Биологлар миналарни излаб топувчи GM-бактерияларни жорий қилмоқчи. Бу борада Raytheon корпорацияси иш бошлагани маълум қилинмоқда. Айтилишича, олимлар тупроқда портловчи модда кўмилганини аниқлайдиган ва бу ҳақда флуорессенсия орқали сигнал бера оладиган ирсий ўзгартирилган бактерияларни олиш устида изланмоқда.
Замонавий урушларнинг барчасидан жуда хатарли мерос қолади. Бу — жуда катта ерларни эгалловчи мина майдонларидир. Узоқ ва яқин ўтмишда бўлиб ўтган урушлардан қолган миналар эса ҳар йили ўнлаб тасодифий кишиларнинг ўлимига сабаб бўлмоқда. Башарти, минани ҳеч ким босиб олмаган ва портламаган тақдирда ҳам, у тупроқ остида занглаб, чириб, атроф-муҳит экосистемасига зарар келтириши мумкин. Миналаштирилган майдон эскиргани сари унинг ташландиқ жойга айланиб қолиши ва вақти келиб бу хатарли жой ҳақида ҳеч ким қайғурмай қўйиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Бундай яширин ётган хатарни топишнинг эса ўзи бўлмайди, албатта.
Аввалроқ олимлар бундай миналарни қидириш ва топиш учун ҳашаротлардан фойдаланиш таклифи билан чиққан эди. Эндиликда АҚШ мудофаа тадқиқотлари агентлиги — DARPA буюртмасига кўра, Raytheon корпорацияси миналарни топа оладиган GM-бактерияларни ишлаб чиқишга киришгани хабар қилинмоқда. Бу ҳақда ушбу ташкилот сайтида пайдо бўлган пресс-релизда баёнот берилган.
Режага кўра, икки хил GM-штаммларини яратиш мақсад қилинган. Улардан бири тупроқнинг кислород етишмайдиган ички қатламларида ҳам яшай оладиган ва портловчи моддаларни сезувчан бактерия бўлади. Портловчи модда аниқланганда бу бактерия ўзидан қандайдир сигнал молекуласи ишлаб чиқариши керак. Юзароқда яшайдиган иккинчи штаммлар эса пастдаги «шеригидан» чиқаётган сигнал молекулаларини тутади ва бунга жавобан флуорессенсия (яъни, ёғду) чиқара бошлайди ва уни учувчисиз аппаратлар, дронлар орқали пайқаш ва кейинчалик ўша жойни минадан тозалаш мумкин бўлади.
«Айрим бактерияларни портловчи моддаларни топа оладиган қилиб «қайта дастурлаш» мумкинлигини аллақачон биламиз. Биз микробларнинг тупроқ остига қандай етиб бориши ва кейин юзадан осон пайқаса бўладиган люминессенсия чиқариши имкониятларини ўрганяпмиз», — дейди ушбу янги лойиҳа раҳбарларидан бири Алисон Таггарт.Музаффар Қосимов тайёрлади.