1940 йил 4 июнь куни «Динамо» деб номланган Дюнкерк эвакуацияси операцияси якунланди. У иттифоқчиларнинг Иккинчи жаҳон уруши ҳарбий театрининг француз кампанияси давридаги энг муҳим «ғалаба»ларидан бирига айланди. «Дарё» анъанавий тарих рукнида французлар мўъжиза деб атайдиган, Иккинчи жаҳон уруши ҳарбий театридаги ёрқин эпизодлардан бири бўлган воқелик ҳақида маълумот беради.
Амалиёт давомида 300 мингдан ортиқ Британия, Франция ва Бельгия ҳарбийлари денгиз орқали немислар томонидан қуршаб олинган Дюнкерк шаҳридан эвакуация қилинди. Кейинчалик немис генераллари Гудериан ва Манштейн уни Гитлернинг энг қўпол хатоси деб эслашади.
Блицкриг – янгича уруш
Франция ҳудудига амалга оширилган немис ҳужуми шу қадар тез ва кучли бўлиб чиқдики, қарши томон учун бу мутлақо кутилмаган эди. Инглиз экспедицион кучлари немислар таклиф қилган янги уруш турига тайёр эмас эди, шунинг учун катта куч ва муносиб техник жиҳозларга қарамай, улар мағлубият кетидан мағлубиятга учрай бошлади. Бу, албатта, охир оқибат фалокатга олиб келиши муқаррар эди – немислар Ла-Маншга силжишлари билан инглиз аскарлари орасида ваҳима кучайиб борди.
Инглизлар ортида жонажон Британия қирғоқлари жойлашган ушбу нажот бўғозига сузиб ўтишни бошлади. Чекиниш жуда тартибсиз эди: йўлларда қочқин оддий аҳоли ва қочаётган ҳарбий қўшинлар бир-бирига аралашиб кетган, йўл четига ташлаб кетилган транспорт воситалари қалашиб ётарди. Хизматни охиригача бажариш ҳақидаги тўғридан-тўғри буйруқларга қарамай офицерлар ҳам ўз бўлинмаларини ташлаб қочишарди. Ушбу хаосни тўхтатиб бўлмаслигини англаган Бош қўмондонлик, ҳеч бўлмаса уни бошқаришга ҳаракат қилиб, Британия қўшинлари ва уларнинг иттифоқчиларини жанговар зонадан эвакуация қилиш тўғрисидаги буйруқни берди.
Аввалига бу фақат ёрдамчи ходимларини қутқариш билан боғлиқ эди, аммо тез орада ҳамма эвакуация қилиниши кераклиги аниқ бўлди. Эвакуацияга тайёргарлик вице-адмирал Бертрам Рамсей раҳбарлиги остида 20 майдан бошланди. Довер қалъасининг генератор хонасидан туриб ушбу операция режасини тузган ва Черчилль билан муҳокама қилган Рамсей эвакуацияни «Динамо» деб номлади (генератор-динамо машинаси).
Гитлернинг катта хатосими ёки марҳамати?
Дюнкерк жангининг энг мавҳум сирларидан бири бу Гитлернинг ҳужумни тўхтатиш ҳақидаги буйруғи бўлиб қолмоқда. Шаҳарда ва унга туташ бўлган қумли пляжларда жуда кўп сонли иттифоқчи аскарлар қулфланиб қолишади. Денгизга тақаб қўйилган британ ва француз кучларига қарши ҳужумни тўхтатган немис қуруқлик кучлари жангдан тўхтаб, мудофаа чораларини кўра бошлайди. Баъзи тадқиқотчилар ҳатто Гитлер инглизларни шармандали мағлубиятга учрамасликларини хоҳлагани учун ҳам бу ҳужумни тўхтатган деб айтади. Бироқ, аслида, бундай бўлганини эҳтимоли жуда кичик. Гитлер душманга ачинмас эди, чунки эвакуациягача ҳам шаҳар атрофидаги аҳоли доимий равишда бомбардимон қилиб келинганди.
