«Эгё» қандай маданият? Ёлғиз овқатланиш бахтсизлик белгисими? Университет дипломи омадли никоҳга сабаб бўладими? Нега корейслар нохуш хабарларни кечқурун айтади? Аrzamas сайтида корейс маданиятини тушунишга ёрдам берадиган 12 сўз таҳлил қилинди.

Нунчхи

Кузатувчанлик, суҳбатдош ниятини тез англаш, яна ҳам тоғрироғи «кўздан уқиш» маъносини билдиради.

Корейсча сўзлар ичида энг таржимаси қийини ва машҳур ифодалардан бири. Бу сўз бизнинг тилга «фаҳмлилик», «тушунувчанлик» деб таржима қилинади. Лекин таржима ҳам сўзнинг фақат бир жиҳатинигина ифодалайди. Қайсидир маънода «зийраклик», «баодоблик» ёки «сезгирлик» деса ҳам бўлади.

Фото: Google Photos

«Нунчхи» – кишининг теварак-атрофни суҳбатдошнинг қиёфаси, имо-ишораси, қараши орқали дарҳол аниқлаб олиши ва қўшимча омиллар – ижтимоий мақоми, ёши, суҳбатидан келиб чиқиб жавоб қайтаришидир. Бу одамнинг ўзи айтмасдан туриб унинг эҳтиёжларини пайқаш ва сезгирлик билан мослашиш дегани.

Одам ноқулайлик сезмасдан олдин тез ва чиройли тарзда суҳбатни тугатиш, шеригининг қадаҳи бўшаб қолганини ва одоб доирасида уни тўлдириш кераклигини кузата олиш малакаси шу сўз орқали англатилади. Коллективизм ва шахслараро муносабатлар катта рўл ўйнайдиган корейс маданиятини ҳисобга олсак, «нунчхи» ва ижтимоий интеллект ўртасида ўхшашлик бор дейишимиз мумкин.

«Нунчхи»дан фойдаланиш зарурияти корейсларнинг ўз ҳиссиётларини тоғридан-тўғри билдирмаслиги, хулоса, ҳукмларнинг қатъий тарзда айтилмаслиги, камгаплик, вазминлик каби конфуциёна анъаналар жамиятда мустаҳкам ўрин эгаллагани билан белгиланади.

Ўз фикрини сергаплик, очиқлик билан айтиш, ҳиссиётларини намойиш қилиш корейслар томонидан енгилтаклик, ножиддийлик сифатида қабул қилинади. Вояга етган, обрўли одам, айниқса, раҳбар ўз ҳиссиётларни назорат қила олиши керак. Бундай пайтда «нунчхи» ҳаётий муҳим масалага айланади. «Унда нунчхи йўқ» ёки «унинг нунчхиси секин» – одамни бемулоҳаза, носезгир, қўпол сифатида белгилаб берадиган ўта салбий баҳо бўлса, «Сизда нунчхи тез» деган ибора мақтов сифатида изоҳланади.

Айрим ҳолларда изоҳ муайян бир оҳангда айтилса, киноя ва пичингни ҳам билдириши мумкин. Бунга қуйидаги матал мисол бўлади: «Кимда нунчхи бўлса, у будда ибодатхонасида тузланган креветкаларга тўяди».

«Нунчхи» малакасини қўллашда меъёрни билиш муҳим. Чунки унда жамоатчилик билан уйғунликни ҳис қилишга интилиш ётади.

Европаликларда «нунчхи»нинг йўқлиги корейслар билан ўзаро мулоқотда тушунмовчиликларга ҳам сабаб  бўлиб туради. Ғарб маданияти вакили ўз эҳтиёжларини очиқ айтса, корейслар қандай қилиб одам шу даражада «нунчхи»дан бенасиб бўлиши мумкин дея ажабланади.

Кибун

Кайфият, руҳий ҳолат, ҳиссиёт, дунё билан мослик ва ички барқарорликни билдиради. Луғатларда бу сўз кайфият деб таржима қилинади ва маданий нозикликлар четда қолади.

