Андижон вилоятининг Асака туманида 50 ёшли эркак хотини ва 18 ёшли қизини пичоқлаб ўлдирди. Бош прокуратура матбуот хизматининг «Дарё»га хабар беришича, воқеа 16 декабрь куни соат 02:00 ларда юз берган.

Маълум бўлишича, фуқаро Ҳ.А. 50 ёшли турмуш ўртоғи Д.А. ва 18 ёшли қизи Х.Х.нинг доимий эътирозларидан чарчаб, улардан ўч олиш мақсад қилган.

У турмуш ўртоғи ухлаб ётганлигидан фойдаланиб, пичоқ билан кўкрак қисмига 3 маротаба ва биқин қисмига 2 маротаба уриб, қасддан ўлдирган. Сўнг, қизини олдига гўёки кийимларини топиб беришини айтиб чақириб, пичоқ билан кўкрак қисмига 1 маротаба, биқин қисмига 5 маротаба, танасининг орқасига 9 маротаба ва билак қисмига 3 маротаба уриб, қасддан ўлдирган.

Мазкур ҳолат юзасидан шу куни туман прокуратураси томонидан Ҳ.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «а» банди (Икки ёки ундан ортиқ шахсни қасддан ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган.