«Дарё» сайтида ҳафтанинг энг муҳим ва муҳокамали хабарлари шарҳи. Ҳафтанинг энг асосий воқеалари, шубҳасиз, президентнинг парламентга мурожаати ҳамда олимпиадачиларимиз мағлубияти бўлди. Демак, бошладик.
Ўзбекистонда энг кўп муҳокама ва танқид қилинадиган ҳоким кимлиги сўралса, ҳеч иккиланмасдан Фарғона ҳокими тилга олинади. Ҳатто ўз вилояти ҳокимини танимайдиганлар ҳам Шуҳрат Ғаниевнинг қиёфаси ва овозини билади. Яқинда лавозимига қайта тайинланган Фарғона ҳокими бу ҳафта ичида яна танқидлар остида қолди. Шу кунларда Фарғонанинг Чўнғарасига ташриф буюрган жаноб Ғаниевни атлас кўйлакли қизалоқ нон билан кутиб олган. Ҳоким ва сафдошлари қалин кийимда, қизча эса юпқа атлас кўйлакда тургани ижтимоий тармоқларни жунбушга келтирди. Юзлаб танқидий пост ва изоҳлар ёзилгач, ҳокимлик матбуот хизмати муносабат билдириб, қизча атиги икки дақиқа очиқ ҳавога чиққанини ёзди.
Бироқ қишда юпқа кийимда қизларни териб қўйиб меҳмон куттирилган қизлар бошқа ерда йўқми? Ҳажвий канал «Troll.uz» дарҳол «Бухоро вилояти ҳокимидан Фарғона вилояти ҳокимига ответ! Фарғонада битта қиз бўлса, Бухорода 30 нафар қиз! Савол: Қиш куни, оддий бозор очилишида совуқ қотиб турган қизлар қўлини кўксида тутиб туришининг нима кераги бор?» деб пост ёзиб, фотосуратларини илова қилди. Кўп ўтмай интернет фуқаролари Ўзбекистоннинг энг яхши ҳокими деб танлаган Эркинжон Турдимовнинг ҳам қишда атлас кийган қизлар даврасида тушган фотосурати тарқалиб кетди. Блогер ва журналист Баҳодирхон Элибоев бу одат қадимда подшоҳлар мухолифини қарши олиш анъанасига тақалишини, ҳозир бу урфга эҳтиёж қолмаганлигини ёзиб аёлларнинг қадрини пасайтирувчи бу одатдан воз кечишга чақирди.
* * *
Чет элда ҳалок бўлган ўзбекистонликлар сони яна ўн бир нафарга ошгани ҳафтанинг қора саҳифаларига ёзилди. Томск вилоятидаги посёлкада ёнғин чиқиб, ўн бир нафар ўзбекистонлик куйиб кетди. Улар бир қаватли ёғоч уйда яшарди. Аксарияти Навоий вилоятидан бўлган меҳнат муҳожирларимизнинг жасади таниб бўлмас даражада куйиб кетган. Шавкат Мирзиёев Томскдаги ёнғин юзасидан ҳукумат комиссиясини тузишга кўрсатма берди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Томскдаги ёнғинда ҳалок бўлган ўзбекистонликлар оилаларига ҳамдардлик билдирди. Рамзан Қодиров Ўзбекистон президентига ҳамдардлик билдирди. Ўзбекистон расмийлари Томск шаҳрига етиб бориб фожиа сабабларини ўрганишга киришди. Бугун, якшанба куни марҳумларнинг жасади Ўзбекистонга олиб келинди.
Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳануз Россия Федерациясида энг ҳимоясиз қуйи қатлам бўлиб қолмоқда. Уларни ҳимоялашга қаратилган чора-тадбирлар аксарият ҳолларда самара бермаётир. Хусусан, меҳнат муҳожирларини арзон транспорт билан таъминлаш ваъдаси ҳам амалга ошгани йўқ.
* * *
Хитойда янги турдаги вирусдан одамлар қурбон бўлаётгани хабари январнинг бошларида тарқалганди. Бироқ бу ҳафта вирус хавотири кучлироқ фазасига кирди. Коронавирус хабари «Дарё» саҳифаларидан бўшамай қолди. Вирус тарқалган Хитойнинг Ухань шаҳрида карантин жорий этилди. Ухань ва унга ёндош шаҳарлардаги ўзбекистонлик талабалар хавотири ижтимоий тармоқларда тарқала бошлади. Ташқи ишлар вазирлиги Ухань шаҳрида 250 нафарга яқин ватандошларимиз борлигини маълум қилиб, уларга ҳуқуқий ёрдам ва тушунтириш ишлари олиб борилаётганлигини билдирди.
