Тошкент шаҳрида кўнгилочар масканларни 24 соатлик иш тизимига ўтказиш таклиф қилинди. Бу ҳақда «Ўзбекистон Республикасида ёшлар туризмини ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасида сўз боради.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳрини ёш туристлар ташриф буюрадиган Марказий Осиёдаги асосий шаҳарга айлантириш (музей, театр, кино, истроҳат боғлари, ресторан ва кафелар ҳамда шу каби бошқа кўнгилочар масканларни 24 соатлик иш тизимига ўтказиш, янги кўнгилочар масканлар ва оммавий тадбирларни ташкил этиш) мақсадида «Тошкент — ёшлар шаҳри» дастурини ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш мўлжалланмоқда.
Шунингдек, Андижон вилоятининг Хонобод шаҳридан Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманигача бўлган масофадаги туризм масканларини тарғибот қилиш, ёшларни таништириш ва оммалаштириш мақсадида «Хонобод—Мўйноқ» халқаро ёшлар вело ва мото-марафонини ўтказиш кутилмоқда.
Андижон вилоятининг Хонобод шаҳридан Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманигача бўлган масофадаги туризм масканларини тарғибот қилиш, ёшларни таништириш ва оммалаштириш мақсадида «Хонобод – Мўйноқ» туризм магистралида ёш туристлар ўртасида квест ўйинлари турмаршрутларини ишлаб чиқиш ҳамда ёшлар орасида танлов ўтказиш кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, октябрь ойида Ўзбекистонда ресторан ва тунги клубларнинг тунда ишлаш қоидалари кучга кирган эди. Қўйилган талаблар қаторидан видеокузатув тизимининг мавжудлиги, шовқин меъёрлари талабларига амал қилиш, туташ ҳудуднинг ёритилиши ва бошқалар ўрин олган. Кафе, ресторан ёки тунги клуб раҳбари ҳудудий ички ишлар органларига мазкур талабларнинг бажарилгани ҳақида маълумот бериши керак эди.