Давлат божхона қўмитасининг контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бошқармаси ҳамда Навоий вилояти ва Тошкент шаҳри божхона бошқармалари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда курьерлик жўнатмалари тарзида йирик миқдордаги товар-моддий бойликларнинг ноқонуний олиб кирилганлиги фош қилинди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
«Бош почтамт» ташқи иқтисодий фаолият божхона постида Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи курьерлик фирмаларидан бирининг номига хорижий давлатдан юборилган 2,8 тоннадан ортиқ оғирликдаги курьерлик жўнатмалари белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилган.
Кўрик натижасида ҳужжатларда кўрсатилган маълумотлар билан жўнатмалардаги товарлар ўртасида тафовут борлиги аниқланган. Яъни мазкур жўнатмаларга тегишли 138 та божхона декларацияларида умумий қиймати 650 миллион сўмлик товар-моддий бойликлар кўрсатилмагани маълум бўлган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.