18 декабрь куни Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир туманида қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилган учта ижтимоий инфратузилма объектларини топшириш маросими бўлиб ўтди, деб хабар берди «Gazeta.uz».

Фото: БМТ Тараққиёт дастури

Қурилиш ва таъмирлаш ишлари БМТ Тараққиёт дастурининг «Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик фондини ташкил этиш орқали Орол фожиасидан зарар кўрган аҳолининг турмуш шароити салоҳиятини мустаҳкамлаш» қўшма дастури кўмагида амалга оширилди.

Лойиҳа доирасида «Қораой» МФЙ «Пурхон-ўзак» қишлоғида узунлиги 1,5 километр бўлган сув қувурлари «Туямўйин—Нукус—Тахтакўпир» марказий магистралига уланди. Шу тарзда 250 киши тоза ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятини қўлга киритди.

«Сувсоз»нинг туман бўлими раҳбари Асилбек Қораболаев 2018 йилдан Тахтакўпир туманида тўртта «Мақпалкол», «Даукара», «Хожамет-овул» ва «Пурхон — ўзак» аҳоли пунктларида 4000 киши тоза ичимлик суви билан таъминланганини маълум қилди. Икки сув тозалаш иншооти тўлиқ реконструкция қилиниб, янги сув қувурлари узунлиги 10 километрдан ортиқни ташкил этди.

Шунингдек, «Ғаразсизлик» МФЙда жойлашган 6-умумий ўрта таълим мактаби мажлислар ва спорт зали тўлиқ таъмирланди.

«Жанадаря» қишлоқ фуқаролар йиғинида 11-сонли болалар боғчасининг тўртта биносидан бири тўлиқ таъмирланди, бу ерда 60 га яқин бола билим олади.

Қайд этилишича, Тахтакўпир туманидаги энг чекка қишлоқлар аҳолиси узлуксиз электр таъминотига эга бўлди.

Туманда 160 ва 250 киловатт қувватга эга бешта трансформатор ўрнатилди.

Фото: БМТ Тараққиёт дастури

Умуман олганда, қўшма дастур кўмагида 2017 йилдан бошлаб Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир, Мўйноқ ва Шуманай туманларининг 33 аҳоли пунктида 21190 дан ортиқ қишлоқ аҳолиси (49,5 фоиз аёллар) турмуш даражасини оширишга қаратилган 33 та инфратузилма лойиҳаси амалга оширилди.