Фото: Google Photos

Корейс жамиятида бу тушунча ижтимоий баркамоллик, вазиятни ушлаб туриш, ўз обрўсини сақлаш, иерархия нозикликларига ва қоидаларига риоя қилиш билан боғлиқ.

Корейс муомала маданиятида ўз кечинмаларини ҳам унутмаган ҳолда, атрофдагиларнинг «кибун»ига зарар етказмаслик муҳим ўрин тутади. Ажнабийлар учун қийинчилиги шундаки, оддий, табиий хатти-ҳаракат ҳам кимгадир тегиб кетиши мумкин. Масалан, бирор таклиф ёки илтимосга тўғридан-тўғри йўқ дейиш, бирга овқатланишни рад қилиш, ўз гапида қатъий туриб олиш, тўғри келмайдиган вазиятда нохуш хабарни етказиш кабилар шунга киради.

Объектив ҳақиқат ва тўғриликдан кўра яхши муносабатлар афзалроқлигини ва бошқа одамларнинг ҳисларини ўйлаб корейслар ўта юмшоқ рад жавоби  беради ва салбий янгиликларни одам зарбани енгилроқ кечириши учун кечга яқин айтади. Шу сабабдан ходим ишдан бўшатилганини одатда кечқурун эшитади.

Пунвиги

Иқлим, вазият, умумий кайфият, аура маъноларини беради.

Бу тушунча «кибун» билан ўзаро боғлиқ. Қайсидир маънода «пунвиги» – гуруҳнинг умумий кайфияти, жамоадаги психологик иқлим, «нунчхи» малакаси ёрдамида дарҳол сезиш керак бўлган нозикликлардан биридир.

Фото: Google Photos

Бу кишига ўзини вазиятга мос ва тоғри тутишига ёрдам беради. Муҳим музокаралар ва битимлар тузишдан олдин яратиладиган муҳит ҳам шундай аталади. Ўзаро ишонч ва дўстликсиз бунга эришиб бўлмайди.

Бу сўз геосиёсий маънода ҳам янграши мумкин. Масалан, Корея республикаси ва КХДР ўртасидаги «пунвиги» шу икки давлат ўртасидаги муносабат моҳиятини англатади.

Чон

Самимийлик, руҳиятлилик, ҳиссий соғлик ва алоқадорлик ҳисси маъноларини билдиради.

Корейсларнинг ўз таърифи бўйича, «чон» – корейс менталитети ва темпераментининг пойдеворидир. У ҳар қандай қариндошлик бўладими, оилавийми, дўстларми, қўшниларми, улар ўртасидаги шахслараро муносабатларнинг асоси ҳисобланади.

Луғатдаги «муҳаббат ҳисси, яқинлик, боғлиқлик» маъноси тушунчани тўлиқ очиб беролмайди. «Чон», шунингдек, яхшилик, ғамхўрлик, сахийлик, бағишлов, ёрдамга интилувчанлик, миннатдорлик ва кечира олиш каби ҳислатлар билан узвий боғлиқ.

Фото: Google Photos

Шу билан бирга «чон» қандайдир конкрет ҳисни ифодаламай, такрорланувчи муносабатлар, узоқ давом этадиган муомала, биргаликдаги кечинмалар натижасида вужудга келади.

«Чон»нинг муҳим хусусияти унинг доимийлиги, ҳис қилиш эса секин-аста, сезилмасдан пайдо бўлиб боради. Вужудга келгач эса унинг йўқолиши қийин. Корейс мақолларида бекорга «Жория билан чон уч йилга, хотин билан чон юз йилга» дейилмаган.

«Чон»нинг бошқа муҳим хусусияти унинг ўзаро характери ва жамиятдаги табақаланишни енгиб ўта олиши қобилиятидир. Бошқача айтганда, «чон» тенг бўлмаган субъектлар орасида ҳам пайдо бўлиши мумкин. Масалан, катта ва кичик, ўқитувчи ва ўқувчи ўртасида.

