Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 7 май куни Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, самимий ва дўстона руҳда ўтган суҳбатда Ўзбекистон ва ХХР етакчилари икки томонлама ҳамкорликка доир ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалаларни кўриб чиқди.

Давлат раҳбарлари коронавирус инфекциясига қарши давом этаётган курашнинг энг мураккаб даврида кўрсатилган ўзаро кўмак ва гуманитар ёрдамни катта мамнуният ва миннатдорлик билан қайд этди.

«Апрель ойининг иккинчи ярмида ушбу хавфли вирус билан касалланганларни аниқлаш, даволаш ва реабилитация қилиш соҳасида Хитойнинг улкан амалий тажрибага эга етакчи шифокорлар гуруҳи мамлакатимизда бўлди», — дейилади хабарда.

Шавкат Мирзиёев хитойлик мутахассислар юксак профессионал маҳорат намойиш этганлиги, уларнинг мамлакат ҳудудларидаги машаққатли меҳнати пандемияга қарши курашиш чораларининг самарадорлигини оширишга хизмат қилганини алоҳида таъкидлади.

Давлат раҳбарлари буларнинг барчаси Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари тобора мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беришини таъкидлади.

Икки мамлакатнинг соғлиқни сақлаш ва санитария-эпидемиология назорати соҳасидаги идоралари ўртасида фаол алмашинувларни давом эттиришга келишиб олинди.

Шунингдек, кўп қиррали, шу жумладан сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молия, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа муҳим йўналишлардаги ҳамкорликнинг ҳолати ва уни кенгайтириш истиқболлари батафсил муҳокама қилинди.

ХХРнинг илғор тажрибасини ўрганиш ва жорий этиш асосида камбағалликни қисқартириш масалаларида самарали мулоқот бошлангани алоҳида таъкидланди.

Суҳбат натижаларига кўра икки томонлама олий даражадаги тадбирларга пухта тайёргарлик кўриш ишлари давом эттирилади.

Икки мамлакат вазирлик ва идоралари, ҳудудлар маъмуриятлари, банк-молия институтлари ва етакчи компаниялари пандемиянинг салбий оқибатларини камайтириш ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун янги имкониятларни излаш мақсадида ҳамкорликдаги ишларини фаоллаштиради. Булар, аввало, ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва унинг мутаносиблигига эришиш, ишлаб чиқариш кооперациясини мустаҳкамлаш ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, юк ташиш ҳажмининг ўсиши учун қулай шароитлар яратиш, гуманитар дастурларни илгари суришдир.

Давлат раҳбарлари минтақавий аҳамиятга молик қатор долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа нуфузли халқаро тузилмалар доирасида биргаликдаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириб боришга қатъий интилиш тасдиқланди.

Суҳбат якунида Ўзбекистон ва Хитой етакчилари дўстлик ва ҳар томонлама стратегик шериклик руҳидаги кенг кўламли ҳамкорликни бундан буён ҳам кенгайтиришга тайёр эканлигини яна бир бор таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 7-май куни Россия президенти Владимир Путин билан ҳам коронавирусга қарши кураш масаласини муҳокама қилганди. 6 май куни эса Шавкат Мирзиёев ва Эрон президенти коронавируснинг иқтисодий оқибатларини юмшатиш масалалари юзасидан фикр алмашганди.

Маълумот учун, коронавирус пандемияси бошланганидан буён Шавкат Мирзиёев коронавирусга қарши кураш масаласида Қозоғистон, Қирғизистон, ТуркманистонАфғонистонТожикистонЖанубий Корея ва Туркия президентлари билан телефон орқали мулоқот қилди. Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев Европа кенгаши президенти Шарль Мишель билан ҳам коронавирусга қарши кураш масаласини муҳокама қилган эди.

Ўзбекистон Президенти 2 май куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан телефон орқали бўлиб ўтган мулоқотда Сардоба сув омборида юз берган ҳолатни муҳокама қилганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев 4 май куни Қирғизистон президенти Сўронбой Жээнбеков, 5 май куни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва 6 май куни Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан коронавирусга қарши кураш масаласини ҳамда Сардобада юз берган фалокатни телефон орқали муҳокама қилди.