Сўнгги пайтларда яккакураш, хусусан, аралаш жанг санъати ва UFC вакиллари иштирокидаги беллашувлар тобора шоуга айланиб бормоқда. Бунинг ортидан спортчилар ҳамда промоутерлик компанияларининг миллионлаб пул топиши ҳам ҳеч кимга сир эмас. Аммо Вьетнам уруши фахрийси, америкалик Скип Ҳолл ҳали бу унчалик урф бўлмаган вақтларда шоулар уюштириш билан шуғулланарди. Қуйида унинг қисқача ҳаёт йўли ва октагондаги фаолияти ҳикоя қилинади.

Фото: «Чемпионат»

Ҳарбий хизмат

Скип Ҳоллнинг армиядаги ўтмиши ҳақида турли хил зиддиятли гаплар юради. Бир қатор Вьетнам уруши фахрийлари унинг уруш ўчоғида қатнашганига ва махсус хизмат аъзоси бўлганига шубҳа қилади. Аммо жангчининг бу борада рад этиш мушкул бўлган ўз версияси мавжуд.

«Ўтган асрнинг 60 йилларида бошқалар сингари, мен ҳам дунё сиёсатида ҳеч нарсани тушунмаганман. Мен ҳарбий хизматга чақирилдим ва уруш масаласи тез орада ҳал этилишига умид қилиб, тайёргарликнинг энг узун йўлини танладим. Афсуски, ўша пайтга келиб ҳам, уруш давом этарди. Шу боис Вьетнамга кетиш учун тайёрлана бошладим ва ҳатто отиб ташлашлари мумкинлигини ҳам ўйладим. Бироқ ҳеч бўлмаганда пул ишлаб олиш керак деган фикрга келдим.

Кейин эса махсус хизматга кириш учун синовлардан ўта бошладим. Мени қабул қилишди ва бир неча машғулотлардан сўнг дастлаб Жанубий Кореяга жўнатишди. У ерда корейс аскарларига портловчи моддаларни қандай тайёрлаш кераклигини ўргатардим. Улар эса ўз навбатида мени ҳам машғулотларга жалб қилиб, таэквондо ва бошқа жанг санъатларини ўргатишди», – дейди Ҳолл.

Фото: «Чемпионат»

Кейинчалик Скип Вьетнам урушида баъзи янги кўникмаларни қўллаганини даъво қилганди. Ҳолл Корея ва Вьетнамдан ташқари, Филиппиндаги АҚШ ҳарбий қисмида ҳам хизмат ўтаган. Бироқ яна бир бор таъкидлаш жоиз, унинг версиясига баъзи одамлар унчалик ҳам ишонмайди.

Тинч ҳаётга қайтиш

Ҳарбий хизматдан қайтгач, Ҳолл дунё автосаноатининг энг йирик компанияларидан саналмиш General Motors’да маслаҳатчи, сўнгра IT соҳасида юқори ўринларда турувчи IBМ компаниясида ижрочи директор бўлиб ишлайди. Бироқ унда ҳамон жангчи руҳи яшарди.

У соғлиғига алоҳида эътибор берар ва мунтазам равишда машғулот олиб борарди. Шундай қилиб, Ҳолл жиу-житсу бўйича маҳоратини оширди ва шу билан бирга пауэрлифтинг (уч хил усулда тош кўтариш машқлари) билан фаол шуғулланиб, ҳатто ушбу спорт тури бўйича турли мукофотларга ҳам сазовор бўлади. Ёши анчага бориб қолганига қарамай, 270 килограмм оғирликдаги тошни турган ҳолатда, 180 килограммли тошни эса ётган ҳолатда кўтаришга муваффақ бўлади. Тан олиш лозим, ажойиб натижа!

Бироқ Ҳолл учун бу етарли эмасди. У 50 ёшга тўлганида, аралаш жанг санъатлари ҳақида ўйлай бошлади. Доимий юкламалар уни кўпроқ нарсага қодир эканлигига ишонтирарди. Бундан ташқари у тўплаган тажриба ва кўникмаларининг асқатишига ҳам ишончи комил эди. Таэквондо ва жиу-жицудан ташқари, Ҳолл ёшлигида бокс билан ҳам шуғулланганди.