«Чон»ни барчаси мукаммал бўлган юксак идеалистик тушунча сифатида ҳам қабул қилмаслик керак. Сабаби «чон» ўзида узоқ давом этган боғлиқлик асосида юзага келадиган норозиликни ҳам мужассам қилади. Буни тушуниш учун корейслардаги айрим маталларга эътибор қаратиш лозим.

Хан

Ғазаб ва мутелик аралашмаси, нафратни айта олмасдан азобланиш, адолатсизлик ва эрксизликдан келиб чиқадиган  қайғу, амалга ошмай қолган истак туфайли пайдо бўлган ғам.

«Хан» маъноси ҳам шахсий, ҳам миллат тарихи даражасида англанадиган сўздир. Аввало, бу сўз Корея яриморолининг Япония томонидан босиб олиниши ортидан юзага келган қайғуни ҳам англатади. Иккинчи томондан, бир шахснинг бошидан кечираётган, аммо сўзларга кўчмаётган нафратини ифодалайди. Шу тариқа, ташқи босим ички босим билан қўшилиб, азоб-уқубатни чидаб бўлмас даражага келтиради.

Фото: Google Photos

«Хан»нинг вужудга келишига икки омил сабаб бўлади: геосиёсий ва конфуцийлик ахлоқи. «Хан» назариясида адолатсизлик – чет давлат босқини, ҳокимиятдагилар, қаттиққўл ота-оналар, золим қайнона, эр, раҳбар, бой томонидан қилинган босимни билдиради. Ижтимоий табақаланишда жамият иерархиясининг юқори поғонасида турувчи шахснинг ярашмаган хулқ-атворини муҳокама қилмаслик «хан»ни юзага чиқаради. Ғазаб шу тариқа ташқарига эмас, ичкарига йўналтирилади. Бу каби руҳий зўриқиш корейсларнинг хориждаги вакилларида учрайди.

Корейс санъатида «хан» ва у билан боғлиқ азоблар ахлоқий катарсис – таназзулнинг манбаи сифатида гавдаланади. Санъатдаги «хан»га ёрқин мисол халқ мусиқаси жанридаги қашшоқлар ва бойлар орасидаги зулм муносабатидир. «Хан» ХХ асрнинг иккинчи ярмида кўп жиҳатдан адабиётнинг ривожланиши учун туртки бўлди. Корейс адабиёт вакиласи Пак Кеннинг халқимизнинг ташвиши фақат ғам эмас, умид ҳамдир деган фирклари кенг ёйилди.

Ури

Биз, бизники; агар оила аъзолари, уй, жамоа, мамлакат ҳақида сўз борса – меники.

Оддийгина кўринган олмош корейс тилини ўрганаётган хорижликда ҳайрат ва қийинчилик уйғотиши табиий. Уни «биз» ёки «бизники» сифатида эслаб қолиб, у тез орада бу олмошни «меники» сифатида қўлланаётганини пайқаб қолади.

Фото: Google Photos

Корейслар «менинг мамлакатим», «менинг оилам», «менинг мактабим» деб гапирмайди, улар «бизники» дейди. Бу эса корейс менталитетига бориб тақалади.

Шу сабабдан корейслар турли хил уюшмалар, йиғинларга аъзо бўлишга ҳаракат қилади. Жамоадан ташқарида қолган корейс ўзини ноқулай ҳис қилади. Масалан, яқин вақтларгача бир корейснинг ресторан ёки кафеда йўлғиз овқатланиши айбли ҳисобланган. Сабаби ёлғиз овқатланаётган шахс жамоадан узилган, бахтсиз, омадсиз сифатида кўрилган. Шунинг учун ҳам «ури» корейс жамиятининг жамоавий бирлиги сифатида талқин қилинган.

