларидаги беморлар эса Тошкент шаҳрида даволанмоқда. Энг кўп бемор ҳозир айнан Тошкент шаҳрида (586 киши) бўлиб, даволаниш кўрсаткичи 70 фоизни ташкил этмоқда.
Ўлим ҳолати ва аҳволи оғир беморлар
6 июнь куни Тошкент шаҳрида 70 ёшли эркак коронавирусдан вафот этди. Ш. исмли эркак 27 май куни йўл-транспорт ҳодисасига учраб, тез тиббий ёрдам машинасида бош мия ёпиқ жароҳати дастлабки ташхиси билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб келинган. Ўша пайтда тана ҳарорати юқори бўлган эркакда ўтказилган текширув натижасида унда коронавирус инфекцияси қайд этилган. Бемор аввалдан бош мия ўсмаси, юрак ишемик ва гипертония касаллиги, гепатит, пневмония, сурункали юрак, буйрак ва жигар етишмовчилиги ташхиси билан даволаниб келган. Сўнгги кунларда нафас етишмовчилигининг кучайиши натижасида аҳволи кескин ёмонлашган бемор сунъий нафас олдириш аппаратига олинган. 6 июнь куни бемор мия шиши, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган. У Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этган 17-бемор бўлди.
Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 809 нафар бемордан 10 нафари оғир, 3 нафари эса ўта оғир аҳволда. Бир сутка аввал аҳволи оғир беморлар 12 нафарни, аҳволи ўта оғир беморлар 1 нафарни ташкил этаётганди.
Карантиндагилар
Шу кунгача жами 438 602 нафар фуқаро карантинга олинган бўлиб, уларнинг 394 310 нафари карантиндан чиқарилган. Бир кун ичида карантинга олинганлар сони 5488 нафарга кўпайди.
Ҳозирда Ўзбекистонда уй карантинида 23 313 нафар, стационар карантинда эса 20 979 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди.