Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси «regulation.gov.uz» порталига «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳомакамага қўйилди.

Фото: «Дарё»

Лойиҳага кўра, Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 30 апрелда қабул қилинган 607-I-сонли қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси 212-моддасининг биринчи қисмидаги «никоҳланувчи шахслардан бирининг яшаш жойидаги» деган сўзлар «республиканинг исталган ҳудудидаги» деган сўзлар билан алмаштирилиши;

Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 21 апрелда қабул қилинган «Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги қонуни 14-моддаси учинчи қисмидаги «жойлаштиришга йўл қўйилмайди» деган сўзлардан кейин «Давлат хизматлари марказлари эгаллаб турган бинолар ва ҳудудлар бундан мустасно» деган сўзлар билан тўлдирилиши;

Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 8 январда қабул қилинган «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонуни 40-моддасининг учинчи қисмидаги «ёки» деган сўз «ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва миқдорда» деган сўзлар билан алмаштирилиши кўзда тутилган.

Лойиҳанинг 4-моддасида ҳукумат қарорларини ушбу қонунга мувофиқлаштиш, давлат бошқаруви органлари ушбу қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини ҳамда қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига топширилади. Лойиҳа тасдиқдан ўтгач қонун Президент томонидан имзоланганидан кейин эълон қилинганидан бошлаб кучга кириши белгиланган.