Хабарингиз бор, Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ ҳолатлар қайд этилди. 11 март, чоршанба куни «Ўзбекистон ҳаво йўллари»нинг Париж—Тошкент рейси билан учиб келган аёл 15 мартга ўтар кечаси Республика вирусология институтига мурожаат қилди. Чамаси икки соатлар ўтиб, таҳлил натижалари чиқди ва у коронавирусга чалингани маълум бўлди.

Коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида Наврўз сайиллари бекор қилинди, диний маросимлар ўтказишни вақтинча чеклаш тавсия қилинди ва 16 мартдан бошлаб хорижий давлатлар билан барча авиарейслар бекор қилинди.

Ҳукумат журналистлар, блогерлар, шунингдек, оддий аҳолини ваҳимага тушмасликка, касалликни яширмасликка  ва ёлғон маълумот тарқатмасликка чақирди. Бу ташаббусни биринчилардан бўлиб Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш фонди қўллаб-қувватлади:

Ҳурматли журналистлар ва блогерлар!

Хабарингиз бор, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқланди. Бугун Вазирлар Маҳкамасида бўлиб ўтган брифингда мамлакатда инфекциянинг тарқалишига қарши курашиш бўйича бир қатор чора-тадбирлар кўрилганлиги маълум қилинди.

Бутун дунё учун синовли кунларда биз Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари вакилларини ушбу мавзу бўйича тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмасликка, хотиржамлик ва оқилона бўлишга чақирамиз. Чунки ахборот маконидаги кайфият сизга боғлиқ.

Шу муносабат билан, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш фонди Сизни ваколатли органларга коронавируснинг олдини олиш бўйича фойдали маълумотларни тарқатишда ва жамиятимизни бирлаштиришда ёрдам бериш учун барча имкониятларни ишга солишга чақиради.

Коронавируснинг Ўзбекистонда тарқалиши ҳақида нотўғри маълумотлар тарқалишининг олдини олиш ва тасдиқланган маълумотлар узатиш мақсадида Telegram’да расмий @koronavirusinfouz канали фаолияти ташкил этилди. Шунингдек, коронавирус бўйича барча саволларга 1003 рақами орқали жавоб олиш мумкин.

Касалликнинг Ўзбекистонда қайд этилиши ўзбек интернет оламини ларзага келтирди.

Халқ сифатида синаладиган вақтимиз келди. Вирус ўта хавфли ва бу масалага жиддий муносабатда бўлиш талаб қилинади. Лекин бу оломонга айланиш учун сабаб эмас. Умид қиламанки, карантиндан сўнг кўп нарсалар ўзгаради. Одамларимизда шахсий гигиенага муносабат, фавқулодда ҳолатларда ҳовлиқмасдан иш кўриш, соғлиқ маданияти, кассаларда ва бозорларда навбатда туриш маданияти, савдогарларда фавқулодда ҳолатларда ҳам инсонийлик ва виждонни сақлаш одати, медицинамизнинг ташкилий томони ва ҳоказолар. Халқ бўлиб, ички хотиржамликни сақлаган ҳолда ҳушёрлик билан масъулиятни ҳис қилиб карантиндаги даврни ўтказайлик.

Рустам Ашуров

#kelingbirlashamiz

Хитой бу касални енгди биласизларми, нима учун? Улар бирлашди. Гигиенага қаттиқ риоя қилди. Коронавирус учун қўшимча қурилган шифохона қурган қурувчилар ойлик олмади. Одамлар коронавирус касаллигига қарши курашиш фондига, шифокорлар фондига маблағ ўтказди, ҳокимиятлар ва ароқ заводи раҳбарлари одамлар эшик тутқичлари ва лифт тугмаларини спирт билан артиб, кейин ушлашлари учун бир литрлик спиртларни уйларга текинга тарқатди, ЖЭКка ўхшаш идоралар (бизда маҳалла) антисептик воситалар ва спиртларни тарқатди, текинга эшик олдиларига ва лифтлар олдига ҳўл салфеткалар қўйиб қўйишди, ниқобсиз юрган одамни кўнгиллилар тутиб беришди ва жазога тортишди, карантиндаги оилалар уйи олдида 14 кунлаб полиция қоровуллик қилди, кўчаларда хлорга ўхшаш суюқликни тинимсиз машиналардан сепишди, қисқаси, улар бирлашди. Ҳозир водийга текинга талабаларни бир ҳайдовчи олиб кетибди. Қизим докадан ўнта ниқоб тикди ҳозирча, текин тарқатмоқчимиз, Туркияда профилактика учун имбирь текин тарқатилмоқда. Келинг майли нима топсак профилактика учун одамларга тарқатайлик, бирлашайлик. Бир киши ниқоб тақмай ёки тартиб-қоидага бефарқлик қилиб касал бўлса, қанча одамга юқтиради ва ниқоб тақса, олдини олса, қанча одамни сақлаб қолади. Сақлаб қолувчи ҳам тарқатувчи ҳам сиз ёки мен бўлишимиз мумкин.

