Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг 16 ноябрь куни мухбирларга қилган таҳдиди аудиоси интернетда тарқалди. Аудиода Ортиқхўжаев журналистларни шарманда қилиш, ҳаттоки жисмонан йўқ қилиб юбора олишга қодирлиги билан таҳдид қилган.

Фото: «Kun.uz»

Мазкур таҳдид шаҳар ҳокимидан Олмазор тумани ҳокимининг собиқ ўринбосари Абдурасул Ваҳобов билан боғлиқ воқеанинг эртасига «Kun.uz» мухбирлари Раҳматилла Исроилов, Шерзод Эгамбердиев ва Баҳодир Аҳмедов ҳоким қабулида бўлган чоғда янграган. Тошкент шаҳар ҳокими Абдурасул Ваҳобов ва мухбирларни ўз ҳузурига чорлаб, яраштирмоқчи, ўртадаги тушунмовчиликни ҳал қилмоқчи бўлган. Томонлар муроса қила олмагач, учрашув таҳдидли «тарбиявий соат»га айланиб кетганлиги маълум қилинди.

Таҳририят ҳоким билан учрашув вақтидаги аудиоёзувни Абдурасул Ваҳобов ва «Kun.uz» ўртасидаги низоли вазият қасд олишга айланиб кетмаслиги ҳамда шаҳар ҳокимининг обрў-эътиборига путур етказмаслик учун оммага ошкор қилиш фикридан воз кечган эди. 16 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда шу воқеага оид аудиоёзув тарқалишига эса таҳририятнинг алоқаси йўқ.

17 ноябрь куни Бош прокуратура томонидан интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларда тарқалган бу аудиоёзувдаги овознинг Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга мансублиги, қачон, қаерда ва қандай ҳолатларда юз берганлиги ҳамда бошқа ҳолатлар ўрганилаётгани ҳақида хабар берилди.

Маълумот учун, Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг сўзлари ёзиб олинган тўлиқ форматдаги аудиоёзувлар Kun.uz таҳририятида мавжуд бўлиб, белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун Бош прокуратурага тақдим этилиши мумкин.