Россия Қуролли Кучлари Бош штаби ҳарбий академиясида Ўзбекистон Қуролли Кучларига бағишланган махсус бурчакнинг очилишига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти «Дарё»га маълум қилди.
Тадбирда Россия Қуролли Кучлари Бош штаби ҳарбий академияси бошлиғининг биринчи ўринбосари генерал-лейтенант Олег Макареевич иштирок этиб, йиғилганларни Ўзбекистон Давлат байроғи қабул қилинган сана билан табриклади. Академияда Ўзбекистон Қуролли Кучлари тарихи ва бугунига бағишлаб очилган бурчакни алоҳида эътироф этиб, бу икки мамлакат ҳарбийлари бир бирининг тарихини ўрганиш йўлида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Айни вақтда Ўзбекистондан бориб таҳсил олаётган ҳарбий хизматчилар тадбирда иштирок этган меҳмонларга Ўзбекистон Қуролли Кучларининг тинчликпарварлик йўлида олиб бораётган ислоҳотлари ва ҳарбий хизматчиларга яратилган шароитлар ҳамда миллий армиянинг тарихи ва аждодлар мероси асосида шакллантирилганини гапириб берди.
«Тадбирда иштирок этган бошқа генераллар ва хорижлик тингловчилар бурчак билан танишар экан, Ўзбекистон Қуролли Кучларининг шаклланиш тарихи, жанговар қудрати ва мамлакатнинг бугунги қиёфаси акс этган сувенирлар, маълумотлар, плакатлар ва фотосуратлар уларда катта таассурот қолдирганини қайд этиб ўтди», — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)