Барно Султонова

Хуш келибсан, коронавирус! Турклар меҳмон келса, «Бошимиз устида ерингиз бор», дейишади. Самарқандда тожик оғайниларимиз «Хуш омадед, нури дийда тожи сар», яъни «Хуш келибсиз, кўзимизга нур, бошимизга тожсиз», дейишади.

Хуллас, кутдикми, кутмадикми, бизга ёқадими, ёқмайдими, коронавирус Ўзбекистонга келди! Ниҳоят келди! Коронавирус борлиги қайд этилган дунёдаги энг охирги давлат бўламизми, дегандим, хайрият, энг охирги бўлмадик. Бугун эрталаб бизга ҳам келгани эълон қилинди! Ҳамма худди коронавирусни ўзи, ўз уйида меҳмон қиладигандек бозорга чопди! Ун, ёғ, шакар, макарон, ҳатто тузга ёпишди одамлар! Тавба қилдим, олган нарсангизни қанча вақт ейсиз? 14 кунми? Кейин-чи? Яна ташқарига чиқасизми? Менимча, коронавирусни яхши кутиб олмаяпмиз. Ҳовлиқиб қолдик, менимча. Коронавируснинг ўзидан қанча зарар кўрамиз, ҳали буни Аллоҳ билади, аммо унинг ваҳимасидан, васвасадан кўпроқ зарар кўришимиз мумкин.

Мен бошқа нарсани ўйлаб қолдим. Ўлимни. Жанозаларни. Эътибор берганмисиз, ўлимда, айниқса жанозаларда бир ибрат бор: ҳамма бир-бирига меҳрибон бўлиб қолади, одамлар жипслашади. Топилмаган нарсалар топилиб, ҳал бўлмай юрган муаммолар ҳал бўлиб кетади. Ўлган одамнинг кўчаси асфальт бўлиб қолади, ҳеч бўлмаса тош тўшалади, чор-атроф тозаланади. Энг муҳими, жаноза куни одамлар ўзларининг ўзбек эканини эслаб қолади, эркаклар тўн, дўппи кийиб, белига белбоғ боғлайди. Аёллар сандиққа кириб кетган лозимларини олиб кийишади, устига ҳам авратини тўсадиган кийим кийиб, бошига рўмол ўрайди. Уларни кўрган эркаклар «Четда туринглар, аёллар ўтиб кетсин!» дейди. Жаноза кунигина ўзбек қандай бўлиши керак бўлса, шундай бўлиб қолади. Тавба қилдим, кўнглимдан ғалати гаплар ўтади ўшандай пайтлари: «Ҳар куни жаноза бўлиб турса яхши экан...»

Хўш, коронавирус келди, энди нима қиламиз?

Менимча, коронавируснинг ҳам яхши томонини кўра билишимиз керак, коронавирусдан ҳам ибратланишимиз керак. Худди жанозадагидек, жипслашишимиз, бир-биримизга меҳрли, мурувватли бўлишимиз керак. Васваса билан бозорга чиқиб, бозорни супуриб-сидириб келсак, қолганлар очликдан қирилиб кетмасин яна!

Кейин бу ишимиз олибсотарларнинг ҳам тегирмонига сув қуйиши аниқ. Ҳали коронавирус келмай туриб 5 юз сўм турган ниқобларни 4-5 минг сўмдан сота бошлаган, ҳали камида 10 минг сўмга сотаман, деб бекитиб қўйган бу муттаҳамлар нарх-навони кўтариб юбормаслигига ким кафил? «Нархни оширсанг, жазолайман», дегани билан ҳамма бирдан оширса, кимни жазолаб бўлади?

Оломон ёмон! Оломонни бошқариб бўлмайди! Бошқа масалада нима бўлса бўлди, мана шу коронавирус масаласида оломонлашмаслигимиз шарт!

Каримберди Тўрамурод

Ҳазилга ҳам ўрин топилди.

Коронавирусга қарши курашиш бўйича жойларда тадбирлар ўтказиш ишлари бошланса керак.

Яхшиси, шу коронавирусни 159-модда билан бир тавбасига таянтирайлик. Қаерга келиб қолганини билмаяпти, шекилли. Бу бадбахт вирусни ҳеч қайси мамлакатда бунчалик мазах қилишмаган бўлса керак.

Вирус ҳуқуқларини топтамайлик, ўртоқлар, ҳурматини жойига қўяйлик, уч кунда кетади барибир.

