Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

27 ноябрь куни Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигида 1 декабрь — Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш кунига бағишланган анжуман ўтказилди. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими «Дарё»га хабар берди.

Фото: Google Images

Фото: Google Images

Анжуманда БМТнинг ОИВ/ОИТС бўйича бирлашган дастури – YUNEYDS ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиёдаги раҳбари Виней Салдана, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Хелена Фрэйзер, БССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси масъул мутахассислари, БМТнинг гиёҳвандлик ва жиноятчиликка қарши кураш қўмитасининг минтақавий ваколатхонаси раҳбари Ашитта Митал, UNISEF, Чегарасиз шифокорлар халқаро ташкилотларининг Ўзбекистондаги ваколатхонасидан масъул мутахассислари, нодавлат ташкилотлар вакиллари, ССВ ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги раҳбари ва масъул етакчи мутахассислари, Республика, Тошкент шаҳри ва вилояти ОИТСга қарши кураш марказлари раҳбарлари ва мутахассислари қатнашди.

Анжуманда ОИВ инфекцияси бўйича республикадаги мавжуд вазият, ОИВ инфекциясининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар ва бунда халқаро ва нодавлат ташкилотларининг роли тўғрисида мавзулар муҳокама қилинди.

Тадбирда таъкидланганидек, 2013 йилнинг 23 сентябрида «Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши бу борадаги ишларни янада юқори босқичга олиб чиқишда муҳим ҳуқуқий асос бўлди.

Шунингдек, 2018 йилда тасдиқланган 2 та 3493-сонли ва 3800-сонли Президент қарорлари ОИВ диагностикаси соҳасида янги сифат даражасига эришиш, инфекцияни эрта аниқлаш, ўз вақтида профилактика чораларини ва ОИВ инфекцияси билан яшаётган одамларга тиббий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, ОИВ инфекциясига қарши кураш бўйича мамлакатнинг дунё ҳамжамияти олдидаги халқаро мажбуриятларини бажарилишини таъминламоқда.

Шу билан биргаликда, ОИВ инфекциясига қарши кураш ва эпидемияга самарали жавоб бериш давлат ва нодавлат ташкилотлари, жамоатчилик, жумладан, фуқаролик жамияти учун долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистонда ОИВ инфекцияси билан яшовчи шахслар сони 41 мингдан ортиқ, уларнинг 57 фоизини эркаклар ва 43 фоизини аёллар ташкил этмоқда.

Изоҳ
Асосий янгиликлар