Коронавирус сабаб ўзини ўзи изоляциялаш қанча кўп давом этса, Instagram ва бошқа ижтимоий тармоқларда юлдузларнинг фото ва видеолари, челенж ва флешмоблари сони ортаверади. Тиниб-тинчимаган машҳурлар зерикиш ва бекорчиликдан нималарни ўйлаб топмайди дейсиз? Айниқса, мода чиқишларида турли хил либосларда юрган моделларнинг уйда қолиши нима билан тугашини тахмин қилиш мумкин.
Америкалик модел Белла Ҳадид баҳор келишига қарамай Instagram саҳифасига қишки кийимда тушган суратини жойлади, деб ёзади Elle. Суратдан Ҳадиднинг қалин кийимларини олиб қўйишга улгурмаганини билиш мумкин. Қалин водолозка ва шапкада суратга тушган Белланинг танлови кўзга ташланадиган оловранг бўлиб, ушбу ранг киши кайфиятини кўтариши хусусиятига эга.
Шунингдек, мазкур ранг ушбу мавсумнинг энг долзарб рангларидан саналади. Ҳойнаҳой, модел уйдалигида ранглар терапияси ҳақида маълумотларни ўрганиб, максимал даражада ўзини тетик ҳис қилишга ва асабларини тинчлантиришга уринаётгандир.