Тошкент шаҳридаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлари илмий-текшириш институти клиникасида коронавирус инфекциясига чалинган 1 нафар бемор буткул соғайди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, соғайган бемор 70 ёшда бўлиб, Тошкент шаҳрида яшайди. У мулоқот орқали коронавирус инфекциясини юқтириб олган. Самарали даволаш муолажаларидан кейинги текширувлар унда инфекция йўқлигини кўрсатди. Шу тариқа, ушбу клиникада ҳозирга қадар касалликдан тузалганлар сони 11 нафарга етди. Аввалроқ мазкур клиникадан 10 нафар бемор тузалиб чиққан эди.

Ҳозирга қадар Ўзбекистонда коронавирус инфекциясидан тузалган кишилар сони 129 нафарга етди.

Аввалроқ Бухорода 20 киши, Хоразмда 1 киши касалликдан соғайиб, реабилитацияга жўнатилгани ҳақида хабарлар берилган эди.

Ўзбекистонда 16 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекциясини юқтириб олганлар сони 1349 нафарга етди. Ўзбекистонда ўтган бир ой давомида коронавирусга чалинган беморларнинг тўрт нафари вафот этди, Бундан ташқари, хорижда камида 23 ўзбекистонликда коронавирус аниқланган, уларнинг уч нафари вафот этган.