Адабиёт бўйича Нобель мукофоти қўмитасидан икки нафар ташқи мутахассис тарк этмоқчи, деб ёзмоқда Meduza. Булар ёзувчилар Кристоффер Леандер ва Гун-Бритт Сундстремдир. Уларнинг кетаётганини Адабиёт бўйича Нобель мукофотини берувчи Швед фанлар академияси ҳам тасдиқлаган.

Фото: AFP

Леандер ўзининг кетаётганини «бошланган ўзгаришлар натижасини кутишга сабри ҳам, вақти ҳам йўқлиги» билан изоҳлаган. «Академия ва менинг вақт ҳақида қарашларимиз турлича. Академия учун жуда қисқа бўлган 1 йил вақт мен учун жуда кўпдир», — деган у.

Сундстрем ўзининг кетишини бир неча сабаблар билан изоҳлаган. Улардан бири Нобель мукофоти австриялик ёзувчи ва драматург Петер Хандкега насиб этганидир. Унинг сўзларига кўра, Швед академиясида ва ундан ташқарида бу қарор «адабиётга сиёсатдан устун турувчи нарса сифатида қараш» деб тушунилмоқда. «Бу менинг мафкурам эмас», — дея таъкидлаган ёзувчи.

2018 йилда Швед академияси аъзоларидан бирининг турмуш ўртоғи бегоналарга Адабиёт бўйича Нобель мукофоти номзодари исмларини олдиндан ошкор қилиб келгани аниқланган. Шу сабабли Адабиёт бўйича Нобель мукофоти қўмитасининг таркиби янгиланган, мукофот топшириш эса 1 йилга кечиктирилган эди.

2019 йилда бирваракайига иккита Нобелчи номи эълон қилинган. Улар полшалик Ольга Токарчук ҳамда австриялик Петер Хандке бўлган. Хандкени мукофотлаш тўғрисидаги қарор ёзувчининг сиёсий қарашлари, хусусан, Сербия ва унинг собиқ президенти Слободан Милосевичнинг Югославия урушларида тутган позициясини қўллаб-қувватлагани сабабли танқид қилинган.