Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олган фуқаролар сони 13 нафарга етди. Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар бермоқда.

Сўнгги маълумотларга қараганда, Истанбулдан келган Ўзбекистон фуқароси ва Лондонда бўлиб қайтган яна бир Ўзбекистон фуқаросининг турмуш ўртоғида ҳам коронавирус инфекцияси аниқланган.

«Ҳар икки фуқаро ҳам қатъий тиббий назоратда бўлган. Беморларнинг аҳволи ҳозирча қониқарли бўлиб, шифокорлар томонидан даволаш муолажалари олиб борилмоқда», — дейилади вазирлик ахборотида.

Қўшимча қилишларича, инфекция тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида олиб борилаётган эпидемиологик суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.

Бунгача 11 март куни Франциядан (вирус 15 март куни аниқланган), 14 март куни Буюк Британиядан, 15 март куни Туркиядан қайтган, шунингдек, Дубайдан қайтган жами тўрт нафар фуқарода коронавирус инфекцияси аниқлангани ҳақида хабар берилган эди.

Бундан ташқари, Франциядан қайтган фуқаронинг ўғли, қизи, турмуш ўртоғи, невараси ва бир қариндошида, Туркиядан қайтган биринчи беморнинг рафиқаси ва улар билан бир рейсда бўлган яна бир фуқарода ҳам касаллик аниқлангани маълум қилинган эди.