Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида яшовчи Соҳиб Камолов (исм-фамилия ўзгартирилди) чет элга чиқмоқчи бўлди. Бироқ фуқаролик ишлари бўйича Сариосиё туманлараро судининг 2016 йил 21 сентябрдаги буйруғига асосан ундан собиқ турмуш ўртоғи фойдасига вояга етмаган икки нафар фарзандининг моддий таъминоти учун иш ҳақи ва бошқа даромадларидан тегишли миқдорда алимент ундириш белгиланганди, деб хабар бермоқда «ЎзА».
Мажбурий ижро бюросининг Сариосиё тумани бўлими томонидан ижро ҳаракатлари олиб борилиб, алимент қарздорлигини ундириш мақсадида Соҳиб Камоловнинг четга чиқиш ҳуқуқи вақтинча чеклаб қўйилган эди.
Соҳиб Камолов хорижга чиқиш учун фарзандларининг вояга етгунга қадар бўлган маблағи, яъни 156 миллион 662 минг сўм пулни олдиндан тўлаб берди.
«Бу билан С.Камолов суд буйруғини бажариб, фарзандларининг вояга етгунича бўлган алимент пулини тўлаб берди. Истаган вақтида мамлакатдан хорижга чиқиш ҳуқуқини ҳам тиклаб олди. Бюронинг туман бўлими масъул ходимлари фарзандларини олдиндан моддий таъминлаган отанинг хориж сафарига оқ йўл тилади», – дейди Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилояти бошқармаси катта инспектори Қ.Турсунов.
Изоҳ (0)