Бироқ Хитой Ўзбекистоннинг энг яқин ҳамкорларидан экани боис икки мамлакат ўртасида тиғиз алоқалар вирус тарқалиши хавотирларини орттирмасдан қолмади. Бу орада қўшни Тожикистон Хитой билан авиапарвозларни тўхтатди.
Вирус хавфи Ўзбекистонда ҳам авж олиши ортидан «Дарё» мухбири «Вируснинг ўзи Хитойда, лекин барча ваҳимаси Ўзбекистонда бўляпти» хабарини тайёрлаб, воқеаларни батафсил шарҳлашга уринди. Бироқ кечанинг ўзидаёқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ухандаги ватандошлар Ўзбекистонга олиб келиниши ҳақида баёнот берди.
* * *
24 январь куни Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга мурожаат қилди. Президент мурожаатда кўплаб долзарб масалаларга тўхталди. У нутқида 2020 йилга «Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили», деб ном беришни таклиф қилди. Мурожаат қисқа сатрларда:
- 2020 йилга «Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» номи берилади;
- Олий ўқув юртларида давлат грантлари икки баробар кўпайтирилади. Қизлар учун олий ўқув юртларида алоҳида грант ўринлари ажратилади;
- Олий таълим муассасаларида мутахассисликка алоқаси бўлмаган фанлар икки баробар қисқартирилади;
- Олий таълим муассасаларига молиявий ва академик мустақиллик берилади;
- «Рақамли Ўзбекистон — 2030» дастури ишлаб чиқилади. Рақамлаштириш, ахборот технологиялари бўйича Бош вазир ўринбосари лавозими, ҳар бир вазирлик ва идораларда ҳам ҳамда ҳокимликларда раҳбар ўринбосари лавозимлари жорий этилади;
- Прописка тизими, банклар ва геология соҳаси ислоҳ этилади;
- Камбағалликни камайтириш дастури ишлаб чиқилади;
- 1995 йилгача Ўзбекистонга келган ва шундан буён истиқомат қилаётганларга автоматик тарзда фуқаролик берилади.
* * *
«Соядаги иқтисодиёт» номли тушунча мавжуд бўлиб, у жамият ва давлатдан яшириладиган, назоратдан четдаги иқтисодий фаолиятни англатади. Кеча, 25 январь куни Молия вазири Жамшид Қўчқоров президентнинг рақамли иқтисодиёт яратиш таклифи борасида гапирар экан, «хуфиёна иқтисодиёт бугунги кунда ҳар хил баҳоларга кўра бизнинг миллий иқтисодиётимизнинг 45 фоизига тенг», деб айтди. Вазирнинг айтишича, энди электрон ҳисоб-фактуралар жорий этилиши билан бунга чек қўйилади.
Хўш, хуфиёна иқтисодиёт миллий иқтисодиётнинг 45 фоизини ташкил этгунича нега ҳукумат ва мутасадди вазирлик қараб турган? Бунга жавоб йўқ, бироқ Жамшид Қўчқоровнинг баёноти ҳам катта янгилик эмас. 2019 йилнинг 22 июлида иқтисодиёт ва саноат вазири Ботир Хўжаев «бугунги кунда Ўзбекистоннинг хуфиёна иқтисодиёт даражаси тахминан 45—46 фоизни ташкил этмоқда», деганди. 2018 йил январида эса иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев хуфиёна иқтисодиётнинг улушини 50 фоиздан ортиқ деб баҳолаган.
* * *
Кеча Таиландда ўтказилаётган футбол бўйича Осиё чемпионати-U23 мусобақасининг 3-ўрин учун ўйини якунланди. Ярим финалда мағлуб бўлган Австралия ҳамда Ўзбекистон жамоалари ўртасидаги ўйинда австралияликлар ғалаба қозонди. Мухлислар таъбири билан айтганда, «жуда қизғанчиқ ўйин кўрсатган» футболчиларимиз тақдирини биргина гол ҳал қилди.
Шу тариқа 3-ўрин учун ўйинда ғалаба қозонган Австралия Токио-2020 олимпиада ўйинлари йўлланмасини қўлга киритди. Ёшлардан мухлисларнинг умиди катта эди, бироқ яна дарёнинг олдига бориб сув ичмасдан қайтиш насиб қилди.
«Дарё» янгиликларини кузатиб боринг. Ўзбекистон ва дунё хабарларидан энг биринчи хабардор бўлинг.
Изоҳ (0)