Чопра Соҳиб

Юқоридаги постлардан бирида айтилганидек, коронавирус ҳақида эшитган айрим фуқаролар саросимага тушиб, шошилинч дўконларни бўшата бошлади. Тошкент марказида, шунингдек, вилоятларда дўконлар бўшаб қолгани ҳақида гаплар тарқалди, бу ҳолатлар акс этган суратлар чиқди. Шу вазиятда кўпгина блогерлар, фаоллар аҳолини хотиржамликка чақирди. Дўконларга ёпирилиш, биринчидан, бефойда ишлиги, иккинчидан, нархлар ошишига, ваҳима кўтарилишига сабаб бўлиши айтилди.

Бугун шомдан кейин велосипедимни миниб Юнусобод тарафларга бордим. Йўл бўйи озиқ-овқат дўконлари, Юнусобод деҳқон бозоридаги тирбандликни кўриб, Худо сақласин, уруш бошланиб қолдими, деб ўйлайсиз. Бозор атрофи машинага тўлиб кетган. Одамлар қоплаб маҳсулотлар олишяпти. Мен кўрган йўловчиларнинг 15 фоизи ниқоб таққан. Йўл-йўлакай 20 тадан ортиқ дорихонага кириб чиқдим. Биронтасида ҳам ниқоб йўқ. Охири қўлдан олдим: 3 500 сўм. Орада ишимни битириб чиқиб яна сўрасам 4 мингга чиқибди. Одамлар 10-20 талаб оляпти. Аксар дорихоналарда исириқ ҳам тугаган. Қўл учун антисептик восита ҳам дефицит. Бошқа пайт ҳеч ким олмайдиган бир боғ исириқни бозор атрофида 5 минг сотишяпти. Ишимни битиргач, атай Юнусобод бозорига кирдим. Кеч бўлса-да, озиқ-овқат бозори ишламоқда. Нархлари билан қизиқдим. Ун, гуруч, ёғ ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошмаган. Бозорда саримсоқ қолмабди. Килосини 50 мингдан сотишибди. Лимон ҳам кам қолибди. Катталарини доналаб 3 500-4 500 дан сотишяпти. Мен бозор ичидан кичикроқларини 10 мингдан олдим (килосини).

Барча давлатларда бўлганидек, бизда ҳам ваҳима ва ажиотаж бўлиши табиий эди. Бу ҳолат узоғи бир ҳафтада ўз йўлига тушиб кетади, деб ўйлайман. Ваҳима қилмаслик учун эса бир қанча сабаблар бор:

  1. Ўзбекистонда ҳали фавқулодда ҳолат жорий қилинмади. Кўчага чиқишга тақиқ қўйилгани йўқ. Ниқобни тақиб бемалол кўчага чиқиш мумкин.
  2. Бошқа давлатлар тажрибасидан маълумки, эпидемия энг чўққисига чиққан маҳалларда ҳам озиқ-овқат ва тозалик моллари дўконлари, дорихоналар ёпилмайди. Бундай пайтда давлат дефицитнинг олдини олиш учун барча чораларни кўриши шарт.
  3. Коронавирус 100 фоиз давосиз касаллик эмас. У 80 фоиз ҳолларда енгил кечади. Вирусни юқтириб олганингизни билмаслигингиз, у танангизда ўлиб, йўқ бўлиб кетиши ҳам мумкин. Уни юқтирганлар орасида ўлим асосан 70 ёшдан ошганлар орасидадир. 50 ёшгача бўлганлар орасидаги ўлим фоизи ярим фоиз ҳам эмас.

Асосийси, ўзингизга ва оилангизга эҳтиёт бўлинг. Шифокорлар тавсия этган амалларни бажаринг. Шундагина бу синовдан эсон-омон ўтиб оламиз.

Давронбек Тожиалиев

Бразилияда бир капалакнинг қанот қоқиши Техасда торнадога сабаб бўлиши мумкинми?

Рости билмадим.

Лекин Уханда бир хитойликнинг кўршапалак ейиши Тошкентнинг қоқ маркази Халқлар дўстлигидаги минимаркетда ҳожатхона қоғози ва суюқ совун қолмаслигига сабаб бўлиши мумкин экан.

Фируз Аллаев

Скрин: «Дарё»

Дўконларда ваҳима. Ҳамма нарса сотилиб кетяпти. Асосан кўринишдан 45+ бўлган одамлар харидор. Иккитаси ҳожатхона қоғози туфайли жанжаллашаётганини кўрдим. Иккита блокни бўлиша олишмаётганди.

Бир аёлга яқинлашиб сўрадим: «Нега ҳамма нарсани сотиб оляпсизлар?»

«Нархни кўтаришади. Расталарда ҳеч нарса қолмайди», деди.

«Чегара одамларга ёпилди, товарларга эмас. Бозор иқтисодиёти ахир», дедим.

«Нега ақллилик қиласан?», деди.

Тақчилликни бошидан ўтказган катта авлод ўтмишнинг салбий тажрибасини репликация қиляпти. Одамлар СССРда яшаган, тақчил 90 йилларни бошидан ўтказган. Ҳозир валюта сотиб олишни ҳам бошлашарди. Бу авлоддан хавотирдаман. У XXI асрда яшаётганини тушунмайди.

