Учтепа тумани 14-даҳада жойлашган «Регистон фарм» МЧЖ ишчиси 24 ёшли Фарҳод исмли йигит махсус рецепт талаб қилмасдан кучли таъсирга эга дори воситалари сотуви билан шуғуллангани аниқланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабар берди.
Дорихонани кўздан кечириш вақтида 193 та «Регапен» таблеткалари, 140 флакон «Тропикамид» ва 1100 та таблетка «Карбамазепин» топилган.
Тўпланган маълумотлар Жиноят кодексининг 251-1-моддаси (Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) бўйича жиноий иш қўзғатилиши масаласини ҳал қилиш учун Бош прокуратура қошидаги департаментга топширилган.
Мавзуга доир: Тошкентда «Регапен» психотроп дори воситасини ноқонуний сотган дорихоначиларга нисбатан жиноий иш қўзғатилди