Mecum кимошди савдолар уйи одатда ноёб ва коллекцион автомобилларни сотиш билан шуғулланади, бироқ бу сафарги Dodge Double Header («икки бошли»), шубҳасиз бошқа автомобиллардан ажралиб туради. У ягона нусхада бўлиб, июнь ойида кимошди савдоларига қўйилиши кутилмоқда, деб хабар қилади Carakoom.
Мазкур ноодатий лойиҳа 1981 йилги Dodge Colt ва 1981 йилги Plymouth Champ комбинациясини ўзида мужассамлаштирган.
Лотнинг ўзига хослиги ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган. Шуниси маълумки, иккала машина тенг ярмидан бўлиниб, кейин бирлаштирилган. Ҳосил бўлган комбинация аслида у қадар ёмон эмас, иш ҳам сифатли бажарилган. Натижада автомобилнинг икки боши бир-бирига нисбатан кўзгудаги аксдек кўрингани сабабли автомобиль симметрик тус олган.
Автомобиль салони ҳам қизиқарли тарзда жиҳозланган. Салоннинг бир қисми қизил аралаш қора рангли чарм қопланган ўриндиқлардан иборат бўлса, қолган ярми аксича — қора аралаш қизил рангли ўриндиқлар.
Капотлар остида 80 от кучига эга 1,6 литрли тўрт цилиндрга эга двигатель ўрин олган. Уларнинг ҳар бири алоҳида тўрт поғонали узатмалар қутисига уланган. Автомобилнинг ҳар икки томонидан ҳам бошқариш мумкин.