Уйга кетаётганимда қўшни аёлни кўрдим. Қўлида уч блок ҳожатхона қоғози. Бир ўзи яшайди.

Нега ҳамма нарсани сотиб оляпсизлар? Ваҳимани йиғиштиринг.

Али Қаҳҳоров

Скрин: «Дарё»

Дўконга бордим. Ҳамма нарса бор. Гречкадан бошқа. Дўстлар. Гречка сотволишни бас қилинг! Нега бундай қиляпсиз?

Биринчидан, у унчалик мазали эмас.

Иккинчидан, бу Тошкентми ё Россиянинг ўрта чизиғими? Волгабўйими? Беларуснинг Гомель вилоятими?

Қачондан бери гречка рационимиз асосига айланди? Ундан нима тайёрлаяпсиз? Гречкали паловми? Гречкали сомсами? Греч-маставами?

Гуруч расталарига тегинилмаган. Гречкани яқинда талон орқали беришади шекилли. Нималар бўляпти.

Никита Макаренко

Коронавирусга чалинган фуқароларнинг шахси очиқ айтилишига «Вашингтон кундалиги» Telegram-каналининг муносабати қуйидагича:

Ижтимоий тармоқларда коронавирусга чалинган ўзбекистонлик беморнинг исм-шарифи, ҳатто яшаш манзилигача бўлган маълумотлар тўлиқ берилган хабарларга кўзим тушди. Кўринишидан, бу маълумотларни расмий манбалар тарқатганга ўхшайди. Бу мутлақо қабул қилиб бўлмас ҳолат. Бутун дунёда коронавирусга чалинган инсонлар шахси, ҳатто жинси сир сақланмоқда. Жамоатчиликнинг уларга нисбатан салбий муносабатидан, турли таҳдидлардан ҳимоя қилиш учун. Янги вирусга оид ваҳималар, турли нотўғри стереотиплар кучайган бир пайтда беморларнинг шахсини фош қилиш мутлақо нотўғри амалиёт. Уларнинг шахсий дахлсизлигига, ҳаётига турли таҳдидларни келтириб чиқариши мумкин. Оммавий ахборот воситалари ва блогерларни беморлар шахсига оид маълумотларни тарқатишдан тийилишга чақираман.

Бундан 100 йил олдин Хитойда «испанка» касаллигидан 9,5 миллион одам вафот этган. Италияда — 650 минг киши. Ҳар гал коронавирус сизни даҳшатга солганда, ушбу рақамларни эсланг.

...

Франциядан самолётда очарчилик эмас, коронавирус юқтириб олган юртдошимиз келган. Худо хоҳласа, у тузалиб кетади. Илоҳим, бошқа ҳеч ким бу дардга йўлиқмасин! Ҳукумат карантин эълон қилгани бу касалликни тарқалишига профилактика. Ахир, очарчилик эълон қилингани йўқ-ку! Бозор ва савдо комплексларида зомби каби юриб, барча маҳсулотларни ғамлашни бас қилинг, тўхтатинг! Одамларни очлик ёки вирус эмас, балки очкўзлик ўлдиради.

 «Fayzbog.uz»

Шунингдек, баъзи учарлар фурсатдан фойдаланиб, нарх ошира бошлаши билан боғлиқ ҳолатлар кузатилди. Айниқса талабалар ёппасига вилоятларга қайтиши туфайли айрим таксичилар йўлкирани ошириб олгани кескин танқидларга сабаб бўлди.

Агар сиз айрим инсофсиз тадбиркорлик субъектлари томонидан нархларнинг асоссиз оширилишига гувоҳи бўлсангиз, Давлат солиқ қўмитасининг (71) 244-98-98 ишонч телефони ёки қисқа 1189 рақамли Call-марказга мурожаат қилишингиз мумкин.

Йўл ҳақининг сунъий оширилишига блогер Алимов муносабат билдирди:

Тошкентдан вилоятларга қатнайдиган таксистларнинг инсофсизига хат

Братан, нимага бунчалар пасткашсан? Нимага қандайдир шанс бўлиб қолса, гарчи у қайғу ортидан келган бўлса-да, шундан фойдаланиб қолишга ҳаракат қилаверасан? Нима, юртда метан газ нархи осмон бўлиб кетдими? Ёки йўлларни ёпиб қўйишдими? Ё бензин нархи кўтарилдими? Ё мошинангга вирус юқишидан қўрқяпсанми? Нима учун шу талабалар ҳам болам тенги, укам тенги болалар деб кўрмайсан? Нима учун уларнинг ўрнига ўз болангни қўйиб кўрмайсан? Бундай имкониятдан фойдаланиб қолиш керак, ишлар беш деб мийиғингда кулиб, қўлингни қўлингга ишқалаб турган мерзкий башарангни тасаввур қилганимда қайтаргим келяпти...

