12 ноябрь куни Сурхондарё вилояти ҳокимлигида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 17—18 октябрь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи мобайнида Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги ҳарбий қисмларда ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-маърифий дунёқарашини янада шакллантириш масалалари бўйича топшириғи ижросини таъминлаш бўйича ишчи йиғилиш ўтказилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти «Дарё»га маълум қилди.
Йиғилишда вилоят ҳокимлиги масъул ходимлари, ҳарбий қисм командирлари ва уларнинг ўринбосарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши вилоят бўлими аъзолари иштирок этди.
Сурхондарё вилоятидаги Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги ҳарбий қисмларда хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-маърифий дунёқарашини янада шакллантириш, Сурхон воҳасининг ўзига хос қадриятларини уларга ўргатиш, шунингдек, Термизийнинг ҳаёт йўли, унинг ижод намуналари ҳамда инсон маънавий юксалишида ўгитлари ва фалсафасини, Алпомиш руҳияти ва у томонидан жамиятни ривожлантиришда олиб борилган ишларнинг мазмун-моҳиятини, воҳанинг миллий қадриятига хос бўлган бахшичилик санъатининг аҳамиятини ҳарбий хизматчиларга ўргатиш масалалари юзасидан йиғилиш иштирокчиларининг фикр-мулоҳазалари тингланди.
Йиғилишда сўзга чиққанлар вилоятида ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишларини янада кучайтириш, ҳарбий хизматчиларнинг этномаданий қадриятлар асосида маънавий савиясини оширишга доир комплекс чора-тадбирлар дастури ижросини таъминлаш бўйича зарур тавсияларни бердилар.
Сурхондарё вилоятида ҳарбий хизматчилар ва ёшлар иштирокидаги маданий, маънавий ва маърифий тадбирлар ҳарбий қисмларда, вилоятнинг тарихий қадамжолари ва музейларига экскурсиялар уюштириш орқали ҳамда бахшичилик ва чавандозликни тарғиб қилган ҳолда жадаллик билан олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)