Сайхунобод тумани тиббиёт ходимларининг калтакланиши билан боғлиқ воқеалар бўйича олиб борилган тергов ҳамда суриштирув ишларининг тафсилотлари ҳақида расмий маълумот берилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар бермоқда.
Хабарга кўра, мазкур ҳолат юзасидан Сайхунобод тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиб, натижада Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши бўйича асосий гумондор процессуал тартибда ушланган. Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Баёнотда соғлиқни сақлаш вазири шифокорларга қилинаётган тажовузлар бўйича Бош прокуратурага аввал ҳам мурожаат қилгани, бироқ муаммо ҳал этилмагани мазмуни акс этган хабарларга ҳам тўхталиб ўтилган.
Таъкидланишича, бундай маълумотлар ҳеч қандай асосга эмас. Нафақат шифокорларга, балки ҳар бир фуқарога қилинган тажовуз, уларнинг соғлиғи ёки мулкига қаратилган ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракатлар қонун доирасида ҳал қилиб келинмоқда. Шундай экан, бу борада қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлиги таъминланишида шубҳага ўрин йўқ, дейилган Бош прокуратуранинг ССВга ёзган жавоб хатида.
5 июнь куни Сирдарёда 6 нафар маст фуқаро тез ёрдам ходимларини калтаклагани хабар қилинган, ССВ бош прокурордан Сирдарёда тез ёрдам ходимларини калтаклаган маст фуқароларни қаттиқ жавобгарликка тортишни сўраганди.