Лекин билиб қўй, қайтар дунё. Бир куни шу ишинг ўзингга ёки фарзандингга урмаслигига кафолат йўқ. Балки бугун сен кўпроқ пул ишлаб оларсан, кимнингдир норози бўлиб берган пулини болаларингга ҳам едирарсан. Аммо эртага биз вирусни енгиб ўтамиз. Бу кунлар ортда қолади. Ўшанда сен виждонинг билан ёлғиз қоласан, унинг сўроқларига жавоб бера олсанг бўлгани...

Скрин: «Дарё»

Мухбир Далиев ҳам бу масалага бефарқ қарамади:

Водийга қатновчи ҳайдовчиларга мурожаат

Отнинг ўлими итнинг байрами деган гап сизларга айтилган.

Мамлакатда эълон қилинган чекловлар туфайли нархни уч баравар кўтарган виждонингиз ҳайф.

Фуқаролар уйига қайтяпти. Байрамга кетаётган йўқ.

Шуни билдимки, юртни сотиб кетишингизга ҳам шубҳа йўқ.

Барчангизга қонуний чора кўрилиши учун барча мутасаддиларга мурожаат қиламан.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ўз Telegram-саҳифасида аҳолига мурожаат қилди:

Мамлакатимиз биринчи маротаба бундай қийинчиликка дуч келди ва номаълум қўрқувлар пайдо бўлиши табиий. Аммо ваҳима қилиш керак эмас. Биз ушбу рўйхатда биринчи эмасмиз ва бошқа мамлакатлар тажрибасини ҳисобга олган ҳолда биз яна-да самарали ҳаракат қилишимиз мумкин. Изоляция — бу одамларга қарши эмас, кўринмайдиган вирусга қарши кураш. Ҳозир биз вирус тарқалишига қарши саъй-ҳаракатларимизни бирлаштиришимиз керак. Ва бу икки ҳафта бизга қадрдонлар билан кўпроқ вақт ўтказиб, бир-биримизга ғамхўрлик қилиш учун имконият беради.

Саида Мирзиёева ва Комил Алламжонов ўз Telegram-каналларида #vahimasizkarantin ҳештегини жойлаштирди.

Скрин: «Дарё»

Скрин: «Дарё»

Ушбу ҳештег бир зумда ўзбек интернетида тарқалиб кетиб, кўплаб постлар остидан жой олди. Telegram’да ўтказилган қидирувдан ҳештег қисқа муддатда 250 марта ишлатилганини кўриш мумкин. Бу ҳештег орқали жамоат фаоллари, блогерлар, давлат ходимлари, соҳа вакиллари аҳолини ваҳима кўтармасликка, хотиржамликка чақирмоқда.

Скрин: «Дарё»

Хушнудбек Худойбердиев, шунингдек, талабаларнинг стипендияларини тўлаб беришни тезлаштириш кераклигини таъкидлади.

Хўўш, позитив ва оптимист бўлишда, ваҳимага берилмасликда давом этамиз.

Кўчага чиқдим. Халқда хотиржамлик бор қанақадир, хурсанд бўлдим. Атроф гўзал. Болаларни олиб тоза ҳавода сайр қилдиргим келди. Бир машина бўлиб шаҳар айландик. Сайрдан бир қувонишди, эртадан боғча йўқлигини эшитиб минг қувонишди. Улар шунчалик хурсандки, айтганларимизни сўзсиз бажаришяпти, қўлни қачон, қанча, нима билан қандай ювиш, ниқоб тақиш бўйича ҳатто бизга эслатиб туришибди. Зўр-а? Кўнгилда қанақадир ишонч, келажакдан офиятли умид бор. Ҳар не бўлса, хайрлиси дедик. Роҳатланиб уйга қайтишда бозордан доимгидек 5-6 қопгина картошка, сабзи, пиёз, макарон, ун, турп, шолғом, гуруч, ловия, маржимак, ҳўл мева, қуруқ қоқилардан оволдик. 10 литр ёғ, 5 кило гўшт дегандек майда-чуйда эҳтиёжлар. Якшанба, ахир, рўзғорлик куни. Тўғрими?

Янги ҳафтангиз хайрли ўцин. Ҳар доим тозаликка риоя қилинг. Ўзингизни асранг. Шунда бошқаларни ҳам асраган бўласиз.

Polimonolog

Депутат Расул Кушербаев Telegram-каналида қуйидаги постни жойлаштирди:

Ҳаёт давом этади!

Мамлакатимизда ҳам коронавирус аниқланганлик ҳолати расман эълон қилинди. Ҳукумат вирус тарқалишининг олдини олишга доир тегишли чора-тадбирларни кўришни бошлади.

