Маданият вазирлигига санъаткор одамнинг бош бўлгани яхши. Бу ҳақда Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев «Дарё» мухбири Мусулмонбек Иброҳимовга берган интервьюсида айтиб ўтди.

Фото: Мадина Нурман / «Дарё»

Шерали Жўраевнинг таъкидлашича, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековнинг маданият вазири этиб тайинланиши — маъқул иш.

Маданият вазири санъаткор бўлгани маъқул. Озодбекнинг вазир бўлгани яхши бўлди. Чунки у санъаткорнинг қийинчиликларини бошидан ўтказган. Санъаткорларга бошчилик қилиш — оғир.

Ҳар бир санъаткор бир республикага ўхшайди. Уларнинг барини бошқариш оғир, қийин, лекин Озодбек бошқара олади, у кўп нарсани кўрган, ҳаммасини бошидан ўтказган. Озодбекка мувафаққият тилайман.

Шерали Жўраев, Ўзбекистон халқ артисти

Озодбек Назарбеков 22 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан Ўзбекистон маданият вазири лавозимига маъқулланган, 24 январь куни эса Президент томонидан тасдиқланган эди. У бунгача маданият вазирининг биринчи ўринбосари эди.

Аввалги маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев Президент томонидан янги шакллантирилган Сенатнинг аъзоси этиб тайинланди — у энди парламент юқори палатасида Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасига раислик қилади.