Хитойда коронавирус билан касалланган, бироқ хасталигини қасддан яширган ёки сафарлари тарихини ошкор қилмаган фуқароларга нисбатан жиноий жавобгарлик жорий этилиши мумкин. Бу ҳақда, Пекиндаги ўрта даражадаги Иккинчи халқ суди баёнотига асосланиб, Beijing Daily газетаси хабар берди.

Фото: «РБК»

Мақолада таъкидланишича, инфекциянинг тарқалишига йўл қўйган шахс жамоат хавфсизлигига таҳдидни келтириб чиқаришда айбланиши мумкин.

Газетанинг ёзишича, Хитойнинг амалдаги қонунчилигига мувофиқ, «юқумли касалликларнинг қўзғатувчиларини қасддан тарқатганлик» учун фуқаро ё 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши, ёки умрбод қамоқ ёхуд ўлим билан жазоланиши мумкин. Мақолада алоҳида қайд этилишича, энг олий жазо «энг алоҳида ҳолатларда қўлланилади».

Суд вакилларининг тушунтиришича, касаллик белгилари (йўтал, ҳароратнинг кўтарилиши, чарчоқ ва бошқалар) ҳақида расмийларга ёки шифокорларга хабар бермаган, сўнгги бир неча ҳафта давомида Уханда бўлганини ёки коронавирус билан хасталанган беморлар билан яқин мулоқот қилганини яширган, шунингдек, коронавирус ташхиси қўйилган-у, лекин бу ҳақда маълум қилмаган шахслар жиноий жавобгарликка тортилади.

Таъкидланишича, зотилжамга чалинган, бироқ «самарали ҳимоя чораларини кўрмасдан» жамоат жойларига борган беморлар ҳам жазоланади. Суд бундай ҳолатларни инфекцияни қасддан юқтиришга уриниш, деб талқин қилган; қайд этишларича, бундай қилмиш учун фуқаро уч йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Агар коронавирус ташхиси қўйилган бемор карантин ёки даволанишдан бош торца, у бу ҳаракати билан «номаълум миқдордаги одамлар» хавфсизлигини таҳдид остида қолдиради. Бундай қилмиш учун айбланувчи уч йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Агар беморнинг хатти-ҳаракатлари жамоат хавфсизлигини таҳдид остида қолдирса, бошқа инсоннинг «жиддий жароҳат олиши ёки ўлими»га сабаб бўлса ёхуд «давлат ёки хусусий мулкнинг сезиларли зарар кўришига» олиб келса, ҳуқуқбузар 10 йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум этилиши, умрбод қамоқ ёки ўлим билан жазоланиши мумкин.

Коронавирус ўчоғи ҳисобланган Ухань шаҳри маъмурияти 14 февраль куни карантин тартибини яна-да кучайтирди. Янги қоидаларга мувофиқ, шаҳар аҳолиси унинг бир кичик туманидан иккинчи кичик туманига жиддий асослар бўлган тақдирдагина ўтиши мумкин бўлади. Ушбу чеклов шифокорлар кўрсатмасига асосан шаҳарнинг бошқа қисмига бориши лозим бўлган шахслара тааллуқли эмас.

Хитой Миллий соғлиқни сақлаш комиссияси маълумотларига кўра, мамлакатда коронавирусни юқтириб олганлар сони 68,5 минг кишидан ошиб кетган, улардан 1665 нафари вафот этган.