Бироқ ҳозирда вирусдан ҳам кўра энг катта хавф бу саросима ва ваҳимага берилиш бўлиб қолмоқда. Хабар беришларича, коронавирус ҳақидаги маълумот эълон қилинганига саноқли соатлар ўтмаёқ айрим бозор ва савдо расталарида ёппасига озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиш авжига чиқишни бошлабди. Бу ўз-ўзидан озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабни ошириб, сунъий спекуляция учун шароит яратиши мумкин. Натижада сунъий равишда озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи ошиши, бозорлардаги савдо айланмаси учун тикилган маблағларни оммавий ортга қайтариш баҳонасида молиявий дефицит пайдо бўлиши, хориж валютасининг кўтарилиши ва миллий валютанинг қадрсизланишига сабаб бўлиши мумкин. Ортиқча ваҳимага берилиб, саросима кетидан озиқ-овқат, кийим-кечак, пул ғамлашга тушиш сунъий муаммолар келтириб чиқишига сабаб бўлишини унутмайлик. Агар бундай муаммолар пайдо бўлса унинг сабабчиси ўзимиз бўлиб қоламиз. Хуллас, коронавирус деса югуриб бир-икки ойлик «продукта»ни олишга шошмайлик. Маҳсулотлар керак бўлса бир йилга ҳам етади бозорда. Ҳаёт тўхтаб қолаётгани йўқ. Унутмайлик: ички хотиржамлик ва босиқлик эпидемиянинг асоратларсиз ўтишида асосий омил.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин Германия вайрона ҳолига келганди. Ўшанда четдан антифашистчи немислар янги Германияни тиклаш учун қайтишганди. Партияларга бирлашиб, давлатини ўнгланишига ҳисса қўшганди. Ўшанда энди тикланаётган Германияда деярли барча корхоналар давлатники эди. Немис ишчилари ортиқча эҳтиёжларини йўқотиб, ортиқча ойликларини ўзлари ишлайдиган корхона ҳисобига ўтказишганди.

Мамлакатда 10 минглаб уйсизлар, миллионлаб очликдан қийналаётганлар бўлган. Дўконларда халқнинг биринчи истеъмол товарларига деярли ортиқча нарх қўйилмаган. Даромад манбаси сифатида қаралмаган. Миллат бир-бирини ўйлаган. Шу тариқа немислар уч йил ичида урушдан аввалги Германия иқтисодий кўрсаткичларини тиклаган. Ҳеч ким ўзидаги мушкулликдан манфаати йўлида фойдаланмаган.

Бизда-чи? Ниқоб, тозалаш воситалари нархи ошди. Уйига қайтаётган ўқувчи, талабаларга йўл ҳақи оширилди. Дўконларда айрим ноинсоф халқ вакиллари нархни икки-уч баробар оширди. Миллатнинг миллатлиги қийинчиликда билинади. Бир вақтлари уруш шароитида бошқа миллат вакилларини ҳам боққан миллат бугун ўзидаги қийинчиликдан «унумли» фойдаланмоқда. Яна бундайларни давлатдаги коррупция, солиқлар, нархлар, тўловлар оширилишидан нолишига ўласанми? Аввал миллат бўлиб ол, кейин кариллайсан.

Зафарбек Солижонов

Коронавирус мавзусини жиддий олиш керак. Ҳар қандай тасдиқланмаган, ёлғон ва сохта хабарларни тарқатишдан тийилиш керак.

Бунақа вақтда ёлғон хабар тарқатганларга жиддий чоралар кўрилади ва бу тўғри.

Ўзингизни эҳтиёт қилинг, ваҳималарга берилманг.

Ҳозир фавқулодда ҳолат, давлат билан ўйнашманг.

Санжар Саид

Хориж ОАВдаги таҳлилларни ўқиб келган хулосам.

Хитой бир ой ўтар-ўтмас коронавирус хавфини қисқартирди, деярли енгди. Вакцинасиз. Қандай қилиб?

  1. Ҳукуматнинг тезкор изоляцион чора-тадбирлари иш берди.
  2. Карантинга қатъий риоя этилиши куч ишлатар тизим томонидан тартибга солинди.
  3. Изоляцион, махсус клиникалар ташкил қилинди.
  4. Тиббиёт мутахассислари фидойилик кўрсатди.
  5. Энг муҳими, халқ бир куч бўлиб бирлашди. Бирлашиш шартли маънода. Ихтиёрий карантин қилди, маскасини тақди, қўлини ювди. Бир-бирига хавф туғдирмаслик учун бир-бири билан контактдан чекланди.

Биз нима қила оламиз?

Тепадаги тўрттаси учун бизга яна-да кучлироқ сиёсий ирода, катта маблағ, давлат сафарбарлиги керак.

Аммо текини ва осони бор. Яъни, бешинчиси ўз қўлимизда, ўзимизни кўнгилли тарзда вирус хавфидан изоляция қила оламиз.

