«Ўзбекистон» телеканалининг «Ойдин ҳаёт» ток-шоуси жонли эфирда намойиш этилаётган вақтда Ўзбекистон ҳудудида зилзила содир бўлди. Ижтимой тармоқларда зилзила пайтида жонли эфирдаги кўрсатув бошловчилари ўзларини қандай тутгани акс этган видео тарқалди.

Видеода ток-шоу бошловчиси Гулруҳ Тошматова матн ўқиётган пайтда студия қаттиқ силтаниб кетади. Шунга қарамай бошловчи қўрқувини енгиб, матнни ўқишда давом этади. Кўрсатувнинг студияда ўтирган меҳмони тинмай «Субҳаноллоҳ» деб қайтаради.

Гулруҳ Тошматова ўз матнини ўқиб бўлганидан кейин иккинчи бошловчи Шуҳрат Раҳматжонов бироз тутилиб, қисқа танаффус эълон қилган.

Эслатиб ўтамиз, 26 март куни Тошкент вақти билан 09:44 да Ўзбекистон—Тожикистон чегарасида зилзила содир бўлди. Тошкент шаҳрида унинг кучи 4 баллга тенг бўлди.

Бир неча йил олдин «Ўзбекистон» телеканалининг «Ахборот» информацион дастури ёзиб олинаётган вақтда ерости силкинишлари содир бўлган, бошловчи эса студияни ваҳима билан тарк этган видео тарқалганди.