Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) коронавирус инфекциясининг дунё бўйлаб тарқалиши тезлашганини маълум қилди. Бу ҳақда Meduza хабар берди.

Фото: «РБК»

Ташкилот бош директори Тедрос Гебрейесуснинг маълум қилишича, коронавирус билан боғлиқ дастлабки 100 мингта ҳолат 67 кун ичида қайд этилган бўлса, кейинги 100 мингта ҳолат учун 11 кун керак бўлди. Учинчи 100 мингталик ҳолат эса тўрт кун ичида қайд этилган.

ЖССТ 24 март, сешанба куни, дунёнинг 190 та давлатида коронавирус билан касалланиш бўйича қарийб 335 мингта ҳолатни қайд этган. Қурбонлар сони 14,6 минг кишини ташкил қилган.

Вирус тарқалишини реал вақт режимида кузатиб борувчи Жонс Хопкинс университетининг маълум қилишича, 382 минг киши коронавирусни юқтириб олган, 16,5 минг киши касалликдан вафот этган, қарийб 102 минг киши тузалиб кетган.

Коронавирус сабабли Токио—2020 Олимпиадаси 1 йилга кечиктирилди. Халқаро валюта жамғармаси 2020 йилда жаҳон иқтисодиётини 2008 йилдагидан ҳам оғирроқ рецессия кутаётганини маълум қилди. АҚШ президенти Дональд Трамп коронавирус сабаб жорий этилган чекловларни бекор қилиш режаси ҳақида гапирди. Бразилиядаги футбол стадионлари шифохонага айлантирилмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 50 нафарни ташкил этмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланганларнинг 30 нафари чет элда бўлиб қайтган. 18 нафар фуқаро эса улар билан яқин мулоқотда бўлиб, вирусни юқтириб олган.