Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Айбек Саидов кўрсатмаси билан зоминлик Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Пирназар ота Аҳмедовнинг уйи янгидан таъмирланиб, хонадон жиҳозлаб берилди. Бу ҳақда «Дарё»га ҳарбий журналист капитан Ғайрат Мадраҳимов маълум қилди.
Маълум қилинишича, 30 январь куни округ қўмондони биринчи маротаба Зомин тумани Пишағар қишлоғига ташриф буюриб, 98 ёшга кирган уруш фахрийси билан суҳбатда бўлган. Суҳбатдан сўнг Пирназар ота яшаётган уй нураётганлиги, хона эса зах ҳамда талабга жавоб бермаслигини айтиб, қомондон уйни янгидан таъмирлашга кўрсатма берган.
29 февраль куни округ қўмондони, ҳарбий хизматчилар, маҳалла фаоллари ҳамда ёшлар ҳамроҳлигида Пирназар ота янги уйга кўчирилган. У яшайдиган хонадон эса шинам ва ёруғ, шу билан бирга замонавий уй жиҳозлар билан таъминланган. Шу куни уруш фахрийси хонадонида ҳашар ҳам ташкил этилди. Ҳарбий оркестр ижросида жанговар куй-қўшиқлар янгради.
Пирназар ота Аҳмедов урушдан кичик сержант унвони билан қайтиб келган. Унинг 7 фарзанди, 42 невара, 92 эвара ҳамда 5 чевараси бор. Бундан ташқари, Жиззах вилояти Зомин туманида 9 нафар уруш қатнашчиси яшайди.
Изоҳ (0)