Тибет қандай жой? Тоғли ҳудудми? Мустақил давлатми ёки Хитойнинг бир қисмига кирадими? Ёганинг Тибетга қандай дахли бор? Arzamas сайтида чоп этилган мақолада бу саволларга жавоб берилади. Мақоланинг таржимасини «Дарё»да ўқишингиз мумкин.
Тибет фақат баланд тоғлардан иборат ҳудудми?
Бу саволга ҳам ҳа, ҳам йўқ деб жавоб бериш мумкин. Тибет ҳақиқатдан ҳам баланд Ҳимолай тоғларида жойлашган. Унинг баланд чўққиси Жомолунгма бўлиб, баландлиги 8848 метрни ташкил этади. Шу билан бирга Тибетда тоғлар билан бирга серунум водийлар, саҳролар, дарё ва кўллар ҳам бор.
Фақат буларнинг барчаси тепаликда жойлашган. Тибет денгиз сатҳидан ўртача 4000 метр баландликда жойлашган. Шунинг учун ҳам географлар ва сайёҳлар Тибетни «Осиё материгининг бўртиғи», «столсимон жой», «баҳайбат супа» деб номлаб келишади. Аксар одамлар Тибетни тоғлардан иборат минтақа деб ўйлайди.
Қайси бири қадимийроқ – Тибетми ёки Рус?
Бу саволнинг жавоби нима кўзда тутилаётганига боғлиқ. Агар давлатчиликнинг юзага келиши ва диннинг қабул қилинишидан келиб чиқсак, Тибет қадимийроқ. Тибетда буддавийлик дини VII асрда қабул қилинган. Ўша пайтда Тибет империяси ҳам ташкил топган.
Русда давлатчилик 862 йилда варягларнинг келиши билан пайдо бўлган. Христианлик 988 йилда қабул қилинган. Хитой ёзма ёдгорликлари эрамиздан аввалги даврларда прото-тибетликларнинг яшагани ҳақида ҳам маълумот беради. Русда бу борада омад кулиб боқмаган, уларнинг орасида хитойликларга ўхшаб тарихий ёзувларга қизиқадиганлар бўлмаган.
Тибет нима: давлатми, динми ёки жой?
Тибет кўп сонли вилоятлардан иборат бўлган географик жой ҳисобланади. Тибетда бир тилда гапирадиган халқлар истиқомат қилади. Бундан ташқари уларнинг тарихи, маданияти ва дини ҳам бир. Ҳозирда бу вилоятлар турли маъмурий туманлар ва ҳаттоки мамлакатларга тегишли. Марказий Тибет Хитой Халқ Республикаси тасарруфида. Амдо шимолий ҳудуди Хитойнинг Ганьсу ва Синьхай провинциялари бўлса, шарқий Кхам Хитойнинг Юньнань ва Сичуань провинцияларидир. Ғарбий туманлар – Ладакх ва бошқалар Ҳиндистон тасарруфида.
Тибет Хитойнинг бир қисмими?
Ҳозирда Хитой дейилганда кўпчилик Хитой Халқ Республикасини тушунади, аслида эса асосан, ханлар яшаган Хитойнинг бир қисмидир.
Син сулоласини ташкил этган манчжурлар империяси даврида (XVII—ХХ асрларда ҳукмронлик қилган сулола) Пекин ҳокимиятини қўшни Шарқий Туркистон, Мўғулистон ва Тибет ҳудудларига ёйди. 1949 йил инқилобидан сўнг янги давлат Хитой Халқ Республикаси ташкил топгач, мазкур туманлар мухторият мақомида Хитой таркибига қўшилди.
1951 йилда Пекинда Тибетнинг ХХР таркибига кириши тўғрисида битим имзолади ва Хитой халқ озодлик армияси Лхасани эгаллади. Шу тариқа Тибет автоном тумани ташкил топди ва ХХР таркибига кирди. Тибетликлар яшайдиган бошқа вилоятлар Хитой вилоятларининг қисмларига айланди. Лекин кўп тибетликлар Хитойдан ташқари Ҳиндистонда, Непал ва Бутанда яшайди.
Тибетни ким бошқаради?
