Хитой раҳбари Си Цзиньпин Ухань шаҳрида тарқалган зотилжам касаллиги бўйича профилактика чораларини кўриш бўйича кўрсатмани январь ойи бошидаёқ берган. Бу ҳақда Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитасининг журнали — «Цюши»да эълон қилинган мақолада сўз боради.

Фото: «РБК»

Си Цзиньпиннинг сўзларига кўра, у партия Сиёсий бюроси доимий қўмитасининг 7 январдаги мажлисида профилактика чораларини кўришга доир фармойиш берган. 20 январь куни эса у жойлардаги расмийларга касаллик ёйилиши муносабати билан «аҳоли хавфсизлиги ва саломатлигига биринчи галда эътибор қаратиш» ва инфекция тарқалишининг олдини олиш бўйича чоралар кўриш ҳақида топшириқ берган.

Орадан икки кун ўтиб, 22 январда Хитой раҳбари касаллик ўчоғи ҳисобланган Хубэй провинциясига одамларнинг ҳудуддан чиқишини «тўлиқ ва қатъий назорат қилиш» тўғрисида фармойиш йўллаганини маълум қилди. Эртаси куни провинция маъмурий маркази ҳисобланган Ухань карантин муносабати билан ёпилди.

Зотилжам эпидемияси COVID-19 номини олган янги турдаги коронавирус сабаб юзага келган бўлиши мумкинлиги ҳақида хитойлик олимлар 9 январдаёқ баёнот берган эди. Ушбу инфекциядан вафот этиш билан боғлиқ дастлабки ҳолат 11 январь куни қайд этилган эди.

Сўнгги маълумотларга кўра, Хитойда коронавирусни юқтириб олганлар сони 68,5 мингдан ошиб кетган, шундан 1665 киши вафот этган. Хитойдан ташқарида эса 526 та касалланиш ҳолати аниқланган, Осиёдан ташқаридаги илк ўлим ҳолати эса 15 февраль куни Францияда қайд этилди.

Хитой расмийларининг тахминларидан бирига кўра, вирус Ухандаги денгиз маҳсулотлари, қушлар, илонлар ва бошқа жониворлар сотиладиган бозордан тарқалган бўлиши мумкин. Кейинроқ олимлар вирус одамдан одамга юқиши мумкинлигини аниқлаган эди.

Эпидемия муносабати билан Хубэй провинцияси партия қўмитаси котиби Сзян Чаолян истеъфога чиқарилди. Бундан ташқари, худди шу сабаб билан Ухань шаҳар партия қўмитаси котиби Ма Госян ҳамда Хитой ҳукуматининг Гонконг ва Макао ишлари бўйича идораси раҳбари Чжан Сяомин ҳам ишдан бўшатилди.