Қўлимизни кўп-кўп ювиб турайлик.

Биз бу балойи офатдан кўп сабоқ олишимиз мумкин. Ҳеч бўлмаганда болалар ўртасида «кир қўллар» касаллиги – сариқ (гепатит А)нинг юқори кўрсаткичларини камайтиришга эришармиз.

Азиза Қурбонова

Фото: Telegram / @coronavirusinfouzb

Юқоридаги суратда касалликнинг грипп ва шамоллашдан фарқ қилувчи белгилари ажратиб кўрсатилган.

Навбатдаги суратда коронавирус тарқалгани ва бунинг натижасида савдо дўконлари фаолияти тўхтатилиши мумкинлиги тўғрисида тарқалган ёлғон ахборотлар сабаб дўкон ва дорихоналарда юзага келган харид ҳажмининг сунъий ошиши акс этган.

Скрин: «Дарё»

Скрин: «Дарё»

Ўзбекистонда коронавирус аниқланишидан бир неча кун олдин машина нархлари 20 фоизгача кўтарилгани оммавий норозиликлар келтириб чиқарган эди.

Бир ижтимоий тармоқ фойдаланувчисининг ҳазил тариқасида айтишича, коронавирус бутун диққатни ўзига қаратиб, UzAvto’нинг ишини осонлаштирди.

Скрин: «Дарё»

Кейинги суратда 14-15 март кунлари Ўзбекистонда умумхалқ ҳашари куни деб белгилангани ва 15 март кунининг ўзидаёқ коронавирус қайд этилгани назарда тутилмоқда.

Скрин: «Дарё»

Фото: Habikatura

Зафарбек Солижонов қуйидаги фикри билан ҳамма вирус мавзусига «ёпишиб олгани» ва вирус ижтимоий тармоқларнинг асосий мавзусига айланганини назарда тутяпти.

Скрин: «Дарё»

Навбатдаги фикр коронавируснинг кўршапалак истеъмолидан пайдо бўлгани ҳақидаги миш-мишлар билан боғлиқ.

Скрин: «Дарё»

Ҳабибулло Муйиддинов қаламига мансуб қуйидаги карикатура ижтимоий тармоқларда тезда оммалашди. Унда вирусдан ҳимояланиш учун талаб этиладиган ҳаракатлар креатив ва эсда қоларли усулда тасвирланган.

Фото: Habikatura

Касаллик тарқалиши билан айрим буюмлар, мисол учун, антисептик воситалар ва ниқоблар нархи кескин кўтарилиб кетиши Facebook тармоғида қуйидаги каби фикрларнинг урчишига сабаб бўлмоқда. Касаллик ҳақидаги хабарлар қуруқ мева, полиз маҳсулотлари ва гигиеник маҳсулотларга бўлган талабни ҳар доимгидан ошириб юборди. Буни Kapgir Telegram-канали касаллик тарқалгани тўғрисидаги хабар тарқалишидан икки кун олдин тахмин қилган эди.

Скрин: «Дарё»

Скрин: «Дарё»

Скрин: «Дарё»

Скрин: «Дарё»

Республикадаги деярли барча дорихоналарда ниқоб танқислиги вужудга келди. Кийим-кечак дўконларида тиббий бўлмаган ниқоблар 25 минг сўмдан 100 минг сўмгача нархланмоқда. Кўпчилик турли брендлар белгиси тасвири туширилган ниқоб сотишни бизнес қилиб олишга улгурди. Блогер Дима Қаюмнинг бу масалага муносабати қуйидагича:

Скрин: «Дарё»

Коронавирус ҳақида расмийлар томонидан билдирилаётган «ваҳимага ўрин йўқ» жумлалари кўпчиликда ваҳима уйғотаётган кўринади.

Скрин: «Дарё»

Исириқ ва саримсоқ савдоси ҳам бир неча бараварга ортган ва нархлар қимматлаган. Дима Қаюм машина баҳосига тенглашиб кетмасидан олдин исириқларни ғамлаб олмоқчи. Касалликка шу каби позитив муносабатлар ҳам учраб турибди. Бу, албатта, яхши.

Скрин: «Дарё»

Скрин: «Дарё»

Скрин: «Дарё»

Скрин: «Дарё»

Скрин: «Дарё»

Скрин: «Дарё»

Касаллик тарқалиши бутун дунё, шунингдек, Ўзбекистон бўйлаб барча оммавий тадбирлар, жумладан, спорт мусобақаларининг ҳам тўхтатилиши ёки мухлислар иштирокисиз ўтказилишига сабаб бўлмоқда. Навбатдаги мем шу ҳақда.