Корейслар бирор ҳодиса жамоага тегишли бўлгандагина «ури» сўзидан фойдаланади. Хорижликлар «бизнинг хотин» каби тушунчаларни қабул қилиши анча қийин. Лекин корейслар учун «менинг хотиним» дейиши бу ўзини жамоадан айри ҳолатда, индивидуалист сифатида кўрсатишга уринишдир. Шу маънода «ури» оилавий муносабатларнинг мустаҳкамлигини изоҳлайди. «Ури»га ҳамоҳанг сифатида «чон» бу тушунчани тўлдиради.

Эгё

Болаларча севимли, ширин, ёқимли бўлиш ҳисси.

Ҳозирги даврда корейс юлдузларининг ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган ёқимли белгиларидан бири. «Эгё» болалар каби ширин, ёқимли бўла олиш белгисидир. Табиий «эгё» бўлмасада, бунга эришиш мумкин. Сўз охирида унлиларни чўзиб айтиш, тўлдирувчиларни жумла охирида қўшиб юбориш ёки уларни болаларча анча баланд оҳангда  бузиб гапириш ва нутқни ифодали жумлалар билан гапириш.

Фото: Google Photos

Бармоқлар ёрдамида юрак шаклини чизиш ҳам корейсларнинг «эгё» маданияти таъсирида юзага келган. Бу анъанадан ҳаттоки юқори тоифа вакиллари ҳам воз кечмаган. Улар ҳам расмий тадбирларда шу анъана бўйича суратга тушади. «Эгё» маданиятини суратлар, интерерлар ва рекламаларда кўп учратиш мумкин. Гарчи бу маданияти ҳозирда корейс халқи орасида «ўзини кўз-кўз қилиш» сифатида тушунилаётган бўлсада, одамлар орасида кенг тарқалган жиҳат бўлиб қолмоқда.

Тинсан

Тоғдаги пиёда сайр.

Корея, асосан, тоғли мамлакат. Деярли ҳар бир шаҳар ёки унинг яқинида тоғли жойлар мавжуд. Барча ёшдаги кексалар орасида «тинсан» – тоғларга сайр қилиш оммалашган.

Фото: Google Photos

«Алпинизм» ёки «тоғ сайри» тушунчалари «тинсан» сўзининг тўлиқ моҳиятини очиб беролмайди. Биринчидан, корейс тоғлари унча баланд эмас, иккинчидан, хавфли бурилишларга эга эмас, учинчидан, тоғлар аҳоли учун қулай жойлашган.

Шунинг учун ҳам кекса корейслар баланд тоғ тепаликларида юрганда ҳормайдиган, чарчамайдигандек таассурот қолдиради. «Тинсан» учун корейслар алоҳида кийим кийишади. Кореяда тоғ сайри ишқибозлари учун алоҳида клублар фаолият юритади. Инсонлар қишда биринчи қор ёғишидан мафтун бўлса, баҳорда илк тоғ дарахтларининг гуллашидан завқланади. Сабаби корейслар фасллар алмашинувини қадрлашади.

Ёю

Бирор нарсанинг ортиқчалиги, ошиқча, эркин ёки қолдиқ нарса эканини ифодаловчи тушунча.

Кўриниб турибдики, бу сўз турли маъноларда учрайди. Нутқда «Ёю» бўш вақт йўқ, пул йўқ, жой йўқ маъносида ишлатилади. Аммо бу сўз шахсларнинг ишчанлиги борасида гап кетганда – мукаммал раҳбар, муваффақиятли инсон сифатида талқин қилинади.

Фото: Google Photos

«Ёю»га эга шахс энг мураккаб вазиятларда ҳам ўз вазминлигини, иродасини йўқотмайди. Ўз салоҳиятини тоғри англайди, ва ортиқча масъулиятни ёрдамчилари билан баҳам кўради. Асосийси, у иш жараёнида барча нарсани режалштиради, мураккаб вазиятга тушиб қолмайди, аксинча, вазиятни вазминлик билан ҳал қилади. У дам олишни ҳам унутмайди, чунки дам олиш унга я нги режалар учун куч тўплаш имконини беради.

