Япониядаги Diamond Princess саёҳат кемасида янги турдаги коронавирусни юқтириб олганлар 70 кишига кўпайди. Бу ҳақда Япония соғлиқни сақлаш вазири Кацуноби Катонинг сўзларига асосланиб, «РБК» хабар берди.

Фото: EPA

Шу тарзда саёҳат кемасидаги коронавирус билан касалланганлар сони 355 кишига етди. Кема Йокогама шаҳридаги портда карантинда қолмоқда.

Аввалроқ Diamond Princess саёҳат кемасида коронавирус билан касалланганлар сони 218 кишига етгани ҳақида хабар берилган эди.

15 февраль куни АҚШ коронавирус сабаб Японияда карантинда турган саёҳат кемасидан ўз фуқароларини эвакуация қилишини маълум қилди. Кемада тўрт нафар Қозоғистон фуқароси ҳам бор.

Эслатиб ўтамиз, Diamond Princess саёҳат кемаси жорий йилнинг 20 январь куни Йокогамадан чиқиб, Кагосима—Гонконг—Окинава йўналишидан ўтиб, 3 февраль куни қайтиб келган. Бу вақтга келиб кемадаги бир неча киши тоби қочгани ҳақида хабар қилган ва ҳукумат бортдаги барчани текширувдан ўтказишга қарор қилган. 11 февраль куни саёҳат кемасидаги кексалар ва сурункали касалликларга эга беморларни соҳилга эвакуация қилиш бошлаган эди.