Скрин: «Дарё»

Скрин: «Дарё»

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари бир-бирларига карантин даврида нималар билан шуғулланмоқчисиз, мазмунидаги саволлар билан мурожаат қилмоқдалар. Кимдир китоб ўқимоқчи эканини, кимдир тўйиб ухлаб олмоқчилигини, яна кимдир уй юмушлари билан машғул бўлмоқчилигини айтди. Бир-бирига маслаҳат берган фойдаланувчилар ҳам талайгина.

Скрин: «Дарё»

Скрин: «Дарё»

Скрин: «Дарё»

Хабарингиз бор, 12 март куни қабул қилинган фармойишга асосан Ўзбекистон Эронга гуманитар ёрдам тариқасида бир қанча зарурий маҳсулотлар юборди. Навбатдаги «дуо» шу ҳақда.

Скрин: «Дарё»

Айрим позитив кайфиятдаги тармоқ фойдаланувчилари ОТМлар ва мактаблар фаолияти тўхтатилганидан хурсанд кўринади.

Скрин: «Дарё»

Скрин: «Дарё»

Карантин туфайли ОТМлар берган баҳорги таътил оқибатида вилоятга қайтаётган катта миқдордаги талабалар оқими вужудга келди. Пойтахт ва вилоятлар бўйлаб ҳайдовчилик қиладиган айримлар бундан фойдаланган ҳолда нархни ақл бовар қилмас даражада ошириб юборди. «Талабалар уйга байрам туфайли кетишмаяпти» дея алам билан ёзди бир Facebook фойдаланувчиси. Айтишларича, Сурхондарё вилояти учун йўлкира 300 минг сўмгача чиққан.

Скрин: «Дарё»

Мана яна бир позитив муносабат.

Скрин: «Дарё»

Карантин тартибини бузганлар учун жавобгарлик тартиби белгиланди. Шунингдек, касаллик ҳақида нотўғри маълумот тарқатиш жиноий жавобгарликка тортилишгача олиб бориши мумкинлиги таъкидланди.

Facebook’да мана бу ҳештег остида постлар пайдо бўлди:

Скрин: «Дарё»

Скрин: «Дарё»

Коронавирус туристик фаолиятга, концерт ва турли тадбирларга жиддий зарба бўлди. Навбатдаги мем шу ҳақда.

Скрин: «Дарё»

Касаллик тўғрисида шеър битишга улгурганлар ҳам бўлди.

Скрин: «Дарё»

Масалага мана бундай муносабат билдирганлар ҳам йўқ эмас.

Скрин: «Дарё»

Бу расмларга изоҳ ҳожат бўлмаса керак.

Фото: Facebook

Скрин: «Дарё»

Навбатдаги карикатуранинг Ўзбекистонга коронавирус кириб келишига алоқаси йўқ. Шундай бўлса-да, у анча қизиқарли.

Скрин: «Дарё»

Жўяли маслаҳат:

Скрин: «Дарё»

Чиндан ҳам, айтишларича, шаҳарларда ваҳима даражаси қишлоқдагига нисбатан анча юқори.

Скрин: «Дарё»

Навбатдаги хабар барчанинг кўнглини кўтарган ва умид бағишлаган бўлиши табиий.

Скрин: «Дарё»

Скрин: «Дарё»

Фото: Telegram / «Жиззахликлар»

Умуман, охирги пайтларда кўнгиллилар чиқиб, талабаларни бепул олиб кетиши, шунингдек, дорихоналар ва дўконлар нархларни тушириши кўп кузатилмоқда. Бундай инсонларга раҳмат айтмай иложимиз йўқ.

Мана сизга яна бир қанча позитивлар.

Скрин: «Дарё»

Скрин: «Дарё»

Скрин: «Дарё»

Скрин: «Дарё»

Скрин: «Дарё»

Скрин: Telegram / Нурқул минбари

Скрин: «Дарё»

Скрин: «Дарё»

Скрин: «Дарё»

Фото: Telegram / Раис бува

Фото: Facebook

Скрин: «Дарё»

Скрин: «Дарё»

Скрин: «Дарё»

Скрин: «Дарё»

Скрин: «Дарё»

Скрин: «Дарё»

Telegram’да бир қанча сўровномалар ташкил қилинди.

Скрин: «Дарё»

Скрин: «Дарё»

Twitter’га ўтамиз.

https://twitter.com/nodiranufiy/status/1239448486128615430

https://twitter.com/qoshni_mahalla/status/1239130599870390272

https://twitter.com/the_passsenger/status/1239454320422158336

Ижтимоий тармоқлар, умуман, интернет коронавирус ҳақидаги хабарлар-у муносабатларга тўлиб бўлди. Бирор тармоқ фойдаланувчиси бўлсангиз, лентангиздан бу мавзуга алоқаси бўлмаган ёзувларни топишингиз маҳол. Биз сизга шундай муносабатларнинг энг сараларини тақдим қилдик. Касаллик чекинганлиги ҳақидаги ижобий хабарлар кутиб қоламиз.