Иккинчи жаҳон уруши давом этаётган бир пайтда, 1944 йилнинг февраль ойида СССР давлат мудофаа қўмитаси гўёки фашистлар Германияси билан ҳамкорлик қилганлик айби билан Чечен-Ингуш АССР ҳудудида яшаётган чечен ва ингушларни Қозоғистон ва Қирғизистон ҳудудига оммавий депортация қилиш ва АССРни тугатиш ҳақида қарор чиқарди. Бу воқеа тарихда «Чечевица операцияси» номини олди. «Дарё» колумнисти Жаҳонгир Остонов СССР тарихидаги энг йирик этник депортациялардан бири ҳақида ҳикоя қилади.
Депортация борасида расмийлар икки хил қарашга эга эди. Молотов, Жданов, Вознесенский ва Андреев барча чечен ва ингушларни зудлик билан депортация қилиш ва Чечен-Ингуш АССРни тугатиш тарафдори эди. Сталин, Ворошилов, Хрушчёв, Каганович, Берия ва Калинин депортация қилишни шимолий Кавказ немислардан озод қилингач амалга оширишни таклиф қилди. Фақатгина Анастас Микоян бу таклифга қўшилмади. Унинг фикрича, амалиёт СССРнинг халқаро майдондаги обрўсига путур етказарди. Шунинг учун ҳам 1957 йилда Микоян Чечен-Ингуш АССРни қайта тиклаш комиссиясига раҳбарлик қилди.
Дастлаб, уларни Олтой ўлкаси, Новосибирский ва Омск вилоятларига кўчириш мўлжалланган эди. Аммо охирида Қозоғистон ва Қирғизистон ССР варианти танланди. Депортация 1944 йилнинг 23 февраль куни бошланди. Баъзи манбаларда жараён 28 февралгача, баъзиларида эса 9 мартгача давом этгани қайд қилинди. Операцияни амалга ошириш учун 100 мингдан ортиқ аскар, 180 та поезд, 12 мингта вагон сафарбар этилди. Турли хил манбаларда жами депортация қилинган ингуш ва чеченлар сони 500 мингдан 650 мингга яқин экани айтилади. Шундан 100 мингдан ортиқ чечен ва 12 мингдан ортиқ ингуш миллатига мансуб аҳоли депортация вақтида ва ундан кейинги йилларда вафот этди.
Операциянинг «Чечевица» деб номланишини «чечен» сўзига боғлашади. Асосан мусулмонлар истиқомат қиладиган мазкур ҳудуд аҳолисининг мажбуран кўчирилишига сабаб қилиб расмийлар уларнинг уруш пайтида немислар билан ҳамкорлик қилганини айтади. Аммо мажбурий кўчириш амалиётининг асл сабаблари ҳали-ҳануз мавҳумлигича қолмоқда. Расмийлар айтганидек, чечен ва ингушларнинг немислар билан ҳамкорлик қилиши имконсиз эди. Чунки улар яшаб турган ҳудуд немис аскарлари томонидан тўлиқ эгалланмаган, эгалланган кичик бир қисми эса тезлик билан озод қилинган эди.
Бундан ташқари, Қизил армия сафида хизмат қилаётган чечен миллатига мансуб аскарлар ҳам анчани ташкил қиларди. Уруш бошланган йиллари 9 минг чечен-ингуш фуқароси ҳарбий хизмат ўтаётган бўлса, яна 40 минг киши улар сафига қўшилди. Жумладан, Брест қалъаси ҳимояси учун жангларда 450 нафар чечен-ингуш фуқаролари қатнашган. Мазкур ҳимоячилардан бири Магомед Узуев 1996 йилда Россия Федерацияси қаҳрамони деб топилди.
Чечен-Ингуш АССР тугатилганидан кейин унинг ўрнига Грозний вилояти ташкил этилди. Республиканинг баъзи ҳудудлари Шимолий Осетия, Доғистон ва Грузияга қўшиб юборилди. Депортациядан сўнг расмийлар ҳудудда истиқомат қилган халқларнинг тамаддун изларини йўқотишга ҳаракат қилди. Чечен ва ингуш тилларидаги топонимлар русча ва осетинчага алмаштирилди; масжидлар ва қабристонлар бузиб ташланди, қабр тошлари бошқа мақсадларда ишлатиш учун олиб кетилди; чечен ва ингуш тилларидаги китоблар ёқиб юборилди, вайнахлар тарихи ҳақидаги ҳужжатлар, музейлардаги осори-атиқалар йўқ қилинди, баъзилари Москвага олиб кетилди.
