Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг қарори қабул қилиниб, қуйидаги тартиблар жорий этилмоқда.

Унга кўра, 2020 йил 30 апрель куни соат 06:00 дан:

  • фуқароларга — иш жойига бориб келиши, тиббий буюмлар, дори воситалари, озиқ-овқат ва биринчи навбатда зарур бўлган маҳсулотларни харид қилиш учун соат 07:00 дан 10:00 га ҳамда соат 17:00 дан 20:00 га қадар барча турдаги шахсий ва хизмат енгил автотранспорт воситалари (йўловчилар билан бирга), шу жумладан, велосипед ва мототранспортларда махсус рухсатномасиз ҳаракатланишга;
  • фуқароларга — шаҳар ва туманлардаги кўп қаватли уйларнинг бевосита олдида ва ички ҳовли ҳудудларида ижтимоий масофани (оралиқ масофа 2 метр) сақлаган ва ниқоблар тақилган ҳолда сайр қилишга, бунда 14 ёшгача бўлган болалар ота-оналарининг ҳамроҳлигида сайр қилишга;
  • олий таълим ва илмий-тадқиқот институтлари раҳбарлари ва профессор ўқитувчиларига — илмий ишларни давом эттириш мақсадида лаборатория ва кафедралар фаолиятларини тиклашга рухсат берилди.

Шунингдек, туманлараро (шаҳарлараро), вилоятлараро ва Тошкент шаҳрига кириб-чиқишда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштирувчи юридик ва жисмоний шахсларларнинг барча турдаги шахсий ва хизмат енгил автотранспорт воситаларида ҳаракатланишига ички ишлар органлари томонидан маҳсулотларни тезкор ва қулай йўналишлар орқали ўз манзилларига етиб боришига кўмаклашиш белгиланди.

Жамоат жойлари, бозорлар ва рухсат берилган савдо хизмат шохобчаларида ҳамда автотранспорт воситаларида ҳаракатланиш давомида Республика махсус комиссияси томонидан белгиланган тегишлича санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этилиши талаб этилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида 30 март соат 06:00 дан 20 апрель соат 00:01 га қадар шахсий транспортдан фойдаланишга чеклов қўйилган эди. Фақат Давлат хизматлари марказлари томонидан бериладиган махсус рухсатнома (стикер)лар асосида автотранспорт воситалари ҳаракатланишига рухсат берилган. Махсус рухсатномасиз ҳаракатланган фуқароларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси асосида жарима қўлланилиб, автотранспорт воситаси карантин тугагунгача жарима майдончасида қолади.

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Қўчқоров 15 апрель куни бўлиб ўтган брифингда республикада карантин даврида шахсий автомобилдан фойдаланиш тартиби енгиллаштирилиши мумкинлигини маълум қилганди.