«Ливерпуль» ҳимоячиси Виржил ван Дейк 20 ёшида васиятнома ёзганини тан олди. Ўшанда нидерландиялик футболчи ўткир аппендицит билан касалхонага ётқизилиб, перитонит (қорин пардаларининг яллиғланиши) ва буйрагидаги инфекциялар туфайли операция қилинган, унинг ҳаёти хавф остида бўлган.

Фото: The Sun

«Ҳанузгача касалхона тўшагида ётганимни эслайман. У ерда ётар эканман, атрофимда фақат менга улаб қўйилган найчаларни кўрардим. Танам ўзимга бўйсунмасди, ҳеч нарса қила олмасдим. Ўша пайтларда хаёлимга ёмон фикрлар кела бошлаганди.

Ҳаётим хавф остида эди. Онам иккимиз Худога ибодат қилардик ва эҳтимолий вазиятларни муҳокама қилардик. Ана шундай пайтда бир нечта ҳужжатларга имзо чекишга мажбур бўлдим. Бу ўзига хос васиятнома эди. Агар мен вафот этсам, пулларимнинг бир қисми онамга ўтарди. Ҳеч ким бу ҳақда гапиришни хоҳламаган, бироқ биз буни қилишимиз керак эди. Жудаям оғир бўлганди, мен ҳатто юролмасдим», — дейди ван Дейк.

Ўша вақтларда ван Дейк Нидерландиянинг «Гронинген» клубида тўп сурган. Кейинчалик унинг фаолиятида «Селтик» ва «Саутҳэмптон» клублари пайдо бўлади. 2018 йилнинг январь ойидан эса «Ливерпуль» шарафини ҳимоя қилиб келади. 28 ёшли ван Дейк «қизиллар» сафида умумий ҳисобда 113 та ўйин ўтказиб, 11 бор рақиблар дарвозасини ишғол этган. Унинг клуб билан амалдаги шартномаси 2023 йилгача мўлжалланган.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!