Ўзбекистонда 14 май соат 10:00 ҳолатига кўра коронавирус инфекциясини юқтириб олганлар сони 8 кишига ошиб, 2620 нафарни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Маълум қилишларича, 8 та янги касалланиш ҳолатининг 4 таси хориждан келиб, карантинга олинган, қолган 4 таси ҳам олдиндан карантин муассасаларида кузатувда бўлган фуқаролар орасидан аниқланган.

Хориждан келиб, касалланиш қайд этилган фуқароларнинг 3 нафари халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиси бўлса, бир нафари Қозоғистондан келган.

Ҳозирда даволанишни давом эттираётган жами 533 нафар беморнинг 11 нафари оғир аҳволда. «Шифокорларимиз томонидан барча беморларга белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда», — дейилади ССВ ахборотида.

Аввалроқ, 13 май соат 23:00 ҳолатига кўра жами касалланиш ҳолатлари сони 2612 тага етгани, ўша вақтда даволанишда бўлган 525 бемордан 12 нафарининг аҳволи оғирлиги маълум қилинган эди.

Маълумот учун, 13 май ҳолатига кўра Ўзбекистонда коронавирус инфекциясидан соғайганлар сони 2076 нафарга етган, инфекция асоратлари оқибатида 11 киши вафот этган.