Австралиянинг Перт шаҳрида истиқомат қилувчи эркак ўзининг саккиз ёшли қизи томонидан ёзилган коронавирусга қарши курашиш режасини топиб олди, деб хабар беради The Sun нашри.

Фото: Facebook / Dadminusone

Грег Хьюс Facebook’даги саҳифасига қизи Оливия томонидан ёзилган коронавирусга қарши курашга тайёргалик жараёнида керак бўладиган воситалар рўйхатини жойлаштирди. Шу орқали у бошқа ота-оналарни ўз фарзандлари билан коронавирус пандемияси ҳақида гаплашиб туриш лозимлиги борасида огоҳлантирган.

Қизалоқ томонидан А4 варағига ёзилган режа уч бўлимдан иборат: пандемияга тайёргарлик кўриш жараёни, хоббилари рўйхати ва ўз ҳиссиётларини ифодалувчи эътирофлар. «Бир вақтнинг ўзида ҳам қўрқувни, ҳам хотиржамликни ҳис қиляпман. Бунинг оқибатида ҳали бирорта ҳам ёш бола ўлмаганини ўйлаганимда, аҳволим яхшиланмоқда», — деб ёзади Оливия.

Фото: Facebook / Dadminusone

Қизалоқнинг рўйхати қуйидаги тартибда давом этади: изоляция вақтида ўзига бирор юмуш топиш, қўлларни ювишни унутмаслик, имкон қадар юзга тегинмаслик ва яқин-атрофдагиларни бир метр оралиқ масофани сақлаш. Шунингдек, Оливия расм чизиш ва бўлиб ўтган воқеаларни ёзиб қолдириш каби хоббилари борлигини қайд этган. Унинг фикрича, ушбу машғулотлар унга изоляция вақтида ёрдам бериши керак.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ушбу пост учун Хьюс ҳамда унинг қизига миннатдорчилик билдирган. «Қизингни ваҳимага берилмасдан шу қадар тайёрлаганинг жуда ажойиб иш бўлибди», — деб ёзади фойдаланувчилардан бири.