Иккинчи жаҳон уруши якунига етиб қолиши арафасида ғолиб давлатлар ўртасида бир қатор конференциялар ўтказилди. Москва, Потсдам, Қрим конференциялари шулар жумласидандир.

1945 йил февраль ойининг 4–11-саналарида АҚШ, СССР ва Буюк Британия етакчилари ўртасида Қора денгизда жойлашган Ялта шаҳрида тарихда «Қрим конференцияси», «Ялта конференцияси» номлари билан қайд этилган конференция бўлиб ўтди. «Дарё» колумнисти Жаҳонгир Остонов ушбу конференция ҳақида фикр юритади.

Кун тартиби

1945 йил 4–11 февраль кунлари АҚШ предизденти Франклин Делано Рузвельт, СССР халқ комиссарлари кенгаши раиси Иософ Сталин ва Буюк Британия бош вазири Уинстон Черчилль Қрим ярим оролида жойлашган Ялта шаҳридаги Ливадия саройида учрашди.

Қрим конференцияси, пастки қаторда чапдан ўнгга: Черчилль, Рузвельт, Сталин.

Фото: Wikipedia

Учрашув кун тартибида мағлуб бўлган фашист Германиясининг урушдан кейинги тақдири қўйилган эди. Немислар мағлубиятига ҳали уч ой бўлса-да, амалда уларнинг мағлуб бўлиши аниқ бўлиб улгурган эди : Қизил армия бу пайтга келиб Берлиндан 100 километр узоқда эди.

Конференцияда яна бир қатор масалалар муҳокама этилди. Жумладан, фашист Германиясидан озод этилган Европа мамлакатлари тақдири, СССРнинг Тинч океанида Японияга қарши урушга кириши ва БМТ таъсис этилган Сан-Франсиско конференциясига тайёргарлик кўриш.

Баъзи манбаларда бу конференция кучлилар ўртасида «дунёни бўлиб олиш» учун ташкил қилингани ҳақидаги маълумот ҳам келтирилади.

Нега Қрим?

Аслида Ялта конференцияси ундан олдин ўтган Теҳрон ва ундан кейин ўтган Потсдам конференциялари тизимининг бир қисми ҳисобланади. Теҳронда (1943 йил 28 ноябрь – 2 декабрь) Нормандияга қўшин тушириш масаласи кўриб чиқилган бўлса, Потсдамда (1945 йил 17 июль – 2 август) мағлуб давлатлар (Германия, Италия, Япония) тақдири белгиланди. Аммо Қрим конференцияси Иттифоқчилар ғалабасининг рамзи бўлиб қолди.

Ялта танлови Сталиннинг талаби эди. Конференциянинг Совет Иттифоқи ҳудудида ўтказиш билан Сталин кучини кўрсатиб қўймоқчи эди. Чунки Қизил армия кучлари Берлин остонасида турган бир пайтда ғарбий кучлар Арден ва Рена дарёси ортида қамалда эди.

Қандай келишувларга эришилди?

Уч буюк давлат етакчилари ўртасида имзоланган шартномаларга кўра қуйидагиларга келишиб олинди:

  • Озод этилган Европа давлатлари ҳудудида муваққат ҳукуматлар тузиб, уларни демократик асосда ўтказиладиган эркин сайловларга тайёрлаш;
  • 1945 йилнинг апрель ойида Сан-Францискода конференция ташкил қилиш;
  • Германия мағлуб этилганидан кейин СССР Японияга қарши урушга кириши. Бунга жавобан СССР Сахалин ва Курил оролларига эга бўлиши;
  • Фашист Германияси армиясини тарқатиб юбориш;
  • Германияни уч қисмга бўлиб юбориш. АҚШ, СССР ва Буюк Британия бўлинган ҳудудларни бошқариши лозим эди. Потсдам конференциясидан бир оз олдин Черчиллнинг талаби билан тўртинчи давлат – Франция ҳам бунга қўшилди ва Германия тўртга бўлинди;
  • БМТ доирасидаги баъзи масалалар юзасидан ҳам келишувларга эришилди. Жумладан, Хавфсизлик кенгашига вето ҳуқуқини бериш; СССР БМТда таркибидаги республикалар сони бўйича ўрин талаб қилди, бироқ унга учта ўрин ажратилди: битта бутун Иттифоқ учун, иккита Украина ва Беларусь учун.

Чақирилмаган Де Голь

Ўз хотираларида генерал Шарл де Голь Ялтага таклиф қилинмагани ҳақида қуйидагиларни айтади: «Бизни таклиф қилмаганлари мени хафа қилди, лекин бунда ҳеч ҳам ажабланмадим».

Хўш, Франция озодлиги рамзи бўлган генерал ғолиблар йиғилишига нега чақирилмади?

Бу АҚШ президенти Франклин Рузвельтнинг қарори эди. Сабаби, баъзи америкалик тарихчилар фикрига кўра, Рузвельт генерални авторитар диктатор сифатида кўрарди. Сорбонна университети фахрий профессори Роберт Франкнинг фикрича, унга АҚШда яшаётган французлар таъсир кўрсатган.

«Аммо ўша вақтдаги Франциянинг таъсири ҳам қолган уч давлатникидек эмас эди. Рузвельт Де Голни ўзини Жанна д’Аркка қиёслашда ва Франциянинг урушдаги ролини катталаштириб кўрсатишда уринишда айблади», – қўшимча қилади тарихчи.

Париж VII университети тарих ўқитувчиси Анни Лакруа-Ризнинг фикрича, Рузвельтнинг мақсади Франция суверенитетини йўқотиш эди. Бу стратегияни Рузвельт олдиндан ишлаб чиққан эди. Мабодо Франция мағлубиятга учрагудек бўлса, у барча суверен ҳуқуқлардан, жумладан пул зарб қилишдан маҳрум протекторат мақомида қолиши керак эди. Шунингдек, Рузвельт деколонизация тарафдори эди. Аммо Черчиллдан колониялардан воз кечишни талаб қилолмас эди. Шундай вазиятда буни кучсизланган Франция ва Бельгиядан талаб қила оларди. Франция Европада кучсизланиши АҚШнинг таъсир кучини ўстирар эди.

СССР қаршисида Европада яккаланиб қолишни истамаган Черчилль Франциянинг аввалги мавқеини қайта тиклашини истаётган эди. Шунинг учун ҳам бўлинган Германиядан Францияга ҳам ҳудуд ажратилишига эришди. Буюк Британия бош вазирининг давлат котиби Эдуард Стеттиниус ўз ҳисоботида шундай ёзади:

«Францияга аввалги мавқеини тиклашда ёрдам бериш бизнинг манфаатларга мос келади ва бизнинг ҳукумат Франциянинг ҳозирги ҳолатидан кўра унинг аввалги мавқеини тиклашига кўмаклашишдан, албатта, ютади».

Хулоса

Қрим конференцияси ягона мақсад йўлида бирлашиш учун қилинган сўнгги уриниш бўлиб қолди. Конференция натижасига кўра Польшанинг чегаралари ғарбга томон силжиди. Германия тўрт қисмга бўлинди. Кейинчалик унинг СССР таъсир доирасидаги шарқий қисмида коммунистик Германия Демократик Республикаси, Ғарб давлатлари таъсирида гаърбий қисмида эса Германия Федератив Республикаси ташкил этилди. Энг катта натижа эса бутун марказий ва Шарқий Европа Қизил армия назорати остидалиги эди. Ушбу ҳудудлар узоқ давр мобайнида коммунизм ғоялари остида яшади.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.