Бутунжаҳон бокс ташкилоти (WBO) коронавирус сабабли барча режалаштирилган мусобақаларини июнь ойигача қолдирилганини эълон қилди. Бу ҳақда ташкилот расмий сайтида хабар берилди.

Фото: WBO

«Бутунжаҳон бўйлаб тарқалаётган коронавирус пандемияси фонида WBO барча бокс мусобақаларини 2020 йил июнига қадар кечиктирди. Бу борадаги янгиликлар бериб борилади», — дейилади ташкилот баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, шу кунга бир нечта бокс кечаси бекор қилинди. Жумладан, ярим оғир вазн тоифасида WBC, IBF камарлари соҳиби Артур Бетербиевнинг 28 март куни Фанлунг Мэнгга қарши ўтиши режалаштирилган жанги ҳам вирус сабаб бекор қилинди.

Ярим оғир вазн тоифасида (-79,3 кг) ўтиши режалаштирилган Сергей Ковалёв ва Салливан Баррера ўртасидаги жанг бекор қилинди. Ушбу жанг 25 апрель куни АҚШнинг Индио шаҳрида бўлиши лозим эди. Ушбу жанг оқшомида рингга чиқиши кутилган япониялик енгилмас боксчи Наоя Инуэ ҳам Жон Каземирога қарши жангни бошқа муддатда ўтказиши таъкидланди.

2 май куни Лас-Вегасда профессионал бокснинг ўрта вазн тоифасида ўтиши режалаштирилган ушбу вазндаги WBA чемпиони Сауль Альварес ҳамда суперўрта вазндаги WBO чемпиони Билли Жо Сандерс ўртасидаги жанг ҳам ўз вақтида бўлмаслиги эълон қилинди.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!