Биринчи куниёқ Дюнкерк порти оммавий рейдлар натижасида йўқ қилинди. Бомбаларнинг катта қисми шаҳарга тушди – баъзи маълумотларга кўра, тинч аҳоли орасида қурбонлар сони мингдан ортиқ эди ва бу ўша пайтда шаҳарда қолган барча аҳолининг учдан бир қисмини ташкил қиларди. Бомбалар сабаб шаҳарнинг сув таъминоти бузилди, бу эса ёнғинларни ўчиришга ҳам имкон бермади ва Дюнкерк деярли бутунлай ёниб кетди.
Немислар нима учун ҳужумни тўхтатиб қўйишгани ҳозиргача катта тортишувларга сабаб бўлади. Ўзим яқинда ўқиб чиққан британиялик журналист ва ёзувчи Уильям Ширернинг «Учинчи Рейхнинг парвози ва қулаши» деб номланган фундаментал ҳужжатли асарда муаллиф немис генерали Гальдер билан ёзишмалари асосида бу борада шундай хулосага келади: Гитлернинг қамалдаги иттифоқчи қўшинларга қарши танк ва пиёда ҳужумини тўхтатишига, Люфтваффе етакчиси Герман Герингнинг шуҳратпарастлиги сабаб бўлган, у айнан ҳаво қўшинлари ёрдамида қамалдаги қўшинларни йўқ қилмоқчи бўлган, аммо бунга улгура олмаган.
Немислар пляжларда тўпланган аскарларни бомбардимон қилиб, автоматлардан ўқ узган. Бунга қарши Британия авиацияси энг катта ёрдамни кўрсатди, улар биринчи кунни ўзида 38 та немис самолётини уриб туширди. Умуман, эвакуация пайтида инглизлар ўзларининг 156 та самолётларини йўқотиш эвазига 145 та душман самолётини йўқ қилишга муваффақ бўлди, яна 35 та немис самолёти кемалардаги артиллерия томонидан йўқ қилинади. Бу эса Британияга «Динамо» операциясини ўтказиш учун вақт берган.
Эвакуация
Эвакуация 27 майда бошланди – бунинг учун Дюнкерк яқинидаги қирғоққа Буюк Британиянинг «Калькутта» номли енгил крейсери, саккизта ҳарбий ва йигирма олтита транспорт кемаси келтирилди. Аммо муаммо шунда эдики, ўша ердаги қирғоқ юмшоқ ва қумли эди, шунинг учун саёз қирғоқлар сув остида узоқ масофаларга чўзилиб, катта кемаларнинг тўғридан-тўғри қирғоққа яқинлашишига имкон бермасди. Одамларни пляждан катта кемаларга ўтказиш учун Британия қирғоқларидаги деярли барча кичик кемалар сафарбар қилинди. Бу оддий балиқчилар қайиқларидан тортиб, елканли яхталаргача жуда ранг-баранг ва хилма-хил флот бўлди. Бироқ тез орада маълум бўлдики, саёзликлар ҳатто бу кичик кемаларнинг ҳам қирғоққа яқинлашишига имкон бермайди.
Аскарлар кемаларгача бир неча юз метр масофани босиб ўтишлари керак эди, баъзан улар қайиқларга бўйингача сувга ботиб етиб боришарди. Бундай қийинчиликларга қарши туриш учун офицерлар турли ҳийла-найрангларга мурожаат қилишди. Масалан, паст даражадаги сув оқими пайтида бир оздан кейин сув босиши керак бўлган ерларга автомобилларни ҳайдаб келиб, улардан иборат ўзига хос занжир ҳосил қилишди. Уларнинг томларига ёғочларни ётқизишди ва шу тариқа баландлик ҳосил қилинди.
