Туркия шарқидаги Элазиг ва Малатя вилоятларида 24 январь оқшомида юз берган 6,8 магнитудали зилзила қурбонлари сони 35 кишигача кўпайди. Бу ҳақда, Туркия вице-президенти Фуат Ўқтойга асосланиб, Анадолу агентлиги хабар бермоқда.

Фото: EPA

Туркия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, олти киши ҳали ҳам вайроналар остида қолмоқда. Қутқарувчилар ҳозиргача 45 кишини бино қолдиқлари остидан тирик олиб чиқишга муваффақ бўлган.

Зилзиладан сўнг мамлакат касалхоналарига 100 дан ортиқ одам ётқизилган бўлиб, уларнинг 13 нафари жонлантириш бўлимида. Ҳодиса оқибатида 1,6 мингдан ортиқ фуқаро жабрланган, 76 бино вайрон бўлган, 600 дан ортиқ иморат зарар кўрган.