Монте-Карлода уч ой давом этган карантиндан сўнг, 5 июндан бошлаб дунёга машҳур казинолар қайта иш бошлади, деб хабар беради Monaco Tribune.
Таъкидлашича, Casino de Monte-Carlo соат 14:00 дан 02:00 га қадар, Casino Café de Paris эса соат 10:00 дан 02:00 га қадар ишлайди.
Ташриф буюрувчилар сони чегараланади ва улар ниқобда бўлиши керак. Казинога киришда ҳар бир фуқаронинг тана ҳарорати ўлчанади.
Казино ичи ижтимоий масофаланиш талаблари ҳисобга олинган ҳолда қайта жиҳозланган. Стол ва ўйин автоматлари қаршисига шаффоф пластик экранлар ўрнатилган, фишка ва жетонлар мунтазам дезинфекция қилинади.
Эндиликда «Инглиз рулеткаси»ни бир вақтнинг ўзида етти эмас, уч киши ўйнай олади.
Сўнгги маълумотларга кўра, Монакода коронавирус билан касалланганлар сони расман 99 кишини ташкил этмоқда, уларнинг 4 нафари вафот этган.