Япониялик миллиардер Юсаку Маэдзава SpaceХ компаниясининг кемасида Ойга парвоз қилиш учун ҳамроҳ танлашни режалаштирган реалити-шоуни бекор қилишини эълон қилди, деб ёзади Meduza.

Фото: Meduza

44 ёшли Маэдзава ўз қарорини «шахсий сабаблар» билан изоҳлади. Шу билан бирга миллиардер бу унинг шахсий қарори эканлигини айтиб, сабабларга ойдинлик киритмаган.

Миллиардер шоуни жонли эфирда намойиш этишни режалаштирган AbemaTV телеканалидан ҳамда танловда иштирок этиш учун ёзилган аёллардан узр сўради.

Унинг сўзларига кўра, шоуда иштирок этиш учун 27 722 нафар аёлдан ариза келиб тушган.

Маэдзава SpaceХ компаниясининг биринчи космик сайёҳи бўлиши 2018 йилнинг кузида маълум қилинди.

Режага мувофиқ, у 2023 йилда Ой атрофида Starship кемасида парвоз қилади.

Кема Ернинг йўлдошига яқинлашадиган минимал масофа 200 километр бўлади. Маэдзава ушбу саёҳат учун қанча тўлагани номаълум. Бироқ SpaceХ раҳбари Илон Маск миллиардернинг ушбу сафар учун жуда кўп пул тўлаганини айтган.

Дастлаб Маэдзава ўша пайтда учрашиб юрган актриса Аямэ Горики билан парвоз қилишни режалаштирганди. Бироқ жуфтлик кўп ўтмай ажрашиб кетди ҳамда миллиардер реалити-шоу ўтказиб, ўзига ҳамроҳ танлашини эълон қилди.

Ҳозирда Маэдзаванинг даромади икки миллиард доллар деб баҳоланади. У бу пулларни 1998 йилда асос солган Zozotown онлайн-дўкони орқали ишлаб топган. Ҳозирги кунда ушбу сайт Япониядаги кийим сотиш бўйича энг йирик онлайн майдон ҳисобланади.