Ўзбекистон давлат санъат музейидаги XIX-ХХ асрларга тегишли бўлган сўзананинг ҳақиқийлигини аниқлаш бўйича Маданият вазирлиги томонидан 2014 йилда ўтказилган инвентаризацияда асар аслига мос келмаслиги аниқланган.

Фото: Маданият вазирлиги

Маданият вазирлигининг маълум қилишича, асл санъат асари сохтасига ўша даврда Ўзбекистон давлат санъат музейининг бош муҳофизи бўлиб ишлаган М.Усмонов томонидан алмаштирилган. Сўзананинг аслига мос келмаганлиги тўғрисида 2014 йилнинг 28 май куни далолатнома тузилган. Ваколатли давлат ташкилотлари қарори асосида ҳукм чиқарилгач, бош муҳофиз 9 йил 3 ойга озодликдан маҳрум этилган.

Маданият вазирлиги ҳозирда асл сўзана асарини хориждан қайтариш чоралари кўрилаётганини ҳақида маълум қилган.

Аввалроқ 5 февраль Термиз археология музейи ходимлари томонидан Термиз туманидаги «Зумола» ёдгорлиги яқинида жойлашган дала экин майдонидан Кушон подшоҳлиги даврига оид озиқ-овқат сақланадиган омборхона топилгани ҳақида хабар берилганди.