«Ёю»га эга бўлиш бу – жиддийлик, эътиборлилик, сафарбарлилик ва шу билан бирга майинлик ҳолатидир.

Кёюннёль

Сажда, ўқишга интилиш.

Бу таркибли сўз бўлиб, биринчи қисми, «маълумот», сўнгги қисми эса «иштиёқ, интилиш, кучли истак» маъносини билдиради. «Кёюннёль» конфуцийлик таълимотидаги билим олишга бўлган  интилишнинг ёрқин мисолидир. Деярли минг йил мобайнида Кореяда мансабга эга бўлиш учун давлат имтиҳони тизимида амал қилди.

Фото: Google Photos

Унга мувофиқ (ҳар ҳолда назарияда) табақасидан қатъий назар қобилиятли ва қатъиятли ҳар бир одам давлат мансабига эга бўлиши мумкин эди. Муваффақиятли топширилган имтиҳон юқори ижтимоий мақом, фарзандларга юқори маълумот беришни кафолатлар эди. Имтиҳонларга тайёргарлик болалик давридан белгиланган ва асосан, иероглифлар ҳамда уларга шарҳлардан иборат конфуцийча таълимотдан иборат бўлган.

Ҳозирги корейсларда мансаб учун давлат имтиҳони ўрнини олий ўқув юртига кириш имтиҳони эгаллади. Университет дипломи мамлакатда яхши карьеранинг мажбурий шартигина эмас, ҳурматли доиралар, омадли никоҳнинг ҳам белгисидир.

Пудам

Ахлоқий бурчнинг оғир юки ёки масъулияти.

Таржимада қийинчилик туғдирадиган бу сўз тез-тез учраб туради. Сабаби корейс муомала маданиятининг каттагина қисми айнан шу – «пудам» етказмасликдир. Суҳабтдошнинг «пудам»ни ҳис қилдириши, масалан суҳбатдошига нисбатан қўлидан келмай қолган ишни ёки илтимосни топширишидир.

Фото: Google Photos

Шу сабабдан корейслар илтимос қиладиган бўлса, суҳбатдош тайёрланиб олиши учун гапни узоқдан бошлашади. Суҳабтдошининг «пудам»ини камайтириш учун «агар бу қийин бўлса, рад этишингиз мумкин» иборасини қўшиб қўйишади.

Корейсларда анча қиммат совға бериб ҳам инсонни «пудам»га солиб қўйишингиз мумкин. Мактаб ёки олий таълимда конкурс ғолибларини тинчлантириш учун «ўзингизни қийнаманг, қатнашишдан қониқиш ҳосил қилинг» дейишади. Бунга албатта «ҳечқиси йўқ, алоҳида иш қилганим йўқ» дея жавоб бериш одоб этикасига мос келади. Корейс тили грамматик тузилишига кўра «пудам» ҳиссини камайтиришга ёрдам беради.

Тосирак

«Лунч бох», уйдан олиб келинган тушлик.

Аксарлар «доширак» тез тайёрланадиган тушлик эканини билишади. Лекин «тосирак» (талаффузда «тоширак») инглиз тилидаги «ланч бокс», япон тилидаги «бенто» – бўлмалари бор қутига солинган тушлик маъносини беради.

Фото: Google Photos

«Тосирак»ка қоидага кўра бир порция гуруч, бир неча газак ва кимтхи киради. Бундай таом тез айнимайди. Она ўғли учун мактабга «тосирак» бериб жўнатади дегани, у фарзандига тушлик бераётганини эмас, балки у фарзандига ғамхўрлик қилаётганини англатади.

«Доширак» лапшанинг номи бўлсада, аслида, уйда тайёрланган тушликни билдиради. Кореяда бу меҳр билан тайёрланган тушлик бўлса, бошқа мамлакатларда, масалан, Россияда, пул камлиги сабабли ёмон овқатланганлик маъносини англатадиган бўлиб қолган.