Навоий вилоятида 3 июнь куни бир йўла 42 нафар бемор соғайиб, реабилитацияга кузатилди, деб хабар бермоқда ССВ матбуот хизмати.

Тузалганларнинг барчаси вилоятнинг ўзидан (32 нафари Зарафшон шаҳридан, 4 нафари Хатирчи туманидан, 3 нафари Томди туманидан, 2 нафари Конимех туманидан, 1 нафари эса Навоий шаҳридан) бўлиб, 26 нафари эркак, 16 нафари аёл. Уларнинг ёши каттаси 71 ёшли онахон, кичиги 2018 йил туғилган.

Таъкидланишича, вазирлик томонидан Навоий вилояти учун махсус ишчи гуруҳ тузилиб, ушбу ҳудудга сафарбар қилинган. Улар ҳудудда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган профилактик ва эпидемияга қарши тадбирларни янада кучайтириш, беморларни самарали даволаш борасида маҳаллий мутахассисларга яқиндан амалий ёрдам кўрсатмоқда. Уларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида сўнгги икки кунда бир йўла 84 нафар бемор тузалган.

Айни пайтда вилоятда 164 нафар фуқарода коронавирус инфекцияси аниқланган. Ҳозирда улардан 96 нафари соғайган бўлса, қолган 68 нафари даволанишда давом этмоқда.

Бугуннинг ўзида Наманган вилоятида 4 нафар, Самарқанд вилоятида эса 7 нафар киши коронавирусдан тузалиб, Ўзбекистонда коронавирусдан соғайганлар сони 2 919 нафарга етгани хабар берилган эди. Энди эса улар сони 2 961 нафарга етди.

Касалланганларнинг умумий сони эса 3 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра, 3 769 кишини ташкил қилмоқда, беморларнинг 15 нафари коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида вафот этган.