MMA’даги фаолият

Ниҳоят, 2001 йилнинг сентябрь ойида Ҳолл 57 ёшга тўлганида, аралаш жанг санъатида дебют қилди. Ўшанда у MMA тарихидаги энг кекса жангчи бўлиш ғоясида ёнарди. У биринчи профессионал жангида 24 ёшли Майкл Бачкович билан учрашади, афсуски, биринчи раунднинг ўзидаёқ имкониятни бой бериб қўяди. Муҳими, у ўз ниятига етади.

Дебют жангидаги эрта мағлубиятдан сўнг Ҳолл қарийб бир ярим йил пауза олгач, 2003 йилнинг февраль ойида яна октагонга қайтади. Афсуски, Ҳоллни яна муваффақиятсизлик кутарди, у Боб Остовичга мағлуб бўлади. Боб Остович бунгача еттита жангда атиги икки марта ғалабага эришганди. Уруш фахрийсига на хоҳиш, ва на тажриба ёрдам бермаслиги аниқ бўлиб бораётганди.

Аммо Ҳолл курашишдан тўхтамайди. У профессионал фаолияти давомида уч маротаба ғалабага эришади ва жами беш марта мағлубиятга учрайди. Унинг охирги жангларидан бири 2006 йил августида юз берганди. 62 ёшли Скип UFC’нинг собиқ чемпиони Дэн Северн қарши октагонга чиқади. Ўша пайтда Скипнинг бўйи 178 сантиметр, вазни 93 килограмм эди. «Ҳайвон» лақабли Дэннинг оғирлиги эса 113 килограмм, бўйи 188 сантиметр бўлган.

Ўлчовлардаги жуда катта тафовут сабаб Скип Ҳолл 48 ёшли рақибига жиддий қаршилик кўрсатолмайди ва биринчи раунднинг ўзида мағлуб бўлади. Аммо бу жангда жаҳон рекорди ўрнатилади — икки жангчининг умумий ёши 110 да эди.

Ваниҳоят, собиқ аскар ва MMA рекордчисининг сўнгги жанги 2008 йилда, 64 ёшга яқинлашган вақтда бўлиб ўтади. Скип Ҳолл Келли Рендл билан тўқнашади. Дастлаб, ҳакам техник нокаут билан Рендлнинг ғалабасини қайд этганди, аммо кейинчалик Ҳоллнинг кўзига зарар еткизгани учун баҳс натижаси бекор қилинади.

Унчалик ёрқин ўтмаган ушбу жанг ҳам ўзига хос тарзда тарихга киради. Ҳолл ўз рекордини янгилайди – иккала спортчининг умумий ёши 111 ташкил қилади. Ушбу жангдан кейин Ҳолл спортга қайтмади. Спортдаги ғалабалари сони оз бўлишига қарамай, у авлодларини ўзи ҳақида гапиришга мажбур қила олди.

«Фақат мусобақалардагина ҳақиқий қобилиятни текшириш мумкин. MMA’да қатнашишимнинг сабаби – мен жанг қилишни яхши кўраман. Бу мен учун ўзгача завқ бағишлайди. Бу голф ёки софтбол (бейсболнинг бир тури, ундаги тўп бейсболдагига нисбатан анча енгил ва юмшоқ) кабидир. MMA – бу голф, лекин биз тўпни уриш ўрнига бир-биримизга қарата зарба берамиз. Ёшлар мени қўллаб-қувватлайди, дунёдаги энг мураккаб спорт турининг бир қисми эканлигимдан хурсандман. Мен MMA’да жуда кўп ажойиб инсонларни учратдим», – деганди Ҳолл фаолиятининг энг юқори чўққисида.

Сентябрь ойида Скип Ҳолл 76 ёшни қаршилайди. Шубҳасиз, бундай бува набиралар учун фахр, барча ёшлар учун эса намуна бўла олади.

UFC’да қайд этилган энг тезкор нокаутларни томоша қилинг (видео)

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!