Австралиялик боксчи Дуайт Ричи спарринг вақти қабул қилиб олинган зарба натижасида вафот этди, деб хабар бермоқда BoxingScene.
Таъкидланишича, 27 ёшли спортчи жамоадоши Майкл Зерафа билан спарринг ўтказган. Қорин қисмига қабул қилинган зарбадан сўнг Ричи жангни тўхташни сўраган ва дарҳол ҳушини йўқотган. Воқеа жойига етиб келган шифокорлар эса унинг ҳаётини сақлаб қола олмаган.
Қайд этиш жоиз, Дуайт икки бора оққон касаллиги устидан ғалаба қозониб, ҳаётга қайтган. У проф рингдаги сўнгги жангида россиялик машҳур боксчи Константин Цзюнинг ўғли Тим Цзюга очколар ҳисобига мағлуб бўлганди.
Ричи проф рингда шу кунга қадар жами 19 та ғалабага эришиб, 2 та жангда мағлуб бўлганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ россиялик профессионал боксчи Максим Дадашев жанг вақтида қабул қилинган зарба натижасида, WBO Latino камарининг собиқ соҳиби Леонардо Хавьер Гонсалес эса ЙТҲга учраб вафот этганди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!