Май ойининг иккинчи ҳафтаси дайжестига ҳам етиб келдик. Сардоба сув омбори ўпирилишидан кейинги талафотларни бартараф этиш, қисқартирилаётган карантин қоидалари ва ўзбек тили атрофидаги муҳокамалар ҳақидаги ҳафтанинг энг муҳим ва муҳокамали хабарлари шарҳини бошлаймиз.

Йил ҳалокати бўлган Сардоба сув омборининг ўпирилиши қанча зиён келтиргани ҳисоблаб чиқилди. Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларининг жами 32 381 гектар майдонлари талафот кўрган. Тошқин 10 та маҳалла, 23 та аҳоли пунктлари ҳудудидаги 4 711 та турар ва 277 та нотурар жой объектлари, 30 718 гектар экин майдонларига зарар етказган. Жами олти нафар фуқаро ҳалок бўлган (икки нафар аёл, тўрт нафар эркак). Бир фуқаро бедарак йўқолган.

Фото: Google Photos

Ҳукумат Сардобадаги йўқотишларни бартараф этиш учун ҳаракатини давом эттирди. Ҳар бир вилоят Сирдарёда юзтадан уй қуриши белгиланди. Сув тошқинидан зарар кўрган 4,5 мингдан зиёд хонадон эгаларининг ҳар бирига президент номидан 40 миллион сўмлик моддий ёрдам, шунингдек, телевизор, музлатгич, кир ювиш машинаси, минипеч, электр чойнак ва дазмол каби маиший техникалардан иборат совғалар топширилди. Президент уйлар бепул қуриб ва таъмирлаб берилишини маълум қилди. Одамлар 1 сентябргача уйларига кўчиб киришлари мумкин бўлади. Алишер Усмонов ажратган 10 миллион доллар ҳам компенсацияга сарфланган.

«Юксалиш» ҳаракатининг ҳисоб-китобига қараганда, Сардоба ҳалокати оқибатларини бартараф этиш учун давлат ғазнасидан 1,5 триллион сўмлик маблағ ажратилади.

Сардоба юзасидан жиноий иш қўзғатилди, 170 дан зиёд шахслар тергов қилинмоқда. Бош прокуратура маълум қилишича, тўртта асосий тергов тахмини мавжуд:  лойиҳалашдаги хатоликлар, қурилиш меъёрларига риоя этмаслик, эксплуатация жараёнидаги хатоликлар, табиий офат.

Фото: Google Photos

* * *

Кундан кунга коронавирусдан соғайганлар сони кўпайиб бораётганини кузатганча «вирус унча хатарли эмас экан» деган хаёлга бораётганлар сони ҳам тобора ошмоқда. Дарҳақиқат, давлат карантин чораларни босқичма-босқич юмшатяпти. Вилоятлар «яшил»лашиб бормоқда. Яқин орада жамоат транспортлари ҳам қатнашни бошлайди.

Uzbekistan Airways 18 майдан бошлаб Тошкентдан Нукус, Урганч, Термиз шаҳарларига амалга оширилувчи авиақатновлар (бориш ва қайтиш) вақтларини эълон қилди, деб ёзмоқда Telegram’даги @davletovuz канали. Президент Республика комиссиясига берган топшириққа биноан Самарқанд, Навоий, Бухоро, Қарши шаҳарларига «Афросиёб» тезюрар поезди ҳамда Фарғона водийсига поезд қатновини қайта йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, шаҳарлар ичида шахсий автомобиллар ҳаракати бўйича чекловларни бекор қилиш масаласи ўрганилмоқда. Транспорт, Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликларига булар бўйича Республика комиссиясига таклиф киритиш вазифаси қўйилди.

Бироқ ҳушёрлик қўлдан берилмайди. Самолёт ва поездларга йўловчилар вирусга текширилиб чиқарилади. Жамоат жойларида эса масофа сақлаш қоидасига қатъий амал қилинади. Чунки эҳтиётсизлик вируснинг навбатдаги тўлқинини келтириб чиқариши ҳеч гап эмас. Бу ҳафтада Beeline компаниясининг 91 нафар ходими Юқори Чирчиқ карантин полигонига жойлаштирилгани айтилди.

Энг сўнгги маълумотга кўра, пойтахтда коронавирусдан соғайган беморлар сони 709, Ўзбекистон бўйича 2 195 нафарга етди.

