Ўзбекистонда махсус талабларга мос келадиган миллий услубда граффити яратишга расман рухсат берилиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг «Ўзбекистон Республикасида туризм хизматларини янада диверсификация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида сўз юритилади.

Фото: Google Images

Қайд этилишича, ҳар бир вилоятда сайёҳлик салоҳиятини ошириш учун камида битта шундай кўча бўлиши керак.

Шу билан бирга расм «ноёб кўча санъати» лойиҳаси доирасида миллий услубда ва рангларда яратилиши керак. Ушбу лойиҳани 2020 йилнинг августига қадар амалга ошириш режалаштирилган.

Шу билан бирга, сайёҳлик объектларидаги суратлар учун ҳеч қандай рухсат берувчи ҳужжатлар талаб қилинмаслиги айтиб ўтилган.

Суратларни яратиш устида ишлаш ҳуқуқини маданият соҳасидаги таълим муассасалари ўқувчи ва талабалари қўлга киритади.

Маълумот учун, граффитилар иморатларнинг деворлари ва идишлар сиртига тирнаш йўли билан чизилган қадимий ёзув, нақш ва суратлар бўлиб, италян тилидан таржима қилинганда «тирналган» деган маънони англатади.

Граффитилар қадимий одамларнинг касби, қизиқиши, санъати, турмуш тарзи тўғрисида муҳим маълумотларни сақлаб қолган. Граффитилар қадимий қабилаларнинг жонли тилини билишга имкон беради. У палеография фанини янги маълумотлар билан бойитишда муҳим аҳамиятга эга.