Ҳар куни операцияга жалб қилинган кемалар сони ўсиб борди – «Динамо» операцияси давомида жами 693 та британ кемаси иштирок этди. Аскарларнинг аксарияти кемалар чўкишни бошлаганда ичида қолиб кетмасликдан қўрқиб, уларнинг ичига жойлашишдан бош тортди, шунинг учун улар палуба ва бортларни эгаллаб олди.
Деярли барча оғир мулклар қирғоқда қолиб кетди. Аслида, аскарлар кийим-кечакдан бошқа ҳеч нарсани олмади, кўпчилик ҳатто шахсий буюмлари ва қуролларини ҳам ташлаб кетди. Умуман олганда, британияликлар 455 танк, 80 мингдан ортиқ автомобиль, мотоцикл ва бошқа техникалар, икки ярим минг артиллерия қуроллари, 68 минг тонна ўқ-дорилар, 147 минг тонна ёқилғи ва 377 минг тонна бошқа ашёларни қирғоққа ташлаб кетган.
31 май куни немислар ҳужумни кучайтирди ва «Дюнкерк чўнтаги» сезиларли даражада торайди. 1 июнь куни 64 минг киши эвакуация қилинди. 2 июнь куни Дюнкеркни ҳимоя қилаётган Британия аскарлари олиб чиқиб кетилди. 3 июнь куни ҳаво рейдлари янада кучайиб кетди, кундузги рейсларни тўхтатишга тўғри келди. Учинчи июндан тўртинчисига ўтар кечаси 53 мингга яқин иттифоқчи жангчилар эвакуация қилинди, аммо 4 июнь куни немислар ҳужумга ўтди ва операцияни тугатишга тўғри келди. Sicarius деб номланган Британиянинг сўнгги кемаси 4 июнь куни эрталаб соат 3:40 да Франция қирғоғини тарк этган ва унинг бортида тўққиз юзга яқин одам эвакуация қилинади. Периметрни ёпиш учун орқада қолган иккита француз дивизияси эса тақдир қўлига қолдирилади, улар таслим бўлишга мажбур бўлади.
Натижалар
«Динамо» операциясининг натижаси 300 минг аскар ва зобитни, яъни Франциядаги Британия экспедицион кучларининг тўртдан уч қисмини қутқариш билан якунланади. Албатта, деярли барча техникалар ва катта миқдордаги қуролларнинг қолиб кетиши Британия армиясининг жанговар қобилиятига таъсир қилади, аммо катта миқдордаги шахсий таркибнинг сақлаб қолиниши уларни хурсанд қилади. Бундан ташқари, ушбу операция Буюк Британия аҳолисининг руҳиятига қанчалик кучли таъсир кўрсатганини айтиб ўтиш керак.
Йигитлар уйларига соғ-омон қайтиб келди, бегона юртларда ном-нишонсиз йўқ бўлиб кетишмади – шу сабабли, қуроллар ва танкларнинг йўқолиши безовта қилувчи нарса сифатида қабул қилинмади. Танкларни эса яна ишлаб чиқариш мумкин. Албатта, британияликларнинг Дюнкеркда енгилиши ва қамал қилиниши барчага маълум сабабларга кўра, Британия оммавий ахборот воситаларида ёритилмагани сабабли эвакуация операцияси фуқароларнинг назарида қаҳрамонлик эди. Ҳа, улар душманлардан азият чекди, лекин душман уларни ўлдиришларига йўл қўймади ва таслим бўлмади, улар кейинроқ қайтишлари ва қасос олишлари мумкин.
Албатта, бу воқеа Иккинчи жаҳон уруши ҳарбий театридаги ёрқин эпизодлардан бири. Кейинчалик иттифоқчилар ва СССР кучлари немислар устидан тўлиқ ғалаба қозонгани барчамизга маълум. Инглизлар ушбу эвакуация ҳақида ҳали ҳам эслайди ва уни «Дюнкеркдаги мўъжиза» деб аташади.
Нурбек Алимов тайёрлади.