Фото: Google Photos

***

Дайжестимиздаги учинчи хабарни «Киройи куёвинг шундоқ бўлса», деб номладик. «Ўтган кунлар»га қайтишимизнинг сабаби бор. Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат регистрида ҳавола қилинган маълумотларга кўра, (МЧЖнинг СТИР рақами Очиқ маълумотлар порталида кўрсатилган), Uzcard МЧЖнинг 75 фоиз улушига эгалик қилиш ҳуқуқи жисмоний шахс Маҳмудов Аҳрор Аброровичдан бошқа жисмоний шахс — Турсунов Ойбек Батирович тасарруфига ўтган.

Аввалроқ 95 фоиз улуши Ойбек Турсуновга тегишли бўлган Promadik Invest компанияси «Капиталбанк» акцияларининг 36 фоизини сотиб олгани ҳақида хабар берган эдик. Ойбек Турсунов президент Шавкат Мирзиёевнинг катта куёвидир.

* * *

Бу йили абитуриентларимизга ҳам енгиллик бўлади. Фақат 20202021-ўқув йили учун истисно тариқасида қабул тест синовлари мажбурий фанларсиз, иккита мутахассислик фанларидан ўтказилиши режалаштирилмоқда. Ушбу иккита мутахассислик фанлари 2019 йил декабрь ойида белгиланган тартибда тасдиқланиб, кенг жамоатчиликка эълон қилинди. Табиийки, инфекция бутунлай бартараф этилмагунча абитуриентларнинг минг ўринлик биноларда 34 соат қолиб кетишига йўл қўйиб бўлмайди.

Тест синовлари ўтказиладиган бинода кўпи билан 700 тагача ўрин тайёрланади, ҳар бир абитуриент учун уч кв.м жой ажратилади, санитария-гигиена талабларига биноан улар ниқоб, қўлқоп билан тестда иштирок этиши таъминланади. Абитуриентнинг тана ҳарорати ўлчангач, бинога киритилади. Бинолар камида тўрт маротаба дезинфекция қилинади, деб ёзмоқда @davletovuz канали.

* * *

Бу ҳафта Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарованинг баёноти ўзбекзабон интернетни тўлқинлантирди. Аввалроқ, Адлия вазирлиги давлат тилида иш юритишни таъминламаганлик учун мансабдор шахсларга жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиққанини хабар қилинганди. Мария Захарова рус тилини кўпчилик ўзбеклар хоҳлаётгани, бу қонун лойиҳаси тарафдорлари кам эканини айтган.

Фото: Google Photos

Шундан сўнг Захаровага жавоблар бериш бошланди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутати, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурханов Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакилининг фикрларини Ўзбекистон суверенитетига бевосита аралашиш деб баҳолади. Таниқли депутат Расул Кушербоев эса «Ўзбекистонда давлат тили — ўзбек тили. Бироқ шунга қарамай, таълим муассасаларида ўқитиш етти тилда олиб борилади, шу жумладан, рус тилида. Камида 11 тилда газета ва журналлар чоп этилади. Мамлакатда ўзбек тили давлат тили сифатида қонуний ҳисоблангани учун расмий ишда унга риоя этишда масъулиятни ошириш — суверен Ўзбекистоннинг мустақил иши. Ҳеч бўлмаса, расмий идорада давлат тилида иш юритилмаса, давлат тилининг мақоми қоладими? Ўзбекистон — расмий давлат тилига эга суверен мамлакат. Қолганлар ҳам шу суверенликни ҳурмат қилиши шарт», деб ёзди.

Қонунчилик палатасининг яна бир депутати Дониёр Ғаниев ўзбек тилининг мавқейини кўтариш борасида гапириб, ҳатто Олий Мажлисда қонун лойиҳаси рус тилида ишлаб чиқилишини тилга олди ва қатъийроқ чоралар кўришга чақирди.

Мария Захарованинг фикрига эътирозан ижтимоий тармоқнинг ўзбек тилли фойдаланувчилари ўз исм-шарифларидан «-ов» ва «-ев» қўшимчаларини олиб ташлай бошлади.

«Дарё» янгиликларини кузатиб боринг. Ўзбекистон ва дунё хабарларидан энг биринчи хабардор бўлинг.