Хитой Тибетнинг маъмурий, иқтисодий, сиёсий ва маданий ҳаётини бошқаради. Шу билан бирга, қувғинди Тибет ҳукумати ҳам мавжуд.
Тибет ҳукумати 1959 йилда XIV Далай-лама ва унга эргашган тибетликлар Тибетдан чиқиб кетгач ташкил топди. Бу ҳукумат қувғиндаги тибетликларнинг маданияти ва маорифи билан шуғулланади. Улар 150 минг атрофида.
Тибетда ким истиқомат қилади: тибетликларми ё хитойликлар?
Тибетликлар. Лекин у яхлит этнос бўлмай, амдоликлар, кхамбалар, шерплар, ладакхлар ва бошқалардан иборат. Ҳозирда Тибет ҳудудида хитойлар, асосан, амалдорлар ва ҳарбийлар, уйғурлар (савдогарлар), мўғуллар (будда монахлари) ҳам яшаб келади.
Улар бажарадиган вазифалари орқалигина ўзаро боғланган: хитойлик бошқаради, уйғурлар ошқовоқ сотади, мўғуллар ибодат қилади.
Миллатлараро никоҳ жуда кам учрайди. Тилни тадқиқ қилиш, кўп бўлмаган археологик қазилмалар, асосан, эрамиздан аввалги II асрга оид Хитой ёзма манбаларининг гувоҳлик беришича, Тибет халқининг асосини сянлар ташкил қилган. Сянлар шимоли шарқдан келиб, ҳиндерон, турк-мўғул ва австрало-осиёликлар билан чатишиб, Тибет миллатини ташкил қилган.
Тибет тили мавжудми?
Тибет тили сони-тибет оиласининг тибет-бирма гуруҳига мансуб. Мумтоз ёзув тили VII асрда пайдо бўлган.
Шу билан бирга, Тибетда истиқомат қилувчи турли этник гуруҳлар турли шеваларда сўзлашади ва ҳамма ҳам бир-бирини тушунавермайди. Масалан, синхайлик шахс марказий тибетликни тушунмаслиги мумкин ёки аксинча.
Тибетда ҳамма буддистми?
Ҳамма эмас, лекин кўпчилик. Буддизм тибетликларнинг ҳақиқий миллий ғояси ва уларнинг ўзини ўзи англаши асосидир. Шу билан бирга, буддизм бир хил бўлмай, кўплаб маҳаллий анъаналардан иборат.
Европа адабиётида уларни мазҳаб дейишади. Аммо бундай номланиш жуда тўғри эмас. Мазҳаб бу асосий йўналиш ва ундан ажралиб чиққан оқимларни англатади. Тибет буддизми эса маҳаллий мактаблар — нингма, кагю, гелуг ва шу кабилардан иборат.
Гелуг мактаби XIV асрда ташкил топди ва жуда оммавийлашди. У ибодатхона тузилишини, диний маросимлар, қоидалар, монахлар ва уларнинг кийимларини ислоҳ қилди. Масалан, гелуг мактаби вакиллари баланд сариқ қалпоқларни ўйлаб топди. Шунинг учун ҳам уларни дастлаб сариқ қалпоқликлар, кейинроқ эса сариқлар деб номлайдиган бўлишди. Далай-лама ва ундан кейин иккинчи ўринда турадиган Панчен-лама шу мактаб вакилларидир. Баъзи тибетликлар буддизмдан ҳам олдинроқ пайдо бўлган бан динига эътиқод қилади. Бундан ташқари, Тибетда оз бўлса-да хриастианлар ҳам бор.
Далай-лама ким?
Далай-лама тибетликларнинг диний раҳбари. Ҳозирги ўн тўртинчи Далай-ламанинг исми Тензин Гьяцо. У тибетлик бўлиб, Амдо вилоятида оддий буддист оиласида туғилган.
Буддистлар назарида қайта тирилиш мавжуд. Уларнинг фикрича, вафот этганларнинг руҳлари одамлар ёки жонзотлар тимсолида гавдаланади. Аммо буддистлар назарида ҳаётга қайтганлар ўзларининг аввалги ҳаётларини эслай олмайди, деб ишонади. Авлиёлар эса маъбудлар ва ўтмиш буюк авлиёларининг қайта дунёга келишидир.