Амалиёт пайтида амалга оширилган бир жиноят, аниқроғи, Хайбах қишлоғидаги оммавий геноцид расмийлар томонидан тан олинмади. Гап шундаки, Галанчож туманидаги ўтиш қийин бўлган тоғли Хайбах қишлоғидан одамларни кўчириш пайти транспорт харажатларини тежаш мақсадида, мустақил ҳаракатланиб пастга туша олмайдиган қариялар, касаллар, аёллар ва ёш болаларни колхоз отхонасига алдов йўли билан қамаб, ўт қўйилди. Қочишга ҳаракат қилганлар эса отиб ташланади. Ўша куни умумий ҳисобда 700 киши ёқиб юборилди. Ушбу версия воқеанинг ягона гувоҳи Зиёвуддин Малсагов томонидан ҳикоя қилиб берилган.
Яшаш жойидан қатъи назар барча чечен ва ингуш миллатига мансуб фуқаролар, жумладан, Доғистондан 28 минг чечен, Грузиядан 2 700 чечен, шунингдек, кўплаб ингушлар депортация қилинди.
Расмий ҳисоб-китобларга кўра, амалиёт давомида 780 киши ўлдирилган, 6 544 киши қочиб кетган. Шунингдек, фуқаролардан 2 016 та антисовет буюми, 20 мингта ўқотар қурол олиб қўйилган. Аммо бу рақамлар кўпчиликни шубҳалантиради.
Қуроллар билан боғлиқ жиноят бўйича 2 минг киши ҳибсга олинди. НКВД ҳарбийлари ҳибсдагиларни қўйиб юбориш учун маҳбусларнинг оилаларидан қуролларни топширишни сўрайди. Улар қуролларни яна НКВД ходимларидан сотиб олади. Шундай қилиб қуроллар бир неча бор қайта сотилади. Бу эса НКВДнинг айёрона тактикаси эди.
Транспорт харажатларини камайтириш мақсадида 28-32 кишилик вагонларга 45, баъзида 100-150 киши жойлаштирилди. Вагонлар эса бунча одамни қабул қилишга кичиклик қиларди. Шунингдек, НКВД архивларида ҳар бир вагонда 240 нафардан одам ташилгани ҳақида маълумотлар сақлаб қолинган. Расмийлар поездларнинг тиббий ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланганини, аксарият ҳолларда одамлар ёмон об-ҳаво шароити, сурункали касаллик, яшаш шароитидаги ўзгариш ва ёш сабабли келиб чиқадиган жисмоний чарчоқдан вафот этганини айтади.
Маълумотларда сафар давомида поездларда 56 нафар бола дунёга келгани, 1 272 нафар киши вафот этгани қайд этилган. Аммо гувоҳларнинг кўрсатмалари бу фактларнинг умуман тескарисини кўрсатади. Масалан, шундай гувоҳликлардан бирида айтилишича, Закан станциясида одамларнинг кўплигидан оёқ қўйишга жой бўлмаган.
Казалинскка келинганда эса вагон ичида болалар бемалол ўйнаб юрган. Россия Конституциявий суди аъзоси А.М. Аметистов шундай ҳикоя қилади: «Чеченлар тўла вагонларнинг келишини кўрдим. Уларнинг ярми аллақачон ўлган, тириклар эса 40 даражадан паст совуқда кўчада қолганди».
1944 йилнинг 20 март куни чечен ва ингушлар ўтирган поездлар манзилга етиб келди. Аммо улар маҳаллий шароитларга мослашиб кетишга қийналди. Уруш туфайли анча қийин аҳволга тушиб қолган маҳаллий халқ ҳам уларга ёрдам бериш имкониятига эга эмас эди. Орадан 12 йил ўтибгина улар ўз ватанларига қайтиш имкониятига эга бўлди. 1957 йилда Қозоғистонда 315 минг, Қирғизистонда эса 80 мингдан ортиқ чечен ҳамда ингушлар истиқомат қиларди.
1957 йилнинг баҳорида Чечен-Ингуш АССР қайта тиклангач, уларга ўз уйларига қайтишга рухсат берилди. Шундай қилиб, 140 минг киши ўз уйига қайтди. Лекин уларга баъзи тоғли туманларга жойлашишга рухсат берилмади. Улардан бири оммавий қирғин уюштирилган Галанчож тумани эди. У ерда яшаб келганларнинг уйлари эса бузиб ташланди.
Америкалик шарқшунос Брайн Уильямснинг фикрича, сургундаги ўлим ҳолатининг юқорилиги сабаб депортацияни БМТ конвенциясига мувофиқ геноцид деб аташ мумкин эди. 2004 йилнинг 26 февраль куни Европа парламенти чиқарган резолюцияга кўра, ушбу амалиёт чиндан ҳам геноцид деб баҳоланди.
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.
Изоҳ (0)