Масалан, Далай-лама бодхисатва Авалокитешварининг қайта дунёга келишидир. «Тирик худо» (Европа адабиётларида) вафотидан сўнг унинг издошлари вафот этиб қайта туғилган болани излашга жўнайди. Сеҳрли (масалан, алоҳида белгилар, атоқли дин вакилларининг тушлари) ва тана белгилари (тирноқ ва қулоқларнинг шакли) у ёки бу боланинг янги Далай-лама эканини кўрсатади. XIV Далай-лама ҳам шу белгилар асосида танлаб олинган.
Шаолинь руҳонийлари ҳам тибетликми?
Шаолинь ибодатхонаси марказий Хитойда жойлашган, Тибетга ҳеч қандай алоқаси йўқ.
Шаолинь ва Тибетни фақатгина буддизм бирлаштириб туради. Шаолинь дастлаб дао ибодатхонаси бўлиб, Тибетдан юз йил аввал буддизм динини қабул қилган.
Тибетда «озодлик» сўзи дарҳол жанжалга сабаб бўлади. Бунинг сабаби нимада?
Ўтмишда ўз давлатчилиги ва мустақиллигига эга бўлган йирик давлат учун бу сиёсий оғриқдир. Ҳозирги Далай-лама 1959 йилда қочишга мажбур бўлгандан кейин ғарбнинг қўллаб-қувватловига эга бўлди ва машҳурликка эришди.
Шу сабабдан ҳам Ғарбда буддизмнинг тай ёки бирмача эмас, тибетча тармоғи ақидалари кенг ёйилди. Айнан шу ҳолат курдлар, уйғурлар ёки бошқа халқларнинг эмас, айнан тибетликларнинг мустақиллигини талаб қиладиган кескин оҳангдаги дипломатияни яратди.
Йога Тибетда пайдо бўлганми?
Йўқ, йога Ҳиндистонда пайдо бўлган. У Тибетга буддизм дини таъсирида ёйилган. Йога билан бирга бебаҳо адабий ёдгорликлар, ёзув, ҳинд маъбудларига сиғиниш, афсоналар ҳам кириб келган.
Йога элементлари олий руҳий ҳолатга эришиш учун жисмоний ва психик машқлардан фойдаланадиган тибетлик буддачиларнинг тантра (санскритчадан таржима қилинганда «тикув машинаси», «мато асоси»), кўчма маънода «асос, манба» сифатида талқин қилинувчи ғояси асосида тибетликларнинг буддавийлик амалиётига кўчиб ўтади. Аммо бу тибетликларнинг буддавийлиги асоси эмас.
Тибетда цивилизация борми?
Тибет жадаллик билан ўзгариб бормоқда. Бир неча ўн йил аввал Тибетда ўрта асрлар шароити ҳукм сурарди. Шимолий тибетликлар чорва билан шуғулланиб, кўчманчилик билан машғул эди. Санпо дарёси воҳаси аҳолиси сабзавот етиштириш учун ёғоч пақирларда сув ташир, бой мулкдорлар ёлланма ишчилар меҳнатидан фойдаланар эди.
Тибетда кўп эрлик ва кўп хотинлик кенг ёйилган. Вафот этганларни бўлаклаб, ёввойи ҳайвонларга ем қилиш одати тарқалган эди. 1904 йилда инглизлар Тибетга босқин уюштирганда, тибетликлар уларга қарши камон ва ўқлардан, қарғишлардан, диний маросимлардан иборат бўлган қарши ҳужум уюштирган эди.
Ҳозирда Лхасада беш юлдузли меҳмонхоналар барпо қилинди. Қулай поездда саёҳат қилиш мумкин. Университетлар, кутубхоналар ва нашриёт уйлари мавжуд. Аммо айрим ҳудудларда лхасаликлар эскича таомилни сақлаган ҳолда ҳаёт кечириши ҳам ҳақиқат. Шунга қарамасдан аксар тибетликлар сеҳр-жодуга мойил. Умуман олганда, бу фақат Тибетгагина хос бўлмаган жиҳатдир, чунки ҳозирда ҳам дунёнинг кўпгина минтақаларида инсонлар дин ва хурофотга берилиб яшаб келмоқда.
Изоҳ (0)